“Қисаси Рабғузий” асари: Мусо алайҳиссалом(давоми)

0
817
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асарнинг  навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз

Таврот қиссаси

Бани Исроил (Исроил Яъқуб пайғамбарнинг номларидан бири) Исроил болалари дейилганда яхудийлар тушунилади. Уларнинг ким эканликлари ва топажак оқибатлари ҳақидаги батафсил ҳикоялар Бақара ва Ол-и Имрон сураларидаги оятларда нозил этилган. Туянинг гўшти билан сутидан бошқа нарса бани Исроил қавмига ҳалол эди. Бақара ва Ол-и Имрон сураларининг учдан бир қисми Таврот ва Инжилга имон келтирганлар, хусусан, яхудийлар ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

Бу сура нега Бақара, яъни сигир сураси деб аталган? Қадимда бани Исроил қавмида бўлган бири киши ўлдирилади. Аммо унинг қотилини топа олмайдилар. Шунда Оллоҳ Таоло Мусо алайҳиссаломга қавминггга айтгин, бир сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар, деб буюради.  Оллоҳни буйруғини бажо қилганларида, ҳалиги ўликка жон кириб, қотилини кимлигини айтади. Бунга яъни адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига сабаб уларнинг бизга саноқли кунлардагина дўзах ўти тегади дейишларида ўзлари тўқиган бу ёлғонлари  уларни ўз динидан адаштиради. Яхудийлар бизнинг фақат аждодларимиз бузоққа сиғинган, қирқ кун муддатдагина дўзахда бўламиз, кейин эса албатта жаннатга кирамиз деб даъво қиладилар.  (Р.З; Н.С.)

Бани Исроил қавми айтдилар: “Эй Мусо, бизга Мавло китоб юборади деб ваъда қилган эдинг, энди дуо қил китоб юборсин”.

Мусо Тур тоғига келди. Муножаат қилди: “Оллоҳим, нима тилашимни ўзинг биласан”.

Мавло Таоло “Таврот” китобини Мусога юборди. У минг сурали оят бўлиб, ўн лавҳ узра битилган эди. Айтишларича лавҳ яшил, қимматбаҳо ташдан эди. Қизил ёқутдан бўлган қаламнинг унини Мусо эшитар эди. Таврот Мусо ёнида битилди.

Ваҳий келди: “Кўтаргил”. Мусо кўтара олмади. Мавло Таоло фаришталарини юборди. Кўтара билмадилар. Ҳар бир оят учун бир фаришта келди. Кўтара олишмади. Ҳар бир ҳарф сари бир фаришта юборди. Кўтара олишмади. Мусога яна ваҳий келди: “Куч-қувват ва қудрат фақат Оллоҳнинг ёрдами билан бўлади” деган калимани ўргатди. Мусо ушбу калимани айтиб, бир ўзи Тавротни кўтарди. Қавмига келтирди. Бани Исроил каттаю кичиги, эркаку хотин етти тун- кун китобни ўқидилар.

Сўнгра Мусо келиб, уни бошқа ерга олди. Айтди: “Тангри Таоло бу китобни сизга юборди. Ибрийча ёзилган бу китобда етти минг фармон, буйруқ бор. Тоат ибодатга етти минг йўл ўргатилган. Масъиятга етти минг ўгит бор. Етти минг эзгулик, эҳсон бор”. Бани Исроил бу гапни эшитиб деди: “Буларни ким сақлай билади? Буни кўтаргандан кўра бизга сигир-бузоққа топинганимиз яхшироқ”. Мусо жавоб қилди: “Сиз қандай кишиларсиз? Ўзларингиз илтимос қилдингиз, Оллоҳ Таоло вожиб қилди. Яна инкор қиларсиз?”

Мусо Оллоҳга илтижо қилиб, дуо қилди: “Оллоҳим, мен булардан илтимос қилдим, бироқ гапимга қулоқ солмаслар. Янги нарсани қўлга киритгач яна сўзидан қайтаверадилар”

Мусо қўшини ўн икки йиғочлик ерга тушган эди. Жаброилга фармон бўлди. Фаластин тоғларидан ўшанча қўшинни босадиган тоғнинг тубидан қўпориб уларнинг боши узра кўтарди. Бани Исроил қавми устида Тур тоғларини соябондек кўтариб турди. Агар бизнинг буйруқларимизга итоат қилмасангиз, устингизга ташлаб юборамиз. Мусо айтди: “Одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўладиган китоб ато этсин дедингиз, Оллоҳга илтижо қилдим. Илтижомизни вожиб қилди. Энди уни қабул қилинг. Агар тонсангиз бу тоғ бизни янчар”. Унамадилар. Ишонмадилар. Тоғ энди, бошларигача келди. Уч кишини босди. Юзи билан тубан тушдилар. Сўлғин яноқларини ерга қўйиб, сўлиқ кўзлари билан тоққа боқдилар. Тош янада энди.  Яноқларигача келди. Улар қабул қилдилар. Жуҳудлар айтарлар: “Оталаримиз ана шундай қилиб, балодан қутулиб, намоз ўқийдиган бўлдилар”.

Асарнинг биринчи қисми тугади. Китобнинг хотимасида айтилганидек, асарни ёзганни ҳам,  уни кўпайтирганни ҳам, ўқиганни ҳам  Оллоҳ ўз нури ила чўлғасин! Охиратини обод қилсин!

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.