Саъдулла ҲАКИМ: Мазкур асаримга “Юрт ўғлони” дея ном қўйдим (Дилнома)

0
1086
марта кўрилган.

 

Юрт ўғлони мени тасаввуримда: Тарих ва унинг шонли сиймоларига меҳр-муҳаббат, садоқат, улардан фахр ва ифтихор туйғуси, Ватан тупроғининг ҳар заррасида ўтмиш ёди, бугунги кун руҳи ва келажак қиёфасини яхлит тасаввур этиш, халқ дарду ташвишлари билан ёниб яшаш, одамларни ҳаётдан рози қилишдек эзгу ишларга ҳаётининг ҳар лаҳзасини бахш эта билиш – бу ва бу каби юксак фазилатлар айни Юрт ўғлонига хосдир. Элим, юртим дея қайғуриб яшаётган ҳар бир инсон Юрт ўғлонига хос муайян жиҳатларни ўз шахсида кўрса, ҳис этса, ажаб эмас. Ҳаёт ҳамиша юртнинг фидойи ўғлонлари, ўғил-қизлари билан обод, кўркам, боқий.

Асар ёзилишига икки минг ўн еттинчи йил августь ойининг учинчи санасида, ижод аҳли учун унутилмас воқеа бўлган анжуманда айтилган қуйидаги фикр туртки берган эди: “Эл дардини ёзмаган қалам қалам эмас!”. Шу мақсад йўлида битилган сатрларим шояд кўнглингизга бир қатим нур мисол йўл топса.

I
– Ҳар нимаки жоиз Мавло яратди,
Бир-биридан азиз, авло яратди.
Одам зотин тенгсиз, аъло яратди, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
II
– Буюк зотлар – ярқираган ҳур чақмоқ,
Зулмат бағрин пора-пора этар чок,
Ҳар юракда ёқиб кетар бир чироқ.

Туёқ изларида яралди ҳаёт,
Тафаккур қуш каби боғлади қанот,
Мурод бўлди инсон учун яхши от.

Алп Эр Тўнға1 демиш, толе – биликда,
Она тили кучи қайнар иликда.
Хоқон улуғлиги элга қулликда, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
III
– Бийдай Қизилқумдан ияртиб йироқ,
Ёвни ҳалок этди донишманд Широқ,
Ўзи ҳам қиличдан жон берди бироқ…

Юрт тупроғин кўзга суртди Тўмарис,
Ёв бошини мешга тутди Тўмарис,
Гулу гулзор бўлиб кетди Тўмарис.
Искандар Мақдуний2  юриш қилиб қасд,
Риёзатлар топди қайга урса даст,
Бадар кетди охир боши бўлиб паст, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди. 
IV
– Эй буюк “Авесто”! Эй мангу тамал:
Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал,
Халқим даҳосига қўйилган ҳайкал!

Билга хоқон3  тошга ўйиб отини,
Шон-шарафга буркаб кетди зотини.
Дунё танир кўҳна Ўрхун хатини.

Ай, иним, Алпомиш бўлай десанг, тур,
Сен-да Бойчиборга эгар-жабдуқ ур,
Нокасдан безор эл. Мардларга зордур.

Билай десанг ўзбекнинг зўр ўғлини,
Ориятда, курашда кўр ўғлини,
Сумбати эслатар алп Гўрўғлини, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди. 
V
– Тундай келиб-кетди араб босқини,
Изларида қолди, айтсак ростини,
Қуёш каби Қуръон — иймон дастури.

Ой каби порлади олий Муҳаммад4,
Иймонга чорлади олий Муҳаммад,
Башар аҳлин пок тимсоли Муҳаммад.

Бухорий5дан мисол. Бир муҳтарам зот,
Этак тутиб “Беҳ-беҳ” деса келмиш от,
Этак очса, бир дона ем йўқ, ҳайҳот!

Ҳадис султони шарт қайтмиш изига,
Ишонч йўқдир бу одамнинг сўзига,
Оёқ қўймиш у ҳақиқат юзига, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
VI
– Жаннат қай рангдадур, жаҳаннам қай тус,
Данте қаламига берди куч, нуфуз
“Осмон харитаси”. Алфраганус6.

