Шоира Дилбар Ҳайдарова: Қуёш сонатаси

0
818
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залида шоира Дилбар Ҳайдарованинг  “Қуёш сонатаси”  номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбирни  уюшма раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид кириш сўзи билан очиб, шундай деди: Мамлакатимизда ижодкорларга алоҳида эътибор берилаяпти. Уларга ”Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларни, кейинги даврда амалга оширилган улуғвор ўзгариш ва ислоҳотларни  назм ҳамда насрда ва публицистикада акс эттиришлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Ижодкорлар турар-жойлар билан таъминланаяпти. Давлат мукофотлари билан рағбатлантирилмоқда. Яқинда Зомин туманида уюшма аъзолари учун яна бир дам олиш маскани ишга тушаётганлиги  ижодкор аҳли давлатимиз эътибори  ва эъзозида эканлигини яна бир бора ифодалайди. Халқимизнинг бунёдкорлик  руҳи ва миллий қадриятлари ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун биз ижодкорлар бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”.

Сирожиддин Саййид Дилбар Ҳайдарова шеърларининг ҳамишагидек самимийлиги, жўшқинлиги, замон билан ҳамнафаслиги ҳақида гапириб, адабиёт майдонида ўз ўрни борлиги ва янги дил дафтари Қуёш сонатаси”  китоби билан қутлаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоа фонди томонидан “Адиб ва жамият” туркумида чоп этилган китоблар тўпламини гуллар билан армуғон қилди.

Муаллиф билан бўлган учрашувда сўз олган иштирокчилар — ўзбек халқининг севимли шоирлари Абдулла Шер, Азим Суюн,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари шоира Шарифа Салимова ва Хосият Бобомуродова , “Қуёш сонатаси” китоби муҳаррири  Носиржон Жўраев, Уюшма раисининг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари Ғайрат Мажид  каби кўплаб елкадош ижодкорлар  шоира ижодий фаолияти ва асарларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ўз фикр – мулоҳазаларини билдирдилар.

Шоиранинг «Норин мавжлари» номли илк китобига академик Воҳид Зоҳидов «Дилбар шоира» номли мақола ёзиб, оқ йўл тилаганини, “Муҳаббат фасли»,  «Настарин»,  “Тожмаҳал» каби ўнлаб шеърий ва насрий тўпламлари  чоп этилганини таъкидладилар.

Дарҳақиқат,  шоира Дилбар Ҳайдарованинг шеърлари тақдимот қатнашчилари таъкидлаганидек  ўзидек содда, жўшқин ва самимий. Шоира ижоднинг ушбу ўзига хослиги “Ўша- ўшаман” шеърида ҳам ўз ифодасини топган.

Юрибман-да, доим ўша-ўшаман,

Боладай хаёлкаш, боладай содда.

Дарё, денгизларга қараб жўшаман,

Ҳар бир яхшиликни сақлайман ёдда…

Шоира ўзи куйлаганидек, боладай хаёлкаш, боладай содда кишигина Яратганнинг инъомлари – ер-у кўкдан, дарё-ю денгизлардан, борлиқнинг жамики назокату нафосатидан завқлана олади. Ана шу завқу шавқ илҳом бағшида қилади.

“Қуёш сонатаси” китобидан эса шоиранинг турли йилларда ёзилган муҳаббат, садоқат, яхшилик, эзгулик каби юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган бетакрор шеърлари ўрин олган.Қуёш сонатаси” шеърининг китобга ном қилиб танлангани ҳам бежиз бўлмаса керак. Ушбу назмда юрт таровати, элимиз одамларининг гўзал қадриятлари эзгу оҳангларда  қўшиқдек томирларга оқиб кириб дилларни нурлантиради, қалбларни яйратади. Шеъриятнинг кучи ҳам қудрати ҳам ана шунда! Инсон руҳиятини эзгуликларнинг кенгликларига  бошлаб кетишида!

Қуш учса қаноти куяди,

Бу иссиқ сўрайди жонга- жон

Қуёш ҳам куйдириб суяди,

Куйдирдинг, Осиё, онажон.

 Қуёшли мамлакат қизиман,

Қуёшдай қиздирар юзларим.

Қуёшни суйганнинг изиман,

Қуёшда қорайган кўзларим.

Шу Қуёш аслида отамдир,

Онамнинг ширмондай юзлари,

Далага қўр тўккан Ҳотамдир,

Ҳосилга ғарқ қилган кузларни.

Дунёда қуёшга зорлар кўп,

Кўп эллар нурга тиланчи.

Эримай тургувчи қорлар кўп,

Буғдойни олганда биз янчиб.

Ўзбекнинг боласи сабрли,

Суяги меҳнатда қотади.

Меҳнатдан топиб ал-жабрни,

Қуёшдай қуёшга ботади.

Биз Дилбархон билан Ўзбекистон телевидениесида ёнма-ён ишлаган йиллари танишганмиз. Шунга ҳам ўттиз йиллар бўлиб қолди. Шу-шу ижодини кузатиб келаман. Оилавий кутубхонамиздан шоира дастхат ёзган кўплаб китоблари жой олган. Вақти – вақти билан очиб ўқиб тураман. Дарҳақиқат, шеърларида ўзидек самимийлик, соддалик, жўшқинлик мавжуд.

Ушбу эзгу ниятлар, оташли сатрлар осмон қадар юксалаверишини сайтимиз ижодкорлари номидан тилаб қоламиз.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.