Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор бир обидасига қиёс этгулик! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган.
Қадимий туркий тилда ёзилган икки жилдли ушбу дурдона асарнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева амалга оширган.
Бебаҳо асарнинг навбатдаги қисмида Солиҳ алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти билан таништирилади.
Солиҳ пайғамбар ва унинг беоқибат Сомуд қавми ҳақида Қуръони Каримнинг “Ал-ҳааққа”, “Ваш-шамс”, “Вал-фажр” “Ҳижр”, “Буруж” сураларида тилга олинган.(R.Z;Н.С.)
Сомуд қавми Ҳижознинг Водийилқуро номли жойда яшаб ўтган эди. Аллоҳ таоло уларга Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборган. Улар бўлса Солиҳ Ялавочни тан олмаганлар, эзгулик ила қилган даъватларига эргашмаганлар, уни ёлғончига чиқарганлар. Оқибатда Аллоҳ уларни даҳшатли ҳайқириқ – момоқалдироқ ва ҳаддан ошувчи чақмоқ билан ҳалок қилган.
Ақл ануб келгил, эшит, Солиҳ яловоч қиссасин,
Булгулик бошдин оёқға айтайин мен жумласин.
Ҳақ рисолат берди эрса туз тегурди қавмига,
Юриди тун, кундузин олди Сомуднинг зумрасин.
Қилди имон даъватини, қўлдилар бир мўъжиза,
Қўлди Ҳақдин, чиқди инган ёрди тоғнинг саҳросин.
Бўта туғди, барча тузин ани тингла кўрдилар,
Кун кезиклаб сув улашди ичди кэнду ҳиссасин.
Тонгдилар Ҳақдин қамуғи, қилдилар кўп маъсият,
Уқмадин Солиҳ сўзин ҳам ушбу инган қиссасин.
Келди югириб икки бўзчи, бир азоқни кесдилар,
Бўтаси инграб қайтди остилар уч саҳбасин.
Уч кун ичра бўлдилар сариғ, қизил ҳам қап-қаро,
Қудрати бирла уғон қодир емурди барчасин.
Солиҳ ибн Убай ибн Асаф ибн Фосиҳ ибн Ҳом ибн Сомуд ибн Од ибн Эрам ибн Сом ибн Нуҳ алаҳиссалом. Юқоридаги Солиҳ ялавоч аждодларига этибор берилса, Од ва Сомуд, яъни икки малик тилга олинади. Аслида улар Сом ибн Нуҳ авлодлари эдилар. Ҳут қавми Однинг аввали, Самуд қавми Однинг охиридир. Айтадиларки, тўфондан Нуҳ пайғамбарнинг уч ўғли – Сом, Хом ва Яфас омон қолади. Нуҳ пайғамбар жаҳоннинг ўртасини Сомга, Мағрибни Хомга Машриқни Ясафга беради.
Айтишларича туркийлар Яфас уруғидан, бошқалари Сом уруғидандир. Улардан кўплаб ўғлонлар пайдо бўлди. Од ва Сомуд авлодларини уларнинг қабиласи атадилар. Сомуд қавми ҳам Од қавмидек гўзал ва савлатли одамлар бўлишган. Улар тоғу тошларни йўниб, баланд-баланд қасрлар қуриб, унда истиқомат қилишган. Етти қат ер қаъридан сизиб чиққан биллурдек булоқ сувидан ичиб, ўзлари ясаган бутсанамларга сиғиниб яшардилар. Уларнинг қавмидан бўлган Солиҳ ялавоч болалигидан санамларга сиғинмасди. Ҳали ёш, улғайса ақли кириб қолади, деб ўйлашарди катталар. Сомуд Маккаага ихлос қўйган эди. Маккада Муолия ибн Бакр малик бўлиб, уч юз минг қўшини бор эди. Сомуд қавми ҳам уларга ҳавас қилиб, Ҳанда ибн Умарни ўзларига малик тутдилар. У малик бўлгач, қавмига баландлиги икки юз қари, эни юз қари улуғвор соф қизил олтиндан, кўзлари ёқутдан бут ясаттирди. У бири одамий, бири арслон, бири қуш, бири от — тўрт юзли эди. Унга уйғун мустаҳкам уд дарахтидан олтину гавҳарлар билан безаттириб, тахт ясаттирди. Тахтнинг тўрт оёғи бўлиб, у тўрт хил қимматбаҳо жавоҳирлардан иборат эди. Ҳанда ибн Умар тахтга ўтириб, ўзи ясатган бутга сажда қилди ва барча халойиқни сажда қилишга даъват этди. Сомуд қавми сажда қилаётганда, у бир бутнинг ичига кириб “мен сиздан хушнудман” деди, барча хурсанд бўлди. Маросим тугагандан кейин бири “бизни бутимиз ўзимизга ўхшаш одамий сувратли эди. У эса бошқача” деди.
