Шарофат ИСКАНДАР қизи: ҚИСМАТ ёҳуд уруш асорати (ҳикоя)

0
329
марта кўрилган.

(Ҳикояни Бердиёр амакимнинг ёрқин хотирасига бағишлайман)

Бердиёр амаким ( мен уни ака дердим) дунёдан ўтганида, атиги  26 ёшда эди. Айтишларича, эсини танибдики, боши касалдан чиқмаган. Самандар  бобом ( катта амаким, бизнинг одатга кўра, ҳурмат юзасидан   отанинг акаси  бобо ҳисобланади) иккинчи Жаҳон  уруши  пайтида асирликда   бўлиб,  то  озод  этилгунга  қадар  ўпкасидан айрилган, асирликдан сўнг эти  устухонига  ёпишиб,  арвоҳдек  судралиб  уйга қайтган.

Ўша кезлари бобом кексайиб қолган  хаста  бўлиб,  рўзғор юки момомнинг елкасида бўлган. Бердиёр акам уларнинг кенжа фарзанди, Самандар бобом  боқий оламга қайтганида, у  ҳали мурғак бола  экан. Момом (заготзерно) дон корхонасида ишлаган.  Самандар бобом  эса ноилож  норасида  укасига қараб ўтирган. Ўшанда  сил шўрлик  Бердиёр акамга ҳам юққан, лекин  хасталик узоқ  вақт юзага чиқмаган.

Шу ўртада  Самандар  бобомнинг аҳволи танглашиб,  даволангани вилоят марказига   кетган ва  касалхонада оламдан ўтган. Ундан сира  дарак бўлмаган, излаштириб боргувчи  эса  топилмаган. Момогинам сомондек сарғайиб, йўлга термулиб,  сирилиб юрган кунларнинг бирида   уруш бўлган юртлардан   отам   қайтган ва  дарҳол акасини қидириб шаҳарга  жўнаган.   Самандар бобомнинг   ўлганини эшитиб, шаҳар кўчаларида  бўтадек бўзлаган. Тўнғичининг ҳасратида  адо бўлган момом Бердиёр  акам   йўталиб,  иситмаи — оташ бўлиб ёнганида, “шамоллабди”  деб, ўйлаб ўзича  даволашга киришган, бироқ  боласи  сил касалига мубтало бўлганини эшитганида эса  дард-дунёси қоронғи бўлиб, эсидан оғай деган. Буни қарангки, ўша кезлари тиббиёт ҳозиргидек ривожланмаган, сил касалининг  давоси йўқ эди чамамда.

Шу  зайлда  елвизак  йиллар ғафлатда қолдириб ўтди. Бердиёр акам  озғин, оққувадан келган йигит бўлиб, нимаси биландир шоир Ғафур Ғуломни эслатарди. Ҳарҳолда менга шундай туюларди. У мулойим табиатли, вазмин, мулоҳазали бўлиб,  сира бировнинг кўнглини оғритмас, босиқлик билан юмшоқ  оҳангда сўзларди.  Момом иккиси  кенг, мўл ҳовлимизнинг юқори қисмида бир  айвонли икки хонали  кичкина уйда  яшашар, шўрлик акамнинг  умри  деярли касалхоналару, санаторийларда ўтарди. Уйда бўлган кезлари  рубобини  тинғиллатиб  қўшиқ хиргойи қиларди. Қайсидир сиҳатгоҳда кимдандир  жажжи, бежирим  қутичалар ясашни ўрганибди. Келганидан сўнг опаларига, янгаларига  ясаб бериб, барини хурсанд қилганди. Ўшандай қутичалардан бири  ҳали ҳануз марҳум Иззат аммамдан қолган  жавонга кўрк бериб турибди. 

Бир гал Намангандаги аллақайси  санаторийдан  завқ-шавққа тўлиб қайтди. Ўшанда  (60 йиллар) машҳур бўлган хонанда Ботир Зокиров билан   танишган ва  улар ўртасида қадрдонлик риштаси пайдо бўлган экан.  Ботир Зокиров акам куйлаган қўшиқларни тинглаб, «Сизнинг соҳир овозингиз бор экан»,-дебди.  Шу шу у қўлидан  созини қўймайдиган бўлди. Худди шундай кунларнинг бирида  онам Лангар қишлоғидан  Шаҳринисо исмли  сағир қариндошини  уйимизга олиб келди. Эндигина 16 ёшни қаршилаган, кўзлари қисиқ бўлсада, ёноқлари ол,  ранги тоза  тоғлик қиздан  ўшанда акам кўзларини узолмай қолгани эсимда. 

Ёз фаслининг сокин, сўлим   оқшомларида соз садоси янграр ва унга акамнинг ёқимли овози жўр бўларди.  

Гулим,  сен  баҳорсан, нозли, ифорли

Хуш бўйинг   кўнгилни айлар сарафроз.

Хастанинг орзуси армонли, зорли

Ҳадди борми  сенга очгали дил роз.   

