“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
221
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асардаги Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Юсуфнинг жавобидан кейин улар умидини уздилар ва бир чеккага чиқиб маслаҳатлашдилар. Юсуф қариндошининг хусусиятини биларди.  Улар хафа бўлишса, туклари тикка туриб, тўнларидан тешиб чиқарди. Ундай пайтда элни йўқ қилмагунча тинмас эдилар. Ёқуб ялавоч уруғининг ўша пайтда елкасини силаса ғазаби босиларди. Юсуф Яхудонинг ўпкалаганини  кўргач, ёш йигитлардан бирига айтди: “Бор елкасини сийпала”. У сийпаласа ғазаби босилади. Яхудо қариндошларига айтди: “Яъқуб ялавоч уруғидан Мисрда ким бор?”.

– Эй, савдогарлар, куч-қувватнинг бари бизда ҳам бор. Ундан бошқа нарса йўқ деб ўйламайсанми, деб Яминни олиб кетди.

Яхудо айтди: Эй, қариндошлар, отамиз биздан тилхат олди. Оллоҳнинг олдида аҳд қилдик. Яминни саломат олиб қайтишга сўз бердик. Мен Канъонга бормайман, отам юзига қандай қарайман. Уч ишдан бири бўлмагунча қайтмасман: ё отам йўл-йўриқ бергай, ё Оллоҳ ҳукм қилгай, ё қариндошимни олиб боргайман. Барча ҳукмлардан Оллоҳнинг ҳукми азизроқ ва  тўғридир.

Қариндошлар юкларини  у шаҳарда омонот қўйиб, Мисрга келдилар. Уришиб инимизни олайлик, куч-қувватимиз етарли. Улар йиғочлардан кесдилар, собқон тошлардан йиғдилар. Юсуф уларга соқчилар қўйган эди. Хабар етказишди. Юсуф ҳам 40 минг сипоҳийларни йиғди. Райён маликка хабар бўлди. У ҳам жангга отланмоқчи бўлди. Юсуф унамади. “Бу ишни мен кифоят қилғайман” деди. Тонг билан ҳар бири бир дарвозадан кирдилар. Яхудо қаттиқ ун қилди. Миср халқи ҳушидан кетди. Юкли аёлларнинг болалари тушди. Шамъун яна бир дарвозадан кирди. Халқ уни кўриб қўрқиб қочди. Бир тош кўтариб, Юсуфнинг саройини урди, сарой қулади. Юсуф уларга ҳеч ким бас кела олмаслигини  тушунди. Иброҳим ялавоч дасторини уларга қарши қўйди. Уларнинг унлари чиқмади. Юсуф ёниб кирди. Барчасини тутдилар. Яхудо ун қилганида Райён малики қўрқиб, яшириниб олди. Юсуф уларни тутганлигини эшитганида Райён малик севиниб кетди. Миср эли йиғилди. Юсуф уларга айтди: “Оламда биз зўрмиз деб ўйлайсиз,  бунда ҳам ўғлонлар бор”.

Киши юбориб, уларнинг юкларини келтиртирди. Уларни уч кун уйда сақлади. Тўртинчи кун Райён маликка одам юбориб, уларнинг гуноҳидан ўтишни сўради: “Сизларнинг гуноҳингиздан ўтдим. Бошингизни олиб кетинг” деди. Яхудо айтди:”Мен бормайман. Отамга айтинг ўғлинг ўғрилик қилди деб. Тўққиз оға-ини Канъонга келдилар. Отасига барини айтдилар. Отаси икки ўғлини йўқотганидан хафа бўлди. “Аввал бирини ўлди дединг, бунисини ўғрилик қилди, дейсан. Менинг ўғлим ўғрилик қилмайди. Ёлғон айтарсиз”.

– Ишонмасангиз  савдогарлардан сўранг, —деди ўғиллари.

– Менга сабрдан ўзга чора йўқ, – деди отаси ва йиғлаб хат ёзди: Миср халқи маликига бу хат Иброҳим Халилуллоҳ набираси, Исҳоқ Забиҳуллоҳ ўғли, Ёқуб Исроилуллоҳдан фиръавн   оғуши Азизи Мисрга тегсин. Билингки, биз ялавочлар уруғимиз, оталаримиз балоларга мубтало бўлди. Отам Исҳоқ  ялавоч мавло ёрлиғи билан бўғизланди, отам Иброҳим ялавоч Намруд ёққан оловга отилди. Мен икки ўғил  қайғусидаман. Мен бир заиф, мунгли, кўзсиз, соч-соқоли оқарган қайғули кекса кишиман. Менга раҳм қилгин. Кўзимнинг ёруғи ўғлимни қайтар. Сенга эзгу дуо қилгайман. Кўнглимни оғритсанг, сеҳр ўқи билан ўғлингни, элингни, мулкингни  йўқ қилғайман.

Савол: Юсуф фиръавн қавмидан эмас эди.  Нега ундай деб ёзди.

Жавоб: Миср маликларининг бари Намруд уруғидан эдилар. Уларни фиръавн дердилар. Уни ҳам уларнинг уруғидан деб билди. Хатни Юсуф олгач, уч кун йиғлади ва жавоб битди: “Азиз Мисрдан Исҳоқ ялавоч ўғли, Ёқуб ялавочга  тегсин. Эй, заиф қария, отам бўғизланди, катта отам оловга ташланди, ўғлимни менга юборгил, агар юбормасанг, саҳарда дуоибанд  қилғайман дебсан. Жавобим шуки оталаринг қандай сабр қилган бўлса, сен ҳам шундай сабр қил. Оллоҳ таоло уларга қандай йўлларини очган бўлса, сенинг ҳам йўлингни очади. Зинҳор тонг саҳарда туриб, дуоибанд  қилишни ўйламагин. Оллоҳ таоло сенга қовуштиргай”.

Ёқуб ялавоч хатни  ўқиб айтди:” Бу битик кофирлар битиги эмас, бу пайғамбарлар битигидир”.

У пайтда Ёқуб   ялавочдан бошқа пайғамбарлар йўқ эди.  Бу ўғлим Юсуфнинг хати деб ишонди. Ўғил-қизни қарғаш яхши эмас, сабр қилайин,— деди.

Ёқуб тушида  Азройилни кўрди ва сўради: “Эй, малик ул-мавт, Юсуфимнинг жонини олдингми?”

– Юсуфинг тирик, Мавло таоло сенга қовуштиргай, – жавоб қилди Азроил. Ёқуб хурсанд бўлиб уйғонди.

– Эй, Оллоҳим, Юсуфнинг ҳоли қандай экан?—дея илтижо қилди. Жаброил деди: ”Оллоҳ таоло ўғлинг билан учраштиргай. Яъқуб ялавоч бошини саждага қўйди, шукрона айтди”.

Ўғилларини йиғди ва деди: ”Миср элига боринг, Юсуфни изланг”.

– Биз борамиз, Яминни олиб қайтамиз. Аммо, Юсуфни билмасмиз, –  деб жавоб қилдилар.

Нақл қилишларича, Ёқуб Юсуф учун қирқ йил йиғлади, баъзилар 80 йил йиғлаб, кўзлари кўр бўлди, дейдилар.

Савол: Одам Ата 300 йил йиғлади, кўзи оқармади. Ёқуб ялавочнинг 40 йилда кўзи кўр бўлди. Унда қандай ҳикмат бор?

Давоми бор.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.