Сомуд қавми гап талашиб қолишди. Баҳс жанжалга айланди, жанггача бориб этди. Етмиш минг одам ўлди. Буни эшитган Ҳанда ибн Умар жанг майдонига келди. Оламон деди: “Бу бут бизга маъқул эмас. Қавмимизга қирон келтирди. Бошқасини ясаймиз”
Тоғнинг оппоқ тошларидан келтириб, узунлиги қирқ, эни саккиз қари бут ясадилар ва тахтга ўтказдилар. Унга Қосур ибн Убайдо деган исмли кишини ходим этиб тайинладилар. У қирқ йил бутхонада хизмат қилди. Бир куни иблис фаришталарнинг суҳбатини яширинча тинглаб, Қосурдан Солиҳ исмли пайғамбар дунёга келиши ҳақидаги башоратни эшитди. Барча халойиқ бутхонага йиғилганида Иблис бутнинг ичига кириб, шумлигини қилиб деди: “Эй халойиқ, Қосур мени хизматимга ярамайди, уни зиндонга солинг”.
Қосур шундай қилиб қирқ йил зиндонда ётди. Бир кун Жаброил фариштага фармон бўлди. У Қосурни зиндондан озод қилди. Бутхонадан кўнгли қолган Қосур тоққа чиқиб кетди. Чарчаб бир ғорда ухлаб қолди. Қирқ йил ухлади. Унга бир фаришта қўриқчи бўлди. Қосурнинг Заум исмли гўзал хотини бор эди. Уни Сохур отли ҳам дейдилар. У дунё ташвишларидан сиқилиб, телбанамо бўлиб қолади ва эрини чорлагани чорлаган эди. Жуда кўркли бу аёлга халойиқ тегинмади, раҳм қилди. Бир куни қарқақуш келиб: “Эй, Заум, Қосурни кўргинг келса, изимдан юр”,- деди. Заум унинг кетидан борди. Унгурга келдилар. Қуш айтди:”Эрингни чақиргил”. Заум нола қилиб, эрини йўқлади. Унгур ёрилди. У Қосурни кўрди: “Эй, Қосур, шу ерда экансан, нега келмадинг? Бир юз йигирма йилдан буён сенга интизорман, хору зорман,”- деди Заум. У зиндондан қутилиб, бир кечагина шу ерда ётганини айтди. Улар қайта қовушдилар. Заум Солиҳ пайғамбарга юкли бўлди. У пайтда Қосур ўлди. Заум унгирдан чиқди. Ғор яна ёпилди. Қуш айтди: “Агар боланг кимдан дейишса бу ерга келтирасан”. Заум сўради:“Сен қандай қушсан?”
– Қузғунман,– жавоб қилди у.
– Бошинг нега оқ?
– Қобил Хобилни ўлдиришига мен сабаб бўлдим. Мавло таоло жазосидан қўрқиб бошим оқарди.
– Нега тумшуғинг сариқ?
– Жаннатдаги заъфарондан едим.
– Оёқларинг нега яшил?
– Минг йил тубо дарахтида қўним турдим.
– Қорнинг нега қора?
