“Қисаси Рабғузий” асари: Мусо алайҳиссалом

0
432
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асарнинг  навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

…Уларга айтди: йўл беринг, Абул Валидга кириб айтар сўзим бор.Улар кулишдилар. Абул Валид ким бўлади? Билмаймиз. Бу сарой бизнинг тангримизники деб Мусони тиламчи деб билдилар. Йўл бермадилар. Мусо айтди: сиз йўл берманг, барибир мен кираман.

Мусони урмоққа ҳозирландилар. У таёғини кўтарди. Шаҳар дарвозасини урди. У очилди. Қирқ дарвозабоннинг ҳуши бошидан учди. Айтмишлар Фиръавн дарвозаси олдида катта майдон бор эди. Ҳар бир майдоннинг бошида зангилар, ҳабашийлар, дайламийлар соқчи эди. Майдон бошида арслонлар, барслар, фил, ит, тўнғизлар ётарди. Уларни бошқарадиган киши бўлмаса ичкарига киролмас эдилар. Мусо майдон бошига келганида бўрилар қўрқдилар, қочиб фиръавн эшигига бордилар. Фиръавн уларни кўриб қаттиқ қўрқди, дарвозани занжирлатди. Мусо дарвозага келиб, таёқ билан халқани урди. Ундан чиққан садога фиръавннинг соқоли оқарди. Дарвозадан кириб Мусо таёқни ерга ташлади. У баҳайбат аждарҳога айланди. Бошини кўтарса оғзидан ўт чиқарди. У фиръавнга ҳамла қилганида қўрқиб тахтдан йиқилди. Оёқи юқори бўлди. Қуллари Мусони ургани талпиндилар. Мусо қўлини қўйнидан чиқарди. У кундек ярақлар эди. Барчанинг кўзлари хира бўлди. Фиръавн тўнини судраб қочди. У  оқсоқ эди. Бу кунгача ҳеч ким билмас эди. У сув юзига тахтини ўрнатган эди. Айтишларича, у қўрққанидан ёзилиб, тўнларини булғади.  У билан бирга қуллар ҳам қочдилар. Мусо Ҳорун билан фиръавн эшигига бордилар. Фиръавнга кирса сўради:

— Кимсан?

— Иккимиз тангрининг ялавочларимиз.

— Нимага келдинглар?

— Бани Исроилни биз билан юборгин.

Муфассирларнинг ёзишича,  асли аждодлари Шомдан бўлган  бани Исроил қавмининг Мисрга келишиб, уй-жойли ва бола- чақали бўлиб қолиб кетадилар. Давлат тепасига фиръавн келгач, уларни қул қилиб ишлатади. Бунда Мусо уларни она ватанига Шомга олиб кетмоқчи бўлади. Уларнинг Мисрга ўрнашиб қолишига сабаб, Юсуф алайҳиссалом даврида Яъқуб пайғамбар авлодлари Мисрга келишиб, шу ерда ўрнашиб қолиб кетишган эди.

Фиръавн Мусодан қўрқди, ва сўради:

— Сени билмаймиз?

— Узоқ йиллар сен билан бирга эдим, қандай танимаяпсан?

Фиръавн таниди. Дарҳол оғиб:

—Биз сени болалик чоғингда ўз орамизда яъни саройимизда тарбият қилмаганмидик? Сен умрингнинг бир қанча йилларида бизнинг орамизда турган эдинг-ку (Қуръони Каримнинг Шуаро сураси, 19-оят).

Бу оятни шундай тушунмоқ зарур. Эй, фиръавн, сен мени болалигимдан тарбиялаб ўстирганингни менга миннат қилмоқдасан. Аслида нима сабабдан мен сенинг саройингга келиб қолдим. Сен бани Исроил қавмини қул қилиб, уларнинг барча ўғил болаларини ўлдираётганинг учун онам мени ўлимдан қутулиб қолармикан дея умид қилиб, сандиққа солиб дарёга оқизганида сени хотининг мени дарёдан тутиб олган эди-ку. Агар сен бани Исроил қавмига бундай зулму ситамлар қилмаганингда мен ҳам ўз ота-онамбағрида  тарбияланган бўлар эдимку. Ана ўша қилмишингни неъмат деб аташга уялмайсанми? Бу оят ўзга юртларни босиб ўзига қарам қилиб олган, сўнгра “биз сизларни тарбиялаб одам қилганмиз” деб даъво қиладиган барча мустамлакачиларга берилган жавобдир. (Р.З.;Н.С.)

