Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган. Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.
Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилддан иборат ушбу бебаҳо асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.
Ҳадис: Расуллоҳнинг айтишича, йўл тўсиб, одамлардан нарса ундириб олишдан ёмонроқ иш йўқдир. (Р.З;Н.С.)
Иброхим Намруд вилоятини тарк этгач, Лут, Сора ва яна икки мусулмон билан бирга Оллоҳ изни билан кўнглига теккунча йўл юрди.
Зул Арш Малик салтанатига етиб келишди. Салтанат етакчисининг ёмон амаллари кўп эди. У соқчилар қўйиб, йўлдан ўтган ҳар бир кишининг ўндан бир молини олар эди. Улар Иброҳимдан ҳам улуш сўрадилар. Иброҳим бизда мол йўқ деса, ишонмадилар. сандиқни очтирдилар. Унда Сора бор эди. Сорани кўриб, маликка хабар етказдилар. У жуда гўзал аёлларга ишқибоз эди. Иброҳимни келтиришди, малик унинг савлатидан ҳайиқди, ёнидан жой берди. Сандиқдаги Соранинг кимлигини сўради. Иброҳим мўмин мўминнинг қариндоши бўлади, деб ўйлаб қариндошим дея жавоб берди.
Мен Миср салтанати эгасиман. Давлатим мўл, ярмини бераман. Сорани бергил, – деб сўради.
Иброҳим бошини эгди, гапирмади. Малик яна сўради.
«У болиға ўзидан изн олиш керак,»– деди ниҳоят Иброҳим ва Сорага хабарни етказди.
«Нега тўғрисини айтмадинг», – дея сўради Сора ва йиғлади.
Шу пайт маликнинг икки юз мулозими йигит билан қизни олиб кетгани келишди. Сора чодирини ёпиб кирди. Малик яна Иброҳимга ёнидаги тахтдан жой берди.
– Султон уруғиданман. Икки юз қора бош молимни сен учун акангга армуғон қилурман. Сен менга теггил, – деди малик.
Сора йиғлади. Индамади. Яна сўради, индамади. Сўнгра “сендан уяляпти”, – деб Иброҳимни ташқарига чиқариб юборди. Сора қўли билан юзини беркитиб йиғлар, жавоб бермас эди. Маликнинг ғазаби келди. Соранинг ёнига келди. Иброҳимга Жаброил бу ҳолатни ғойибдан кўрсатди. Иброҳим Оллоҳдан мадад тилаб ёлворди. Маликнинг келинчакка чўзган икки қўли бўйнигача қотиб қолди. «Эй, Сора, дуо қил, мени қўлим ўз ҳолига келсин, сени ҳам ўз ҳолингга қўяйин» деди. Сора дуо қилди. Қўллари ўз ҳолига қайтди. Бироқ, подшоҳ сўзида турмади. Яна икки марта шу ҳолат такрорланганида:
– Бу не сир-синоатки, касринг менга тегди? – сўради малик.
Бу ўзингнинг баднафаслигинг, кофирлигинг ва зўрлик ишлатганингдан, – жавоб берди Сора.
– Мен зўрлик ишлатмадим-ку? – сўради Малик.
– Менга эмас, Иброҳим ялавочга ишлатдинг, – деди Сора.
– Мен Иброҳимни кўрганим йўқ, – ҳайрон бўлди Малик.
– Иброҳим менинг эрим бўлади. Сени зулмкорлигинг, кофирлигинг учун буни яширди. Сенга тегган бало ялавочга зулминг туфайлидир, – дея жавоб берди яна Сора.
Иброҳимни келтиришди.
Менга Тангрингни сифатини билдир, – сўради малик.
– У тирилтиради, ўлдиради ва доим тирикдир. Яхшилик унинг қудрати ва у ҳар бир нарсага қодирдир. Мен гувоҳлик бераманки, Оллоҳдан бошқа маъбуд йўқ ва у ягонадир, шунингдек, гувоҳлик бераманки, мен Иброҳим Худонинг элчисидирман.
– Етмиш йил зухро юлдузига сиғиндим, Тангри деб билдим. Еру осмонни сани Тангринг яратган экан, унинг қудрати билан қўлим ишламай қотиб қолди, – деди малик.
Жаброил Иброҳимга хабар етказди ва ўргатди: “Барча молу давлатини сенга берсин, қўли жойига қайтади”.
Малик барча мол-мулки ва хазиналарининг калитини Иброҳимга берди. Маликнинг қўли аслига қайтди. У имон келтириб, мусулмон бўлди. «Эй, Малик, молу мулкингни яна ўзингга бағишлайман», – деди Иброҳим. Улар саккиз кун имонлиликка даъват етиб, у ерда яшадилар. Сўнгра Жаброилдан йўлга тушиш лозимлиги тўғрисида фармон келди. Малик Иброҳимга тўрт юз хизматкор билан катта мол-мулк берди. Сорага ҳам Солиҳ пайғамбарнинг қариндоши, Мағриб маликининг қизи Ҳожар етакчилигидаги тўрт юз жорияни ином етди. Улар фаришта Жаброил изни билан барча мол-мулкни олиб, Ахзон вилоятига келдилар.
У ерда қора уй тикдилар. Иброҳим бир қудуқ қаздирди. У ердан тотли сув чиқди. Бир куни Сора Иброҳимга деди:
– Мен қаридим. Сенга хизмат қиларга кучим йўқ. Мен учун кўп машаққатлар кўрдинг. Шунинг учун Ҳожарни сенга бағишладим. Бу яхши яшаган кунларимиз учун жавобим бўлсин. Араб тилида «Ҳо ужрака» (машаққатларинг учун жавобим) дегани бўлиб, шунинг учун Ҳожар аталади. Ҳожарни Иброҳимга берди. Ҳожар Солиҳ яловоч уруғидан эди.