– Бир кун жаҳаннам устидан учиб ўтдим, ўт иссиғи куйдирди.
Қуш яна кўринмай қолди. Заур уйига келди. Вақти соати етиб муҳаррам ойининг душанба куни кечаси Солиҳ пайғамбар дунёга келди. Она уни ўраб, маликка олиб борди ва воқеани айтиб берди. Малик уни тинглаб ўтирди, ишонмади ва улар унгурга боришди. Заум қаттиқ нола ила Қосурни чақирди. Оллоҳнинг қудрати ила унгур очилди. Оллоҳ таоло Қосурни турғизди. У айтди: “Эй, Ханда ушбу менинг ўғлим”. Яна ўлди, қуруқ суяк бўлди. “Мен ўз кўзим билан кўрдим, ишондим. Бироқ одамлар ишонмайдилар. Сен болани менинг эшигимга қўйгил. Асрамоққа даъват этиб, одамларни йиғаман. Сен уни оласан”,– дея ўргатди.
Заум гўдакни одамлар кўзи олдида асраб олгандек бўлди. Солиҳ ялавоч соғлом ўсиб-улғайди, 12 ёшида басавлат, кўркли бўлиб кўзга ташланди. У онасининг қўйларини боқар эди. Маккадан Муовия ибн Бакр уч минг отлик лашкари билан келиб, Ҳижозни қамал қилди. Унга қарши курашда Солиҳ ҳам қатнашди. Жасорати ила шуҳрат топди. Аслида унга Жаброил, Азроил ва Мекоил фаришталар ёрдамга келдилар. Душманларнинг отлиқ лашкарларининг бари жангда ўлдилар. Малик Солиҳ ялавочни жасорати учун отга миндириб, тўн кийгизди. Бошидаги олтин тожни ҳадя этди. Оламда илк тўн кийгизган Ханда ибн Умар эди. Тўн кийдириш ана шундан кейин урф бўлди. Малик Солиҳга алоҳида эътибор кўрсатар, ҳамиша ёнида олиб юрар, энг яқин масалаҳатчисига айланган эди.
Бир куни ялавочнинг ёнига Жаброил алайҳиссалом кўркам сувратли йигит сийратида келди. Оллоҳнинг ёзмишини етказди. “Бор, маликка айт. Оллоҳ ягонадир, Солиҳ унинг пайғамбаридир” деди. Солиҳ малик ҳузурига келиб, одамлар қўли билан ясалган бутга сиғиниш гуноҳлигини етказди. “Оллоҳ биттадир. Солиҳ унинг элчисидир” деб айтди ва ёлғиз Оллоҳга эътиқод қўйишга даъват этди. Бироқ, малик унинг гапини эътиборга олмади: Мени иззат ва эътиборим, меҳрим эвазига сенинг яхшилигинг шуми, деди ва афсусланди. Солиҳ ялавоч тоққа чиқиб кетди. У ерда яна фаришталарни кўрди. “Эй Солиҳ, бу ерда бир уй бунёд эт”, дейишди улар. У ерда узунлиги уч юз, эни қирқ қари қасрни фаришталар ёрдамида бунёд этди. Атрофига дарахтлар экди. Бутоғлари кумушдан, ўзи олтиндан қандил тайёрлаб осишди. Унинг ёруғи ялавочни ғалабага ундарди. Эл мўъжизавий уй кўрди, барибир Солиҳ пайғамбарни тан олмади. Солиҳ кундузи халқни имонга даъват этар, кечқурун ушбу уйга келиб ором оларди. Атиги уч юз кишигина мусулмон бўлди. “Илоҳим, мен улардан умид уздим,”- деди Солиҳ пайғамбар ва руҳан тушди. Жаброил келди ва деди: “Эй Солиҳ, улар уч юз йилдирки, кофирлар, бир кунда бари мусулмон бўлолмаслар. Даъватни давом эттир”.
