Шоира Шамс: Туркий тилим

0
150
марта кўрилган.

Жон нақшига чин заргарим — туркий тилим,
Дил ганжига дур-гавҳарим — туркий тилим.

Ҳар уни-ю, ҳар наърасида ўзлигим,
Руҳимга ҳам жонпарварим — туркий тилим.

Дерман, башар тарихида давринг қадим,
Минг йилларидан сўйларим — туркий тилим.

Афсонадирсан Ирқ тошида ҳамон,
Ёвқур элим, мард саркарим — туркий тилим.

Илдизларинг то Дашти Қипчоқдин келур,
Сосону Кушон, Кишварим — туркий тилим.

Тўқсон икки қавм ичра барҳақ риштадур,
Ҳар қоракўзда жавҳарим — туркий тилим.

Сен – Рабғузий, сен — Югнакий, сен — Яссавий,
Хоқониям, ҳам Қошғарим — туркий тилим.

Моворауннаҳру яна Афросиёб
Сенсан ўзинг, эй дилбарим — туркий тилим.

Лутфий, Атойи доғи Саккокий тили,
Ҳар сўзи қанду шаккарим — туркий тилим.

Сўз мулки султони Навоий лаҳжаси,
Лайлига элтар сарварим — туркий тилим.

Бобурки сендан кечмади то сўнгги дам,
Андуҳларим, армонларим -туркий тилим.

Бир — бир десам, бўлмас адоси ташбеҳим,
Тутсам қалам сен сўзгарим — туркий тилим.

Шоира сен бирла само рақсидадур,
Парвоз учун болу парим — туркий тилим.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.