Тарих бисотида “Қутадғу билик” – 
Жавоҳир сандиғи неча минг йиллик.
Ҳар сўзи ўзбаки товланар тиниқ.

Бошга кийган каби қалпоқ, дўппи, бўрк,
Миллат қадду камолига берди кўрк,
Кошғарийдан “Девону луғатит турк”.

Жаҳон ёди – офтобида Яссавий,
Ҳар кўнгилнинг китобида Яссавий.
Ошиқ кўнгил меҳробида Яссавий.

Бино бўлдики “Ҳиббат-ул ҳақойиқ”7 .
Ҳар сўз кийди бастига либос лойиқ.
Олиб кифтига юксалди халойиқ.

Носириддин Бурхон Рабғўзий, аё,
Яратмишдирки “Қисас ул-анбиё”,
Ўғиздан қалбларга таралмиш зиё, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
VII
– Ўтди не давронлар – Қорахонийлар,
Ануштегин, салжуқий, сомонийлар.
Муаллиму муаллими сонийлар.

Хоразм замини куйлаб баётни,
Ҳаётга қайтарди сўнган ҳаётни,
Дунё тарихига битди Қиётни.

Маъмун замонида буюк Беруний
Илман очди уммон орти ерини,
Бугун ҳамма Америка дер уни.

Илму ҳандасага пайваста азми,
Баайни нолга жон берди Хоразмий.
Юз очди рақамга дунё орази.

Арасту илмига Форобий шарҳи – 
Ҳаёт маъносининг шарқона тархи:
Асл макон – фозил одамлар шаҳри.

Олам аро медицина биноси,
Мадади Синодир асл маъноси,
Табобатда ҳамон тенгсиз Синоси, –
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
VIII
– Тилло тупроғию суви, ҳавоси,
Худо ато этган оҳанрабоси,
Мудом ўз бахтининг бўлди балоси.

Чингизийлар тулпорининг туёғи
Топтамаган қолмади юрт қиёғи,
Ерга гулдай экилди эл суяги.

Эл орига тик турди Мангуберди,
Сўнгигача от сурди Мангуберди,
Мардига мард шавкатин мангу берди.

Алпларни улғайтди халқ изтироби,
Гоҳо Спитамен, гоҳо Торобий…
Сўнмади зулмга исён хитоби, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
IX
– Аланқува8 гўзал эди тенги йўқ,
Илоҳий нур йигит бўлиб боқди шўх…
Дунёга бир ўғлон келди кўнгли чўғ.

Барлос, қурлос… неча қавм тенг бари,
Соҳибқирон боболари сингари
Улуғ Аланқува ўғил-қизлари.

Адлу инсоф – Амир Темур яроғи,
Тўкилмади бевақт бир гул япроғи.
Қонунлари бўлди давлат чироғи.

Ул улуғ зот замонида, бир лаган
Бошда тилло, бола хатар билмаган,
Эл-юрт кезса, биров хафа қилмаган.

Ҳар юлдузни артиб қўйган Улуғбек,
Бир-бир санаб тартиб қўйган Улуғбек.
Кўкка боқиб завқин туйган Улуғбек, –
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
X
– Ёр ишқига айла кўнгилни пайванд,
Касбу ҳунар ила этгил қўлни банд – 
Баҳоуддин Нақшбанддан нақш панд.

“Хамса” турган уйнинг ундан тўри йўқ,
У бўлмаса ўзбек тилим қўри йўқ.
Навобахшнинг Навоийдан зўри йўқ.

Бек ўзбек сўзининг либоси йўқ ўз,
Кўриб атлас сўзни қувонмасми кўз,
“Хатти Бобурий”ни соғинар ҳар сўз.

Устоз айтди: “Киши кўрмас жойда сўй”,
Қўлтиғида хўроз Машраб, босди ўй:
“Аллоҳ кўриб турар, сен бу ишни қўй!”.

Кўнгил наво истар, сўз истар гоҳи,
Кимки дилдан огоҳ – элдан огоҳ у,
Гоҳи Феруз каби, гоҳи Огаҳий.

Элдан юз бурмаган шоир юзи оқ,
Эл дардин куйлаган шоир сўзи ҳақ –
Худди Ажиниёз, бамисли Бердақ, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XI
– Соҳибқирон қадри кўп бор билинди,
Халқ яроси битиб яна шилинди. 
Дарё эди, неча кўлга бўлинди.