Солиҳ пайғамбар тоққа чиқиб, ибодат қилди. Бошини саждага қўйганида уйқу энди. Қирқ йил ухлади. Қирқ йилда мусулмонлар бир-бир ўлдилар. Мусулмонлардан ким ўлса, эшикка отини битиб қўяр эдилар. Яловоч уйқудан уйғонгач, бирор мусулмон қолмаганлигини англади. Даъват этишни давом эттирди. Бироқ, унинг сўзларига ишонмадилар, сўзининг исботи сифатида мўъжиза кўрсатишни сўрадилар: ”Ушбу тоғдан бир қизил тукли, тили қора, бўйни йўғон, елини етилган инган (урғочи туя) чиқариб бер, у зотдор бўлсин, сутидан эл тўйсин”. Солиҳ пайғамбар Оллоҳга ялборди, дуо қилди. Тош играна бошлади. Улар тилаганидек туя чиқиб келди.
Шунда Оллоҳ харсанг тошдан мўъжиза яратиб, бир болали туяни чиқариб берган. У бўталоғи билан ўтлай бошлади. Уни кўриб баъзилар имон келтирдилар. Тошдан сизиб чиқаётган сувни туя бўталоғи билан ичганида ҳалққа сув қолмади. Солиҳга айтдилар: Бу туя бизга керак эмас. Пайғамбарга Мавло таолодан ёрлиқ келди. Ўша ердаги сувни бир кун туя, бир кун бошқалар ичиши, қавм туяга озор бермаслиги амр қилинган эди. Туя уларнинг орасида ўттиз йил турди. Халқ сув ичмаган куни туянинг сутини ичишар, хумларни сутдан тўлдириб қўйишарди. Жониворнинг сути бир минг етти юз хонадоннинг барига етар эди. Фаровонликда яшар эдилар. Бироқ, уларнинг шукронаси йўқ эди. Баъзиларга қўй, сигир-у отларнинг туядан ҳуркиши ёқмас эди.
Яна бир ривоятда айтилишича, Солиҳ пайғамбар айтмиш: “Сизлардан қизил юзли, сариқ сочли, чақир кўзли фарзанд туғилса, у бияни ўлдиради. Буни эшитган халойиқ ана шу белгилар билан туғилган ўлғонларни қолдиришмас эдилар. Тўққиз гўдакни ўлдиришди. Бироқ, ўнинчини ўлдиришга ботинишмади, қавм каттасининг боласи эди. Уни Қазор деб атадилар. Отасининг оти Солиф эди. У йигирма ёшга кирганида пайғамбар қавмда ундан бадфеъл одам йўқлигини айтди.
Яна бир ривоятда айтилишича, улар тўққиз фосиқ киши бўлиб, бўзчи эдилар. Уларнинг каттаси Қозор ибн Солиф ва Мустаҳ ибн Даҳр эди. Абира ва Судуҳ исмли имонсиз хотинлар ҳам бор эди. Абира кампирнинг икки кўркли қизи бор эди. Қазор ва Даҳр гўзалларни яхши кўрар эдилар. Кечаси улар маишат учун келдилар. Таом пиширишни сўрадилар. Судуқ сув йўқлигини, бугун теванинг навбати эканлигини айтди. Абира эса кучимиз етса ушбу туяларни ўлдирар эдик. Бизда бир мард йўқ уни йўқотадиган дея шикоят қилди. Қазор ибн Солиф сўради. “Уни ўлдирсам, нима берарсан”. Судуқ айтди :” Мен ўзимни сенга бағишлагайман” дея юзини очди. У жуда кўркли эди. Абира Қазорнинг шериги Мустаҳга ўз қизларидан бирини беришни ваъда қилди. Қазор ибн Солифга хамос(сархуш қиладиган ичимлик) ичирдилар ва хуш таомлар билан сийладилар Иккаласи тевани пойладилар, ўлдирдилар. Тўрт томондан оломон томошага келди, осийларни гуноҳдан қайтаришмади. Туя гўштини бурда-бурда қилиб, бўлишиб олишди. Қазор бўталоғини ўлдирмоқчи бўлганида у тоққа қараб қочди, уч марта ун қилиб, онаси чиққан тошга кириб, ғойиб бўлди Тошга киришдан олдин уч марта нола қилганини айтиб оломон унинг сабабини ялавочдан сўрадилар.
