Раҳмон Машариповнинг музей-кутубхонасида

0
255
марта кўрилган.

 Қўшкўпир туманида, балки Хоразмда бу инсонни яхши билишади.  Раҳмон Машарипов узоқ йиллар устозлик мартабасида муносиб шогирдлар тарбиялади. Вилоят халқ таълими соҳасида даставвал ўқитувчи, бўлим мудири, бошқарма бошлиғи вазифаларида, сўнгра олий таълим тизимида ўқитувчи сифатида астойдил меҳнат қилди. Олим  тарих фанлари номзоди, профессор унвонига эга.

 Бугун ҳам устознинг хонадонидан ёшлар, шогирдларининг қадами узилмайди. Устоз уйида музей ва мўъжазгина кутубхона ташкил қилди.

Биз бир неча марта Раҳмон ака хонадонида бўлганмиз. Устознинг беназир бойликларини томоша қилган кишининг ҳайратлари ошмасдан иложи йўқ, чунки  узоқ ўтмишдан ҳикоя қилувчи эсдаликлар, турли йиллар ва даврлардаги фотосуратлар, машҳур кишиларнинг ноёб қўлёзмалари, асарлари бебаҳо бойлик сифатида устоз томонидан адроқланиб сақланмоқда.

 Куни кеча устоз билан яна дийдорлашиш мақсадида вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раҳимбой Қурбанов билан биргаликда унинг хонадонига ташриф буюрдик. Ташриф баҳона китобларни туркумлаштириб, соҳалар бўйича жавонларга тахлашда кўмаклашдик. Ушбу ноёб китобларнинг электрон нусхаларини яратиш юзасидан келишиб олинди.

Биз Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов билан учрашиб, устознинг бой музейи ва кутубхонаси ҳақида ўз таклифларимизни билдирдик. Энг муҳими,  раҳбарият бизнинг таклифимизни қўллаб- қувватлади. Ҳоким туман марказида  капитал таъмирдан чиқаётган маданият уйидан хона ажратиб, устознинг музей-кутубхонасини кенгроқ масканга кўчириш  ҳақидаги таклифимизни маъқуллади. Ўша кунги ташриф  самарали кечганидан биз ҳам хурсанд бўлдик.

 Маърифатга бой, хайрли ва савоб ишлари билан бугун ҳам чарчамаётган  отахоннинг узундан узоқ  дуоларини олиш ҳаммага насиб қилсин.  Табаррук саксон ёшдан ошган, юзидан меҳр нури ёғилиб турган устоз дили равшан бўлиб, биз билан хайрлашди.

Дилбар Бекчанова,

Хоразм  вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.