Бири амир, яна бири хон бўлди,
Буғдой бир ён, сомони бир ён бўлди,
Раиятнинг ҳоли кўп ёмон бўлди.

Бу заифлик оқ пошшога қўл келди,
Туркий элга замбаракдан дўл келди,
Пилта милтиқ тутган аскар мўл келди.

Ёв зўр келур юрт ёвуғи ёвлашса,
Улуғлари обрў тилаб довлашса,
Мерганлари ўз-ўзини овлашса.

Қайғу-ғамга чўмди яна Туркистон,
Мардларини кўмди яна Туркистон,
Ботган кундек сўнди яна Туркистон.

Намоз ботир, Дукчи эшон исёни,
Ёмғирдаги чўғдек ўчди тез ёниб.
Бундай дарднинг бошқа йўқдир мисоли, –
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

XII
– Оқ пошшони қизиллар этди таъқиб,
Қирғин қилди бир-бирин бошин чақиб,
Отга минди қароқчи шамшир тақиб.

Даврон сурди макрини тузоқ қилиб,
Миллатига фарзандини оқ қилиб,
Айро этди ўзбегу қозоқ қилиб.

“Босмачи” деб неча ёлғон тўқиди,
Юртим деган кўкрагидан ўқ еди,
Қувғин борки, бари бою тўқ эди…

Жойнамозни топтаб нопок даҳрийлар,
Одатимиз этди неча таҳрирлар,
Нола қилди дилда оят, такбирлар.

Тингламади мазлумларнинг дардини,
Бошоқ каби ўрди элнинг мардини,
Ювса кетмас иснод юқи – гардини.

Маккор даҳо. Қаттол тузум. Пуч ҳаёт,
Синди юлдузларни елпиган қанот.
Қалам, кийган тўнларингни ечиб от!

Бўлмас эди бунча ситам, отқинлар,
Тушмас эди халқ бошига ёт кунлар,
Чиқмасайди ўзимиздан сотқинлар.

Қодирийнинг кипригида қотган ёш – 
Ўзбек элим юрагига ботган тош,
Жаҳолатдан миллатни уйғотган ёш – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XIII
– Одам қонин тўкмоқ гуноҳ гуноҳи,
Икки дунё тинчлик бермас хун оҳи,
Бадном кетди икки давлат подшоҳи9 .

Чорак аср бир сиймо от устида,
Ўз ҳолига қўймади ёт устида.
Эл додини тинглади дод устида10.

Қайдан келди бундай бало-баттарлар,
Хос зоти ҳам бир-бирини сотарлар,
Уят демай, орқадан тош отарлар.

Қасд ўтида қайраб Шўро тишини,
Ўйлаб топди бўҳтон – “Ўзбек иши”ни,
Бадном этди неча тоза кишини, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XIV
– Вафо кимки қилур топгай вафони,
Қилур ўз жонига ҳар ким жафони,
Жафо жонибидан топгай сафони.

Фалакнинг-да сир ичра сир кори бу,
Истиқлол – халқ ярасига дори бу.
Ҳурлик байроғини тутди Каримов11 .

Бутун жаҳон тилларида бир калом – 
Жаранглади Ўзбекистон деган ном,
Қадим юртга қайтди қадим эҳтиром.

Қад ростлади Амир Темур ҳайкали,
Сайқал топди яна дунё сайқали,
“Бу боғлар бир боғлар бўлажак ҳали”12
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XV
– Ўзбекистон – биру борим сен ўзинг,
Ихтиёри ихтиёрим сен ўзинг,
Икки дунё номус-орим сен ўзинг.

Улуғ йўлда улуғ карвон элим бу,
Юлдузларга қўйган нарвон элим бу,
Минг бахтида минг бир армон элим бу.

Ҳар фасли олмосдай товланар ял-ял,
Биллур қиш, феруза баҳор на гўзал,
Олтин ёз, ёқут куз… бари мукаммал.

Ҳаёт ўтовида қадр чироғи,
Туркий элнинг мангу қорақалпоғи.
Қувонч-ташвиши бир, бир суви, боғи, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

XVI
– Барчага тенг уфургандай гул иси,
Битта нони бўлса, ўзбек улуси
Етти кўча билан егай бўлишиб.

