“Қисаси Рабғузий” асари: Мусо алайҳиссалом(давоми)

0
354
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асарнинг  навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз

Яна ёнинда (Мусо ёнида) қолганлар ҳақида

Ўттиз тун ўтгач, бани Исроил аҳли яна  Мусо ҳузурига келдилар. Қаттиқ оҳ-воҳ ила гапирдилар. «Бизни бир ёнга элтгин ёки бизга ижозат бер, кетайлик. Сен қаерга борсанг  бораверамиз». Мусо тонг билан қўзғалди. Кечгача йўл юрдилар. Манзилга етдик деб ўйладилар. Қарашса тонг билан йўлга тушган ерга келибдилар. Ёнидаги озиқ-овқатлари тугади. Йилқи қораларини едилар. Ҳеч нарса қолмасдан ожиз қолдилар.

Яна Мусога ёлвордилар. «Барчаси масъиятингиз шумлигидандир, деди Мусо ва яна дуо қилди: Оллоҳим, барча сенинг қулларингдир, улар нодонлик қилдилр. Буларни ҳалок қилсанг, Яъқуб ялавоч уруғидан сенга сажда қилувчи қолмайди. Эй, Оллоҳ ўз фазлинг билан бизга ризқ бер», дея дуо қилди.

Манна вас салво дея каромат қилди Оллоҳ Таоло. Манна янтоқ шакари, салво беданага ўхшаш қуш. Уларни ризқ қилиб берди. Бани Исроил уларни еб чанқадилар. Ваҳий келди: » Таёғингни тошга ур», таёғини тошга урганида ўн икки булоқ қайнаб чиқди. Ҳар бир қабила ўзининг сув ичадиган жойига эга бўлди. Бир йил ушбу маконда яшадилар. Совуқ тунда чодир ва кийимлари  жонга ором берарди. Кундузи кун иссиғи куйдирарди, чидай олмасдилар. Яна Мусога  ёлвордилар. Мусо Оллоҳга мурожаат қилди, дуо ўқиди. Оллоҳ булутларни уларнинг устига соябон қилди. Тўйгунча қуш эти, шакар едилар. Улардан бири худонинг ризқ беришига ишонмай эртанги кун учун гўштдан бир бўлак олиб қўйди. Тунда у гўшт сасиди. Айтишларича, Одам Атодан Мусо  пайғамбаргача кечаси қолган овқат сасимасди. Агар бани Исроил бўлмаганида эди таом пиширилмасди. Бани Исроил айтди: «Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга ерда униб ўсадиган сабзавотлардан бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаш ўсимликлардан ундириб берсин» — дейишганида, у яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизми, қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсангиз турибдику деди. Ношукрликлари сабабли уларга хорлик  ва мискинлик ёзиб қўйилди. Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар.  Бутга сиғиниб, Оллоҳ оятларини инкор қилганлар. Айтмишлар шу қирқ йил ичида тирноқлари ўсмади, сочлари тароққа эҳтиёж сезмади, тўнлари эскирмади, кир бўлса ўтга тутардилар, кирлари куяр, тўнлари куймасди. Қирқ йил даштда яшадилар. Аммо у сўз «Балъам боъур» дуоси бирла қолди. Улар шукрона билдирмасликларидан даштда қолдилар.

Фойда: у даштда Мусо дуоси билан гўзал тўнлар кийдилар, яхши неъматлар едилар. Биз Муҳаммад дуоси ила жаннат мевасини еб Мавло дийдорига муяссар бўлсак деган умиддамиз.

Давоми бор.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.