“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
254
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асардаги Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Айтмишлар, Яъқуб ялавоч Мисрда вафот қилди. Уни Канъонга элтиб, ерга қўйдилар. Юсуф ҳам Мисрда вафот этиди. Уни Мисрга дафн қилдилар. Мусо ялавоч давригача у ерда эди. Мусо унинг суягини Канъонга элтиб, отаси ёнига қўйди.

Ҳадис: Муҳаммад Мустафо саллолоҳу алайҳи ва саллам ёрлиқар. Пайғамбарларнинг жасади ерга ҳаромдир, яъни бадани, суяги чиримайди. Аммо, ул кун Зулайҳо Юсуфни уйга киритиб, ўзига тортганида, Юсуф унга илтифот қилмади.

Зулайҳо айтди:

— Эй, Юсуф кўзларинг бунча гўзал чарақлайди?

Юсуф айтди:

— Бу кўзлар лаҳадда сўлғусидир, тупроқ бўлгусидир.

— Сочларинг тарам-тарам.

— Гўрда бир-бир тўкилар, —деди Юсуф.

— Тишларинг садафдек оппоқ.

— Лаҳадда бари тўкилар.

Юсуф Зулайҳонинг мендан кўнгли совисин деб, ушбу жавобни  айтарди. Мавло таоло Юсуф Сиддиқнинг сўзлари рост бўлсин деб этларини чиритди, сўнгакларини ушатди.

Юсуф пайғамбарнинг Зулайҳога  қовушгани ҳақида ҳикоя

Зулайҳо Райён малик билан Азиз ёнида Юсуфга туҳматни мен қилдим, дегандан кейин. Азиз       Зулайҳони уйдан ташқарига чиқармади. Бир неча вақтдан кейин Азиз Миср  вафот этди. Зулайҳо тул қолди. Ўн саккиз йил умид билан Юсуфни кутди. Миср улуғлари Зулайҳога совчи қўйдилар. У унамади. Кундан кунга Юсуф муҳаббатида дарди ортди. Юсуф фироқида зор-зор йиғлар эди. Барча мулкини Юсуф ишқида фидо қилди. Ким Юсуф отини этса, ундан хабар келтирса минг олтин берарди. Моли тугади. Яъқуб ялавоч Юсуф фироқида қандай азият чеккан бўлса у ҳам шундай азият чекарди. Ўн саккиз йил ана шундай  кечди.

Кунлардан бир кун Юсуф овга отланди. Зулайҳо уни эшитиб, жориясига айтди. Мени қўлимдан ушлаб ўтир деди. Юсуф ўтаётганда Зулайҳо таёқни уриб баланд овозда деди: Ҳамда сано у Оллоҳга бўлсунким, у қулни сабр барокатидан подшоҳ қилибдир ва подшоҳни шаҳват фалокатидан  қул қилибдир. Юсуф қўшин товушидан Зулайҳонинг оҳини эшитмади. Мавло таоло елга фармон берди. Зулайҳо оҳи Юсуфнинг қулоғига етди. У отнинг жиловини тортиб, тўхтатди. “Эй, Зулайхо”. Унинг овозини эшитиб Зулайҳо беҳуш бўлди.  Юсуф уни шу аҳволда кўриб йиғлади. Ўзига келди эса сўради:

— Кўркам жамолинг қани?

— Сени фироқингда йўқотдим.

— Ул молинг, давлатинг қани?

— Сени хабарингни келтирганларга фидо қилдим.

— Кўзинг нечун кўрмас бўлди?

— Сени фироқингда йиғлайвериб кўрмас бўлдим.

— Энди не тиларсан?

— Юзингни бир кўрмак тиларман.

— Уни уйимга олиб боринг. Мен келгандан кейин олиб келасиз.

Зулайҳони Юсуф саройига элтдилар. Юсуф келганида ҳузурига олиб кирдилар. Унда Яъқуб ялавоч тирик эди? Зулайҳонинг қиссасини эшитган эди. Зулайҳони чақириб ҳол-аҳвол сўради:

— Эй Зулайҳо, Юсуф муҳаббати ҳали ҳам дилингдами?

— Муҳаббат ўти аввалгидан ҳам кучлироқдир.