Остонадан кириб келса гар меҳмон,
Жой кўрсатиб дарров ёзар дастурхон,
Отдан тушмай қайтиб кетса, тутар нон.

Кези келса, кезиб “Учар гилам”да,
Булутларга ёмғир экиб, қадамда
Гул ундирар. Ўзбек шундай одам-да!

Отажон, деб қўлларига сув қуйсам,
Онажон, деб тиззасига бош қўйсам,
Ёниб суйсам, ўтдай ловуллаб суйсам.

Ушалгани шудир орзу-тилаги,
Ҳар кун кириб келса фарзанд йўлаги,
Она қалби жаннатнинг бир бўлаги.

Кўк юзини артар булут, кори бор,
Ер юзининг оқ сочиғи – қори бор,
Йигит кўнглин пок тутгувчи ори бор.

Қиз бола – бу фаришта дугонаси,
Қалби меҳр-муҳаббат кошонаси.
Ибо-ҳаё рамзи, миллат онаси, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XVII
– Боғбондан сўр чаманда гул атрини,
Муҳтож билар саховатнинг қадрини.
Керагида тош тиллодан қадрли.

Ризқ ахтариб неча юртдан келурлар,
Гул шохида сайраб ором олурлар.
Дунё кезган қушлар дардим билурлар.

Яхши кўринай дер юзбўямачи,
Аслини яширар кўзбўямачи.
Баридан баттари сўзбўямачи.

Тўғри сўзнинг қанотини қайирманг,
Ёлғон айтиб, мени элдан айирманг,
Эл сўз дегил деса, мен ҳам шоирман.

Гап ўргатманг мени йўқлаб келганга,
Юрагини ҳасрат чўғлаб келганга.
Нур поёндоз ўз қадрини билганга.

Қалам бўлса эл дардини ёзмасми,
Одам бўлса эл дардида ўзмасми,
Йўқ эса, бош олиб кетмоқ созмасми?

Эл дардида хавф-хатарга тик бориб,
Сўз айтур чин шоир кўнглини ёриб,
Мисли Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XVIII
– Дўсти кўпнинг душмани кўп, билмайсиз,
Дўст бўлсангиз, нега дўстлик қилмайсиз,
Нега қучоқ очиб элга келмайсиз?

Бир нохушлик бўлса, бағрим эзади,
Кўнглим ўзин айби бордай сезади,
Номард бузар. Мард улуғ иш тузади.

Кўнгил маҳбуб киши ишқибозидир,
Ким оқсоқол, ким ҳоким, ким қозидир,
Топгай қадр гар одамлар розидир.

Бир валломат ариқ қазар, шу кундан
Неча тирик жон ичади сув ундан,
Юрт эртаси куртак отар бугундан.

Китоб – илму урфон, билим Каъбаси,
Зиёрат аҳлининг шаън-мартабаси.
Умр шамдек сўнар, ҳикмат абадий.

Мақол борки, той қоқилиб от бўлар,
Ёғийлашсанг, туғишганлар ёт бўлар,
Эл бирлашса, арвоҳлар ҳам шод бўлар.

Чарақлаган юлдузки, бир зиёси, 
Алвон-алвон лолалар – қир зиёси.
Ҳақ сўзи – дил осмони нур-зиёси, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XIX
– Кўнглингни оч, гул вақти ҳам ғанимат,
Бу завқу шавқ, бу дарду ғам ғанимат,
Одам азиз, ёруғ олам ғанимат.

Қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, ўзбек эл,
Бир жону бир танда қошу кўздек эл,
Бир-бирига уруғ-аймоқ, ўздек эл.

Ғам-қайғу экилар тинчлик бўлмаса,
Эл қадди букилар тинчлик бўлмаса,
Давлатлар тўкилар тинчлик бўлмаса.

Ўзбек йўли дунё кезиб, бошидан
Дон ташиган, китоб, ирфон ташиган,
Янграмоқда қайта қадим нашида.

Дунё минбаридан ўзбек сўзини
Тинглаб аҳли жаҳон очди кўзини,
Маърифат нурига чайди юзини 13, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XX
– Шахмат майдонида энг юксак ривож – 
Ўн икки ёшида кийди бошга тож
Ўзбек Жавоҳири 14. Чарақла, қуёш!