Фиръавн айтди:—Кейин нонкўрлардан бўлиб, қилган қилмишингни қилган эдинг. Яъни бир кибтийни ўлдириб, қочиб кетган эдинг-ку.

—Ўшанда мен бу ишни билмаган ҳолда қилган эдим, сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим.  Кейин менга парвардигорим ҳикмат — илм ҳадя этди. Мени мурсал пайғамбарлардан қилди. Сен ҳам имон келтир, кофирликни қўй.

— Биласан,  тангри менман. Еру кўкни мен яратдим. Барча халойиқ менинг қулим.

— Сени битта чивинни яратишга қувватинг йўқ, яна тангриман дейсан. Энди товба қил, Оллоҳ ёрлиқади, кечиради, яна тўрт йил умр берар, мулкингни орттирар, яна жаннатга киритади.

Фиръавн бу сўзни эшитиб, кўнглига хуш келди.

— Эй Мусо, қўлдошларим билан кенгашайин, барчамиз биргаликда имон келтиргаймиз.

— Бани Исроил халқи бу сўзга қувонишди. Фиръавн барча бекларини чақирди, кенгашди, имон келтиришга майл қилди, фақат уларнинг бири  Ҳомон қўшилмади:

— Сен хато қиляпсан. Кўп йиллар тангриман дединг, бугун қуллик қиляпсанми, мол-дунё, қўшинларинг бор, недан қўрқарсан, у қочоқни тутиб, элдан қувишга кучинг етмайдими? Сарбозларингга айт. Дарҳол уни  ҳалок қилсинлар. Ким унга қайишса, у билан жангга кирамиз.

— Ундаги икки нарсадан қўрқарман. Бири қўлидаги таёқ , ерга ташласа баҳайбат аждарҳога айланади. Яна бири қуёшдек ярқировчи қўли. Унинг ёруғлиги кўзларни хира қилур, назари тушган киши қимирлай олмас. Уларни нима қиламиз?

— Булар сеҳру-жодугарликдир. У биздан кетгач, жодугарликни ўрганган. Бизда ҳам жоду илми билан машҳурлар бор. Уларни чорлаймиз, улар беллашадилар. Мусо улуғ билимли жодугардир.

Фиръавн мамлакатдаги жами жодугарларни йиғди. Йигирма беш минг сеҳргар йиғилди. Уларнинг ҳар бири ғолибликни даъвогари эди.

— Мусо жодулик билан элингизни тортиб олиб, ундан сизни ҳайдамоқ истар. Сиз не дерсиз? —сўради фиръавн. Сеҳргарлар 70 минг мўъжиза билан шуғулланар эдилар. Уларнинг энг машҳурлари — Собур, Ҳобур, Ҳатҳат, Баҳсафи эди. Фиръвн улар билан кенгашди.

— Катта илмли сеҳргар келди. Таёқини ерга ташласа аждаҳога айланади. Бу сеҳргарликнинг сири осондир. Биз уни енгсак, ҳақ берармисан, сўради улар.

— Не тиласангиз, берайин, албатта сизлар, менга яқин одам бўлиб қоласизлар.

Мусо келди. Фиръавнни яна имонли бўлишга даъват этди. Фиръавн айтди: Биз ҳам мамлакат сеҳргарларини йиғдик. Беллашгин, кўрайлик.

— Биз жодугарлар эмасмиз, Тангрининг ялавочларимиз, тангрниинг фармони ила келганмиз. Имон келтиргин, бани Исроилни мусулмонларга бергин,- деди Мусо.

Ҳомон гапга қўшилди, фиръавн ўрнига жавоб берди: Мусо Ҳомонни сўзлатмади.

— Сенинг ҳузурингга келганимиз йўқ. Жавоб фиръавндан.

Ҳомон фиръавнга ўргата бошлади: — Сўра кимга элчи бўлиб келибди?

Фиръавн сўради, Мусо жавоб қилди:—Мен сенга Тангридан фармон келтирдим.

— Мен ўз мамлакатимнинг тангрисиман.

— Сен тангри эмассан. Оддий одамийсан. Сени ва мени Тангримиз битта — ёлғиз Оллоҳдир, у ҳамма нарсанинг яратувчиси, у тўғри йўлни кўрсатади.

Улар Наврўз куни йиғилишга келишдилар. Кенг майдон танладилар. Минора бунёд этдилар, тахт ўрнатдилар. Фиръавн ва Ҳомон у ерда ўтирдилар. Фиръавннинг боши узра қубба ҳам қурдирдилар. Унинг катталиги қирқ қари (1 қари—қўл учидан тирсаккача бўлган ўлчов бирлиги) эди.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.