Шундай марҳумлар борки – улар тириклардан кўра барҳаётдир!

0
1232
марта кўрилган.

Матназар Абдулҳаким шеъри: Дарсдан сўнг

Кимнидир койиди чеккани учун.

Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.

Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра

Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.

       «Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?

       Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.

       Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,

       Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».

Қиш куни — бир тутам. Қорайганди қош.

Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.

Эри ҳам келмади олиб кетишга

«Кўнгли совидими…» — ваҳм этди бирдан.

      Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,

     «Тунаб кетинг, — деди . — Кеч бўлиб қолди»

       Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни

      Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.

Овул тугаб, энди қирга чиққанда

Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.

Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.

«Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё…»

      Юрагини баттар ваҳима босди,

      Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.

     Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай

     Яна кетаверди, кетаверди у.

Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,

Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,

Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,

Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

      Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг — яна, яна,

      Муаллима омон топган бу олов

     Йиртқичга берарди иложсиз сабр.

    Йўловчи — ёқарди, қашқир — тўхтарди,

Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,

Оч йиртқич биларми надир садоқат.

Уйга яқин қолган вақтда тугади

        Муаллимда дафтар, қашқирда — тоқат.

        Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,

        Замин аза очди, замон йиғлади.

       Дафтар топширмаган етти ўқувчи

Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,

На олим, на фозил, на сўз пириман.

Ўз вақтида дафтар топшира олмай

        Қолган болаларнинг бириман.

       Мен яхши биламан, тумор қилмайди

       Ёзган шеърларимни ошиқлар.

      Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,

       Биламан, булар бир оддий машқлар.

Лекин… кетмакдасан келажак сари

Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.

Ўзимча асрагим келади сени

Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.

       Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун

      Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.

      … Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер

      Қашқирлар қўрққувчи китобларимни…

Ҳар сафар бетакрор шоир Матназар Абдулҳакимнинг ушбу шеърни ўқиганимда мижжаларимда ёш қалқади.

Курсдошларнинг ижодий гуругида  хоразмлик дўстимиз ушбу шеърни  улашди. Метрода ўқиб кетаётиб яна ўша оғриқли ҳисларни туйдим. Ўқитувчи образини жуда мукаммал тасвирлаган шоирнинг маҳоратига  қойилман. 

Айтишларича, юқоридаги сувратда мазкур шеърга қўйилган ҳайкал акс этган экан. Табиий-ки уни шоир ҳаётдан олиб ёзган. Ушбу шеъри билан шоир ўқитувчи сиймоси орқали ўзини ҳам мангуликка муҳрлаб кетди, дегим келади. Нукусдаги ушбу ёдгорлик устоз сиймосига қўйилган Осиёдаги ягона монумент ҳисобланади.

Марҳумлар  хотирасига эҳтиром ила Наргиза АСАДОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.