“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
1494
марта кўрилган.

Зулайҳо у пайтда парда ичида ўтирар эди, парда ичидан соқийга ишорат қилди. Ва сўради: Мени Юсуф ҳеч ёмонладими? Соқий айтди: Сени ҳеч тилга олмади. Зулайҳо деди: “Эй, малик, шу пайтгача суйишим мажозий эди, энди ҳақиқат зоҳир бўлди. Ҳақиқатда у ростгўйлардандир. Мен уни ўзимга мойил қилмоқ учун ҳаракат қилганман, у  майл билдирмади. Эй, малик, у зиндонда бўлмаганда мен ўзимни ўлдирган бўлардим. Бугун аввалгидан ҳам ошиқроқман.” Зулайҳо ушбу уч тўғри фикрни айтиб ундан каромат топди.  Ёт эди яқин бўлди, хор эди азиз бўлди, қари эди навқирон бўлди.

Ҳикоят:

Зулайҳо Юсуфни зиндонга ташланганидан кейин, зиндонга бориб, зиндончига айтар эди. Юсуфни ургил, мен фарёдини эшитай. Фақат зиндончи Зулайҳо  сўзини суймай Юсуфга етказди. Зиндончи Зулайҳодан қўрқиб ерни қаттиқ урди. Юсуфга айтди: сен бир ун қил.

Зиндончининг шашти қайтмасин деб, фарёд қилди. Зулайҳо Юсуфни севар экан таёқлатмоқдан мақсад не эди? Ўзини кўрмасамда, овозини эшитиб, кўнглим тинчлансин, суюкликнинг оҳи ҳам  суюкли дермишлар.

Қиёмат куни мўъмин қулларга жаҳаннамни кўргазгайлар, мўмин қуллар Оллоҳ таолонинг дўстидир. Улар ҳам жаҳаннам азобидагиларни кўриб оҳ тортиб йиғлайдилар. Гуноҳкор бандаларимнинг гуноҳларини эслаб, мендан қўрқиб инграши ростгўй бандаларнинг бақириб қилган дуосидан менга маҳбуброқдир.

Соқий яна зиндонга келди. Зулайҳонинг сўзини Юсуфга айтди. Юсуф севинди. Айтди: Мақсадим Азиз Миср билсин-ки, у йўқлигида унга хиёнат қилмадим. Шуни ҳам билиб қўйсин-ки, Оллоҳ хоинларнинг макрларига йўл бермайди.

Абдуллоҳ ибн Аббос айтадиларки, Юсуф бу сўзни айтиб бўлди эса, Жаброил қаноти билан Юсуфни бир урди, айтди: “Зулайҳони ургали шайланмадингми, табиати енгиллигидан майл билдирмадингми?”

 Юсуф деди: “Мен ўз нафсимни тиярман. Чунки, нафс ёвуз ишга бошлагай, чунки, нафс етмишта шайтондан ҳам ёмонроқдир”.

Одамийнинг нафси қилган ишни  етмиш шайтон қилмас

                Таввака нафсука ла таъману гава-илаҳа

               Фа ан – нафсу ахбасу мин сабъ-ина шайтонан

Айтишларича, соқий чиқиб кетгандан кейин Юсуф етти йил зиндонда қолди. Уч иш бирла машғул бўлди: дуо ўқиди, Ҳаж зиёратидан  умид қилди, яна сабр қилди.

Аллоҳ таоло кўнглига солди. Райён малик Юсуфга одам жўнатди.   “Уни ҳузуримга келтиринг. Ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай”.

 Юсуфга тоза тўнлар кийдирдилар, ювинди. Зиндон аҳли йиғлашди. “Эй, Юсуф узоқ йиллар  зиндонни ёритдинг. Сенсиз энди  биз нима қиламиз? Юсуф элчига айтди: Мен зиндон аҳлига ўргандим, уларнинг бағри эзилган, ёшлари тўкилган ҳолда ташлаб кетолмайман. Маликка айтгил уларни менга бағишласин, озод қилсин, йўқса мени улар билан қолдирсин”. Элчи маликка етказди. Барини озод қилиб, тўнлар кийгизди.