Юсуф қўлида қамчи бор эди. Зулайҳо айтди: Эй Юсуф, у қамчини менга тутгил.

Юсуф Зулайҳонинг оғзига тутди. У оҳ урди, оғзидан ўт чиқиб куйдирди.

Айтишларича, у қамчи олтиндан эди. Оғзидан ўт чиққанида у эриб оқди. Юсуф айтди: Сени кумушдан бутинг бор эди, уни не қилдинг?

— Бир кун у бутга бориб айтдим. Саксон йил бўлди. Сенга топинаман. Қаридим, кампир бўлдим. Бугун учта ҳожатимни раво қилғил дедим. Биринчидан навқиронлигимни қайтар. Иккинчидан аввалги кўркимни қайтар, учинчидан кўзимни нурафшон қилғил. Қанча мурожаат қилсам-да садо бўлмади. Аччиқландим, олиб ерга урдим. Пора-пора бўлди, ўтга ёқдим. Энди сенга келдим. Тўрт ҳажатим бор, тангри таолодан тилаб бергил. Қабул қилсанг айтайин. Юсуф рози бўлди: Не турур ҳожатинг, дея сўради.

— Биринчидан, аввалги ёшлигимни қайтарсин, иккинчидан, кўркимни қайтарсин, учинчидан, кўзимни нурафшон қилсин. Шу  уч ҳожатимни бажо келтирса тўртинчисини ҳам айтарман. Юсуф Яъқуб ялавочдан дуо тилади. Яъқуб ялавоч дуосидан қайтадан навқирон  ва гўзал бўлди, кўзи очилди. Зулайҳо дарров имон келтирди. Мусулмон бўлди. Юсуф сўради: Яна бир истагинг нима эди? Зулайҳо жавоб қилди: истагим шуки мени никоҳлаб олгин.

Юсуф аччиғланди. Уни ташқарига ҳайдади. Жаброил келди. Яъқубга салом берди ва айтди: “Эй Яъқуб, Мавло таоло ёрлиғи Юсуфга айтгил, қабул қилган ваъдасини бажарсин, никоҳлаб олсин”.

Юсуф қабул қилди. Тўй белгиланди. Никоҳ қилгали Жаброил келди. Ҳаво Момони Одам отамизга никоҳ қилишда Мавло таоло пок зот – Жаброилни йўллаган эди. Жаброил хутба ўқиди. Миср халқи қувонди. Яъқуб ялавоч Оллоҳга шукр қилди.

Айтишларича, Мавло таоло Зулайҳо кўнглидаги муҳаббатни Юсуф кўнглига ҳам солди. Зулайҳо Мавло таолога туну кун ибодат қила бошлади. Юсуф муҳаббатини унутди. Айтишларича, қачон Юсуф келса қочар эди. Юсуф айтди: “Эй Зулайҳо, ҳамиша мен сендан қочардим. Сен кетимдан югирардинг. Энди не бўлдиким, сен қочарсан, мен кетингдан югирарман”. Зулайҳо айтди: Тангрини латиф кўрдим, унга сиғиндим, унга исиндим. Энди ўзим ҳам латиф кўриндим. Яна унга сиғинаман.

Айтишларича, бир кун Юсуф Зулайҳога  йўналди, ушламоқ бўлди. Зулайҳо қочди. Юсуф унга етиб олиб этагидан тутди. Йиртилди. Зулайҳо айтди: Эй Юсуф бу кўйлак ўрнига кўйлак бўлди.

Ҳикоятда келишича, Боғдод халифаси Хорун-ар-Рашид бир йил Боғдод халқига  ош бериб, барчани сотиб олди, қуллик битигин берди. Бир кун отланиб, кенгликка чиқди. Жар солдирди. “Эй Бағдод халқи, кенгликка чиқинг. Яна хазинада қанча олтин, кумуш бўлса, барчасини хачирларга юклатиб чиқарди. Қуллуқ ҳужжат-битикларини келтирди. Жар солдирдиким,”Эй, Боғдод халқи ҳар бирингизни Мавло таоло розилиги учун озод қилдим. Шунингдек, саройимдагиларни ҳам озод қилдим.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.