Тарихни безаган зотлар наслимиз,
Фасли баҳор мисли ҳаёт фаслимиз,
Аслига қайтгуси шояд аслимиз.

Ўзлигингдан аввал англа ўзингни,
Илм нури равшан этсин кўзингни,
Темур шаҳди ила қайра сўзингни.

Қучмоқ истарсан магар умрингда шон, 
Бир тухум, бир майса янглиғ қийна жон –
Қорда музла, ёмғир ич, офтобда ён! – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
XXI
– Ҳиммат аҳли кўприк қурган, йўл қурган,
Тиканзорни боғ этмакка қўл урган,
Эранлардан элга қолган гулқўрғон.

Биз ҳам этиб аҳд камолот чоғимиз,
Яна обод бўлсин дедик боғимиз –
Ҳар маҳалла, ҳар шаҳар, қишлоғимиз.

Юрагимда армоним кўп, бори гап,
Бир тилагим – ўзбекона орият
Дунё кезсин, камол топсин пок ният.

Сўзим шу, ҳар ўғил-қизга муродим,
Бутоғи бизга, гул сизга муродим,
Ғурур тикланг дилингизга муродим.

Ойдай чирой очсин Ватан талъати,
Юксал, буюк алломалар миллати.
Келди яшаш чоғи юртни гуллатиб, – 
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди!

2017 йил август – 
2019 йил январь.

Изоҳлap:

  1. Aлn Эр Тунғa — милоддан аввалги VII асрда Турон давлати шаклланишига асос солган, Афросиёб номи билан танилган буюк хокон.
  2. Искандар Мақдуний — милоддан аввалги IV асрда Ўрта Осиёни босиб олган юнон-македон қўшинлари саркардаси, халқ орасида шундай ном олган Александр Македонский.
  3. Милодий VI-VII асрларда Билга хокон ва унинг иниси Култегин даврларида турк халқи қайтадан қад ростлаган.
  4. Аллоҳнинг Расули (элчиси) ва пайғамбари, Ислом динининг асосчиси — Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассалам. Ул улуғ зотга муқаддас Қуръони карим нозил бўлган.
  5. Муҳаммад ал-Бухорий (810-871) Қуръони каримдан кейинги биринчи ишончли манба саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўпламини тузган улуғ аллома, муқаддислар султони.
  6. Аҳмад ал-Фарғоний (797-865) — IX асрда яшаган фарғоналик буюк астроном, математик, географ. Олимларнинг эътирофича, буюк итальян шоири Данте «Илоҳий комедия»да жаннат ва дўзахни тасвирлар экан, Алфраганус (европаликлар уни шун­дай дея аташган)нинг «Осмон харитаси»дан фойдаландим, деб ёзган.
  7. «Ҳиббат-ул ҳақойиқ» — XII асрнинг 2-ярмида яшаган адиб Аҳмад Югнакийнинг асари. «Ҳақиқат совғалари» деган маънони англатади.
  1. Тарихий манбаларда ёзилишича, туркий тилли ушбу соҳибжамол малика хиргоҳ  туйнугидан кириб келган йигит тимсолидаги нурдан ҳомиладор бўлади. Мирзо Улутбекнинг «Тўрт улус тарихи» китобида ёзилишича, Соҳ,ибқирон Амир Темур насли ўн тўрт авлод оша Аланқувага бориб боғланади.
  2. Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг бош айбдорлари — Адольф Гитлер ва Сталин.
  3. Шўро истибдоди замонида чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилган халқпарвар давлат арбоби, шоир ва адиб Шароф Рашидов (1917-1983) назарда тутилган.
  4. Ислом Каримов (1938-2016) — Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти.
  5. Атокли ўзбек шоираси Зулфия (1915-1996) сатри.
  6. БМТ Бош ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги сессиясида бир овоздан «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси кабул килинди. Айнан ушбу ғоя 2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида илгари сурилган эди.
  7. Дунё шахмат тарихида энг ёш иккинчи, Осиёда энг ёш биринчи жаҳон чемпиони — Жавоҳир Синдоров.

Манбаа: UzAS. uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.