Солиҳ ялавоч деди: “Уч марта ун қилиши уч аломатни билдиради. Уч кунда азоб келади. Азобнинг нишонаси -биринчи куни осийларнинг юзлари сарғаяди, иккинчи куни қизаради, учинчи куни қораяди ва азоб етилади”. Осийларга Солиҳ яловочнинг огоҳлантириши ёқмади ва уни ўлдиришга қасд қилишди. Бироқ мусулмонлар уни яшириб қўйишди. Имон келтирганлар Солиҳ яловоч билан бирга Фаластинга келдилар. Уч кун ўтгандан кейин тонг чоғида якшанба куни Жаброил фаришта қаттиқ ун тортди, ҳамма жонзотни ҳалок қилди.
Солиҳ ялавоч дунё кезишга Яратгандан изн олди. Айланиб бир жойга борди. Қараса ҳеч ким йўқ, бир киши намоз ўқияпти.”Бир пайтлар бу ер улуғвор шаҳар эди. Осий бўлишди. Қаттиқ кўнгилли имонсиз эдилар. Аллоҳ жазолади. Бир ўзим қолдим. Шукрона айтиб, намоз ўқияпман”-деди у
Солиҳ ялавоч у ердан кетди. Бир тоққа етди. Ёлғиз бир киши намоз ўқиётган экан. “Денгиз бўйида бир улуғвор шаҳарда яшардик. Осийлар кўпайди. Офат келди. Ялғиз ўзим тирик қолдим. Энди шукрона айтиб, намоз ўқияпман”-деди у ҳам. У ердан кетди. Денгиз бўйидаги шаҳарга етди. У ерда барча кофир бўлиб, фақат бир ака-ука мусулмон эди. Ялавоч шаҳарда даҳшатли сас эшитди. У дев бўлиб, ҳар куни бир одамнинг гўшти билан озиқланар экан. ”Уни ўлдирсам, менга нима берарсиз?-дебсўради халойиқдан. Мол-мулкнинг ярмини дейишди улар. Ялавоч дуо ўқиб, махлуқни ўлдирди. Халқ берган мол-мулкни олмади, ака-ука мусулмонларга армуғон этди. Имон – эътиқодга даъват этиб, йўлида давом этди. Бу ерда ҳам етмиш киши мусулмонликни қабул қилди.
Айтишларича, Жаброил фаришта қаттиқ ун қилганида осийларнинг оёғи остидан ўт чиқиб барини куйдирди. “Ҳақиқатда биз уларга бир нара юбордик ва улар молхонада ҳайвонлар оёғи остида қолган, янчилган хашакдек бўлиб қолдилар”. Дейилади Қурони каримда.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Ҳақ таоло ҳеч бир қавмни бир хил азоб билан йўқ қилмади. Солиҳ ялавоч ва Шуайб қавмини ўт билан ҳалок қилди. Солиҳ қавмига олов оёқлари остидан чиқди. Шуайб қавмига эса олов кўкдан келди. Ундан кейин Солиҳ ялавоч Шом вилоятига борди ва у ерда яшаб қолди.
Солиҳ ялавочдан кейин Иброҳим пайғамбаргача дунёга пайғамбар келмади. Рабғузийнинг ёзишича, пайғамбарлар орасида Ҳуд ва Солиҳ ялавочларгина нариги дунёга рихлатидан кейин ҳам ер юзида тирикдек яшаб қолдилар. Ривоятлардан бирида айтилишича, ялавоч вафотидан ўн саккиз йил ўтиб қайта тирилади, яна бир ривоятда эса қирқ йилдан кейин тирилиши айтилади.
Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳнинг амрини инкор қилиш улкан гуноҳ, наҳс ишлар содир этишнинг оқибати даҳшатли азоб билан якунланади. Ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар, бундан ибрат олиши шарт (R.Z;Н.С.).