“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
288
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асардаги Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Жавоб: Одам Ата Оллоҳга берган ваъдасини унутиб, буғдойни еди, гуноҳини кечишини сўраб йиғлади. Ёқуб тақдир учун эмас,  ўғли учун йиғлади, кўзи кўр бўлди. Айтишларича, Довуд ялавоч пасткашлик, хоинлик учун қирқ йил йиғлади. Атрофида кўз ёшидан қирқ қари сув йиғилди. Ундан дов-дарахтлар, кўкатлар унди. Довуднинг бўйидан баланд бўлди.

Ҳикоят. Бир кун  бир қуш учиб келиб, Довуднинг кўз ёшидан ичди. Жуда тотли экан, дея кетди. Довуд уни эшитиб яна қаттиқроқ йиғлади. Мавлодан хитоб келдиким, эй Довуд, нега йиғлаяпсан?

Айтди: “Илоҳим, мени ҳолимга қушлар ҳам куларлар”. Яна хитоб келди: “Эй Довуд, у қушлар ёлғон айтмади, дунёда осийларнинг кўз ёшидан тотлироқ ҳеч нарса яратмадим”.

Довуд уни эшитиб яна қаттиқроқ йиғлади. Ҳикоятда айтилишича, Шайх Зуннун Мисрий бир тунда уйининг томига чиқиб, тоат-ибодат қиларди. У анча йиғлади, кўз ёши  новадондан оқиб тушди.  Тарновдан сув оққанда бир киши ўтиб бораётган эди, тўнига томчи тушди. Айтди: “ Тарнов суви покизами?”

– Эй, ягона Оллоҳга сиғинувчи мўмин,  тўнингни ювғил, бу осий кўз ёши. Мақсадга ўтсам у ҳолда Жаброил  одам сувратида Ёқубга келди:

– Эй, Ёқуб кўзингни ким кўр қилди, сочингни ким оқартирди, ким букри қилди?

– Юсуф учун йиғладим, кўзим кўр бўлди, Ямин қайғуси белимни букди, Яхудо соғинчи юзимни сўлдирди, – деди Ёқуб.

 – Ёқуб сени Юсуф яратдими?

–  Йўқ, – деди Ёқуб.

– Унда Тангридан нега шикоят қилурсан?

Ёқуб билдики, сўзлаган Жаброил эди. У ўша дақиқада кўринмас бўлди.

– Эй, худойим, ушбу қамчингни олдинроқ урсанг умримни Юсуф фироқида йиғлаб ўтказмасдим.

Ёқубга ўғли-қизи айтар эди: “Худо хаққи сен Юсуфни доим эслайсан, ўзингни жуда қийнайсан ёки ҳалок бўлувчиларданмисан?”

– Ҳақиқат шуки, мен ўз бетоқатлигимни ва хафалигимни худогагина арз қиляпман.

РИВОЯТ:  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу айтишича, Ёқуб Оллоҳга ёлвориб, фараҳлик тилади. У дуо қилаётганида Азроил одам сувратида келди. Ёқуб ундан кимлигини сўраганида Азроил кимлигини айтди.

– Ё, Азроил, худо ҳаққи айтгил, ўғлим Юсуфни жонини олдингми?

– Йўқ. У тирик, бир кун севинасан. Оллоҳ таоло айтдики, тоат-ибодатларинг  бекор кетмас. Ҳатто, ўлган бўлганида, тирилтирар эдим. Ўғилларингни бир кун учратарсан.

Ёқуб буни эшитиб, ўғилларига айтди: “Мен биламанки, Юсуфни бўри емади, Ибн Ямин ўғрилик қилмади”.

Ўғиллари айтдилар: “Тириклигини, бир кун учрашишингни биларкансан, нега тинимсиз йиғлайверасан?”

– Тириклигини, бир кун учрашишимни билардим, қачон учрашишимни билмай соғиниб йиғлайман. Одам боласи ризқ келишини билади, лекин қачон келишини билмайди.

У яна ўғилларини чақирди: “Эй, ўғилларим, озиқ-овқат тамом бўлмасдан Юсуфни ва унинг укасини қидиринглар ва Оллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар, ҳақиқатда Оллоҳнинг  раҳматидан фақатгина кофирлар ноумид бўладилар”.

Ёқуб ялавочнинг ўғиллари йўлга чиқдилар.  Мисрга келишганида соқчилар Юсуфга хабар етказишди.  Юсуф ўн минг йигитини уларни қаршилашга жўнатди.  Яна юз минг йигит ўз ёнида эди.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.