 Башорат: Юсуф  шарофати билан Райён малик  зиндондагиларни озод қилди. Дунёнинг малиги Муҳаммад Мустафо (с.а.в) шафоати билан мўминларни дўзахдан озод қилса ҳеч ажабмас. Юсуф барча  зиндон аҳли билан бирга чиқди. Кўрди-ки етти тахтиравон турибди. Бари зар — ипаклар билан ўралган. У заминда подшоҳ кимни кечирса, подшоҳ тахти равонга миндиради. Юсуфни олтин тахтга ўтқаздилар. У қоғоз ва қалам сўради. Хат ёзди ва зиндон эшигига ёпиштирди. Ёзгани бу эди: “Бу зиндон тирикларнинг гўри, дўстларнинг турар  жойи ва  душманларнинг хурсандчилик таънаси”.

Миср халқи бир-бирига дерди: “Ўн икки йил бурун оёғига кишан уриб зиндонга элтдилар, бугун олтин тахтга миндириб, иззат- икром билан саройга қайтарурлар. Эй, худойим бу хўрлик ва енгиллик беришинг сабаби на эди?”

Юсуф айтди: “Эй, Худо, Сен кимни хоҳласанг азиз қиласан ва кимни хохласанг  хор қиласан. Мен Унинг ҳукмига розиман”.

Юсуфга малик ёнидан жой берди. Малик Юсуфга етмиш тилда сўз сўзлади,  у етмиш тилда жавоб берди. Суҳбат тугагач, Юсуф иброний тилда дуо ўқиди. Уни малик тушунмади?

– Бу қайси тил, – деб сўради.

 Юсуф айтди: “Бу менинг оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб алайҳиссалом тилларидир. Малик ёнидан кетаётганда ибрий тилда яна эзгулик тилади. Малик уни тушинмади. Ва сўради.

Юсуф деди: “Бу тил отамнинг қариндоши Исмоил тилидир?”

Малик тинглади ва деди: “Вазирликни сенга берайин”.

Юсуф айтди: “Вазирлик Азизи Мисрнинг лавозими, мен ундан қарздорман. У ҳаёт экан вазирликни олмасман”.

Малик айтди: “Барча подшолик ихтиёрингда хоҳлаган вазифангни танла”.

Юсуф айтди: “Менга ўзга ўрин керакмас. Мени мамлакатдаги  хазиналар устидан нозир этиб қўй, ҳақиқатда  мен бу ишни яхши муҳофаза қиламан, яхши биламан”. У ишни Юсуфга топширди ва айтди: “Эй, Юсуф, менинг мулкимда не иш қилсанг қилғил, фақат  икки иш қилмағил. Бири уйимда хотинларим, чўриларим билан сўзлашмагил”. Юсуф айтди: “Бу иш бизнинг шариатимизда раво эмас, манинг ул ишга ризом йўқ”. “Иккинчиси улким, сен билан ош емак ор турур”, – деди малик. Бу сўзга Юсуфнинг ҳам иззат-нафси оғриди: “Менга ҳам сен билан ош емак ор турур”, – жавоб қилди Юсуф. Малик сўради: На учун: Юсуф жавоб қилди: “Мен Ёқуб яловоч ўғлиман, Исҳоқ ялавоч набирасиман, Иброҳим ялавоч уруғиман, сенинг билан нетак ош еюрман?”

Малик Юсуфга гўзал саройлар ҳозирлади. Юсуф деҳқончилик бошлади, жуда кўп экин эктирди. Ҳосил етилганда, заруратини қолдириб, бошқасини улкан-улкан омборлар қурдириб, ҳосилни йиғди. Айтишларича, у замонда султон халқнинг ярим ҳосилини оларди. Юсуфга барча ихтиёр берилгач,  халққа ён босди. Мамлакатда тўкин-сочинлик бўлди.

Давоми бор.

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.