«Шеър тинглар Зоминнинг тоғлари» — «Ўриклисой» бўлиб ўтаётган адабий байрамнинг аввалги йиллардагидан фарқи нимада?

0
450
марта кўрилган.

Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари ҳозирда қўлига қалам олиб, адабиёт ва миллат келажаги учун сўз айтишга тайёр ёшларнинг севимли тадбирига айланиб улгурган. Сўлим «Ўриклисой» бағрида бўлиб ўтаётган тадбирда ёшлар устоз шоир, ёзувчи, адабиётшунос ва таржимонлардан маҳорат дарслари олмоқдалар. Зомин семинарига ташриф буюрган устозлар ва ёш ижодкорларнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Наргиза Асадова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёшлар билан ишлаш бўлими мутахассиси:

— Бу йилги Зомин семинарининг ўтган сафаргиларидан яхлит фарқларидан бири, кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаганимиздир. Масалан,  Республика Бадиий академияси маҳоратли ёш рассомлари семинар ижодкорларининг биринчи китобларига китобат санъати бўйича ёшликка хос мунаввар суратлар ишлаган бўлса, Ўзбекистон Маданият вазирилиги тавсияси билан келган ёш хонандалар мумтоз куй-қўшиқлари билан семинар иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди. Ўзбекистон кинематография агентлиги томонидан тақдим этилган моҳир сценаристлар эса ёш драматурглар билан ишлаб, сўнгги йилларда суратга олинган тарихий бадиий фильмлар ҳавола этишди. Буларнинг бари санъат ва маданият соҳасини адабиёт билан янада уйғунлаштиришга, китоб деган буюк мўъжиза атрофида ҳар бир тизимни бирлаштиришга хизмат қилади.

Шаҳбоз Файзуллаев,
Ўзбек Миллий Академик драма театри ёш режиссёри (Навоий):

— Семинарнинг жорий мавсумида «Назм» йўналишида иштирок этдим. Авваламбор, бу йилги семинар кўлами кенгайгани менга ва тенгқур ижодкор дўстларимга жуда маъқул келди. «Назм ва наво» шиори остида ўтказилган семинарга Композиторлар Уюшмаси аъзолари, ёш режиссёр ва бир қатор хушовоз хонандалар ҳам жалб этилди. Адабиёт ҳамиша бошқа санъат турлари, жумладан куй ва мусиқа билан бақамти бўлишининг ёрқин исботи . Қатнашчилар йўналишлари бўйича шўъбаларга бўлиниб, маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлишди. Мен иштирок этган шўъбада машғулотларни дастлаб шоир Салим Ашур, Адиба Умирова, Фароғат Худойқуловалар ўтказишган бўлса, кейинчалик, нафис шоира Зебо Мирзо, шоир ва таржимон Азиз Саид ҳам ўз фикрларини ёш ижодкорларга улашишди.

Паризода Рўзибоева,
Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби (Фарғона):

— Бу йилги ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинарида иштирок этиб, азиз ва қадрдон устозлардан адабиёт, шеърият, ҳаёт ва сўз ҳақида маҳорат дарслари олдим. Назм шўъбасида иштирок этиш жараёнида ҳақиқий шеър қандай ёзилмоғи керак, шеърият елкамизга ортаётган масъулиятни яна бир қадар ҳис қилдим.

Эндигина ижод қилишни бошлаган пайтларимданоқ Дўрмон, «Истеъдод мактаби», Зомин семинарида иштирок этаётган опаларим, акаларимга ҳавас қилиб шеърлар машқ қилардим.

Бугун эса ўзим шу семинар иштирокчисиман. Пурвиқор тоғлар, Зоминнинг сўлим табиати бағрида адабиётимизнинг забардаст вакиллари бўлган устозлар билан бўлиб ўтган суҳбат умрбод эсимдан чиқмаса керак.

Aзизбек Юсупов,
Гулистон Давлат университети талабаси (Тошкент вилояти):

— Биз кўпчилигимиз семинар ва тадбирлардан четроқда юришга уринамиз доим. Чунки, бундай тадбирлар ижодкор руҳиятини юпқалаб, вақтини олиб қўяди деб ўйлаймиз.

Буюк рус ёзувчиси ва шоири Иван Буниннинг шундай ажойиб гапи бор: «Сенинг ижодингга ҳақиқий баҳони фақатгина ҳақиқий ижодий муҳит бера олади!» Бу йилги Зомин семинарида ўша муҳитни кўрдим. Шу аснода ижодим, ютуқ ва камчиликларим ҳақидаги фикрлар келажакдаги ижодий фаолиятимда ҳам қўл келишига аминман.

Раҳматжон Бобожонов  ёзиб олди.

Манбаа: «Халқ сўзи» сайти

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.