Ўшанда ҳали бола эдим, акамнинг қўшиқ айтгани ёқар, лекин унинг  изтиробини англай олмасдим.

Бир куни ғалати бўлди. Шаҳринисо акамнинг   дўпписини мих билан тешаётгании кўриб қолдим.

– Ҳой, Шаҳри опа нима қиляпсиз?!

Шаҳринисо кўзларидан мунчоқдек ёш тўкди ва  дўппини  оёқлари тагига ташлаб тепкилай бошлади. Сўнг эса  бир тепиб ариқ ичига тушириб юборди. Дўппи ҳўл бўлган, четига  лой ёпишиб қолганди. Югуриб бориб ариқдан дўппини олдим ва Шаҳринисога қараб ўшқирдим.

– Ҳой, сен нега акамнинг қалпоғини  тепяпсан?!

Шаҳринисонинг қаттиқ жаҳли чиққан ва анордек қизил юзларидан қон қочиб бўзариб кетганди.

– Бердиёр ўпка касал, сени суяман деди, шу менинг тенгимми?!

Мен ҳали севги нималигини билмасдим, бироқ  негадир кўнглим тўлиб кетди,  кўзларимдан дув ёш қуюлди.

– Акамдинг қалпоғини тепманг опа, товингизга кетинг!

У эса гапга қулоқ солмас, ҳадеб акамни ёзғирарди.

– Ер ютгур, ўпка касал, гапирган гапини қара-я…

Шу пайт ерда ётган тошга кўзим тушиб қолди ва уни  олиб Шаҳринисони кўзлаб отдим..

– Кет уйимиздан, сен ёмонсан, ёмон!

Ана бўлмаса, тош Шаҳринисонинг бошига  тегди,  юзига қон сизиб оқарди. Унинг фарёди оламни бузди.   Ичкаридан  югуриб чиққан онам ўша куни мени роса калтаклади. Қилт этмадим, аммо  кечқурун отамга шарт қўйдим.

– Шаҳри кетсин, бўлмаса мен уйдан кетаман!

– Э, нима гуноҳ қилди у, момоқизим?

– Акамдинг қалпоғини  мих билан тешди, кейин тепиб лойга туширди.

–  Нега  тешади, нимага тепади?!

– Акам “суяман” дегани учун,  акамни “ўпка касал” деди.  

 Отамнинг ранги  ёмон бўзарди, катта  бурнини тортиб қўйдида,  кўзларига келган ёшни   мушти  билан сидирди.

Эртаси куни тонгда акаси келиб, Шаҳринисони   олиб кетди.  Бошқа унинг номини тилга олмадик.  Қаттиқ эзилган акам кундузлари лом-мим демай юрар, тунлари  рубобига жўр бўлиб нола қиларди. Ўша йили кузакда   яна касалхонага тушиб қолди. Қиш изғирини  эндигина  эса бошлаган кунларнинг бирида рамақда зўрға илиниб турган жони узилди. Акамни кўрпага ўраб олиб келишганида, ҳали танаси тўла совимаганди. Момомнинг азасида акам  йиғласа адолатлироқ бўларди.  Афсуски,  жигарпорасининг жасади устида момогинам белига белбоқ боғлаб «боламлаб» бўзлади. Ҳовлини босган тумонат оломон  эса лоқайд, ҳиссиз, томошабин бўлиб турар, бола  қалбим  ҳали  бундай изтиробни ҳазм қилолмас, турганларнинг барчасини, шунингдек, акамнинг қалпоғини тепган Шаҳринисони ҳам бирдек ёмон кўрардим.

Ўшандай кунларнинг бирида туркман ёзувчиси Хидир Деряевнинг «Қисмат» номли асари қўлимга тушиб қолди. Китоб мени қаттиқ ҳаяжонга солганди. Асар бош қаҳрамони Узукжамол қисмати жуда аянчли  бўлиб, руҳий оламимни алғов-далғов  қилиб юборди. Таассурот бир ўзимга оғирлик қиларди.   Узун қиш кечалари печка ёнида ўтириб олиб, момомга  китобни ўқиб бера бошладим. Шундай қилсам, гўё момогинам  дунёда унданда бахтсизроқ одамлар борлигини  билиб  овунадигандек,  бироз бўлсада дардларидан фориғ бўладигандек туюларди. Ички сезгим алдамаганди, қизиқарли   асар мазмуни момомни ҳам маҳв этди. У тўшакка ёнбошлаган кўйи овозимни  тинглар, сўнг эса толиқиб, тишсиз оғзини пўк-пўк  қилиб ухлаб қоларди.  Эртасига азонда

– Болам, мактабдан  келганингдан кейин, кечқурун яна китоб ўқиймиза-а?-деб сўрарди.

– Ўқиймиз моможон, ўқиймиз. Билсангиз, уёғи  буёғиданда қизиқ…

Шарофат ИСКАНДАР қизи

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.