Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 18 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг “2023 йилда адабиёт, маданият ва санъат, илм-фан соҳалари атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш ва уларнинг фаолиятини кенг тарғиб этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат бу каби тадбирларни ўтказиш учун ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Кечада жамоат арбоблари, таниқли ижодкорлар, санъаткорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда Рауф Парфи ҳаёти ва ижодига бағишланган суратлар ҳамда китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажидов олиб борди. Кеча аввалида шоирнинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, ижодини акс эттирувчи “Рауф Парфи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Республика “Нуроний” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Назар Эшонқул, “Дўстлик” ордени соҳиблари, шоирлар Фарида Афрўз, Чоршамъ Рўзи сўзга чиқиб, унинг шеърияти ҳақида фикр билдирди, инсоний фазилатлари, ижодий хотираларини ёдга олди.
– Рауф ака ҳамиша мустақиликни гапириб келган шоир эди, – дейди Усмон Азим. – Ўшанда одамнинг ишонгиси келмасди. Аммо Рауф ака мустақил бўламиз, дерди ва озод мамлакатга айландик. Рауф аканинг 80 йиллиги нишонланаётганидан, ҳаммага бир хил қаралаётганидан ниҳоятда бахтиёрман. Бу кунларни ўзи кўрмасаям, биз кўрдик. Рауф ака жуда миллий шоир, таржимага сиғмайдиган ўзбек шоири. Унинг шеърларидаги энтикишларни, нафас олишларни, оғриқларни фақат ўзбек билади. Бизнинг юрагимизда Рауф аканинг сўзи қолди. Бугунги хотира ғуссали бўлмаслиги керак. Гарчи менинг кўзимга ёш келаётган бўлса ҳам.
Айни кунларда шоир хотирасини абадийлаштириш, у қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиш, ёшлар орасида шеърларини кенг тарғиб қилиш мақсадида жойларда тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Чирчиқ давлат педагогика университетида, Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган Рауф Парфи ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-адабий, маънавий-маърифий конференциялар ана шулар жумласидан.
Шу йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Рауф Парфининг шеърий тўплами, “Танланган асарлар”и ҳамда “Замондошлар хотирасида” китоблари чоп этилди.
“Шеърият – Аллоҳ одамни ер учун яратгани каби қадимийдир. Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан – Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон ҳуқуқи – Шеърият ҳуқуқи. Инсон ва Табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолатнинг қора қуёши ёниб фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлида жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол. Шеърият чексизликдир – аммо шеъриятнинг осмонига боқиб чексизликнинг ҳам чеки бор, деб ўйлайсиз. Шеърият инсоннинг илкин нафасидир, поёнсиз нафаснинг моддийликка айланишидир, балки”, – деган эди Рауф Парфи.
Тадбирда ёш ижодкорлар – Сетора Шомуродова, Бобомурод Саъдуллаев Рауф Парфи шеърларидан ўқиди. Таниқли санъаткорлар ижросида шоир шеърларига басталанган қўшиқлар тингланди.
Кеча якунида Рауф Парфининг фарзанди, филология фанлари номзоди, доцент Муқаддас Абдураҳмонова сўзга чиқиб, отасининг ижодини ўрганишга, тарғиб қилишга қаратилаётган эътибор ҳамда бугунги тадбир учун миннатдорлигини билдирди. Унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Рауф Парфининг “Танланган асарлар”и ҳамда “Замондошлар хотирасида” китоблари совға қилинди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
Леся Украинка шеъриятидан РАУФ ПАРФИ таржимаси
Сукут аро мунис хаёлим,
Қафасдаги қуш каби тутқин.
Етмас озод учмоққа ҳоли –
Аламларда иқболи нигун.
Турғил энди, қўшиғим уйғон,
Уйғон синган қанотингни ёз.
Фалакларда чарх ур бу замон,
Келур денгиз томондан овоз!
Ирмоқ бўлиб отил, қўшиғим,
Ирмоқ билмас қайга борур йўл.
Уч, қўшиғим, чағалай каби,
Ғарқ бўлмоқни ўйламас-ку ул.
Шамол янглиғ ёза қол қанот
Қайноқ тошгил, эй ташна кўнгил.
Жавоб йўқдир шамолга, ҳайҳот,
Лекин тўлқин сола олур ул.