Тақдир тақозаси билан ўғлимизга Бўстонлиқ туманининг узоқ қишлоғидан келин олдик. Келиннинг онаси бир йил олдин оғир дарддан вафот этган. Тўй арафасида “Қиз онаси қабрини зиёрат қилиб келсин”, деб айтган гапларимизга яқинлари эътибор қилмадилар.
Тўй эртаси келинни, яқинларини олиб йўлга чиқдик. Қишлоқ кўчалари поёнига етар-етмас келин тушган машинанинг суви қайнади. Хўжайним ҳайрон. Автомобиллар узоқ сафарга мослаб, пухта назоратдан ўтказилган. Келин тушган машина сал юриб-юрмай яна қайсидир жойидан ишкал топди. Ишқилиб, кутилмаган қисмлари ишдан чиқаберди ва йўл-йўлакай таъмирланди. Самарқандга келганда эса шаррос ёмғир қуйди. Ёмғир пасайгунча дам олдик. Тонг оқараётганда йўлда давом этдик.
Бир пайт елиб бораётган машина ойнасидан тенгма-тенг чопиб келаётган аёлга кўзим тушди. Сочлари ёйилган, ғамгин кўринишли аёлни танидим. Қудамнинг уйида, девордаги суратда кўрганим, келиннинг раҳматли онаси! Бор овозда чинқирдим. Юрагим худди қинидан чиқди. Хўжайним машинани тўхтатди. Оқариб кетгандирманки, орқа ўриндиқда келаётган келинни, синглиси ва бувисининг қўрқув аралаш тепамда қараб туришларини илғадим. Зўрға ўзимни ўнгладим ва ҳаяжондан қалтираб, воқеани айтдим. Шу орада ҳамроҳларимиз, қайнонам, қайнукаларим тушган машиналар олдимизга келиб тўхтади.
Воқеани эшитган қайнонам йўл чеккасига ўтириб, қудамнинг руҳи покларига бахш этиб Қуръон тиловот қилди.
Яна йўлдамиз. Машиналар қушдай учаяпти. Лекин менинг кўз ёшларим тинмади. Бу не синоат?
Онаизор ўлиб ҳам гўрида тинч ётмаса?! Руҳлари недан безовта? Фарзанди учинми?
Аллоҳ насиб этса қизига ҳеч ким озор етказмайди.
Вақт ўтиб синоат сирини англагандай бўлдим. Бечора аёл бебош фарзандларининг ситамларидан бу дунёни эрта тарк этган. Худди шу озорлар қизи орқали менга, ўзи сингари жафокаш аёлга ҳам даҳл қилишидан огоҳ этмоқчи бўлган экан. Сен чеккан оғриқларни қизинг менга ҳам ҳис қилдирмоқда.
Ҳеч бўлмаса у дунёда руҳларинг ором топиб, охиратинг обод бўлишини Аллоҳдан сўрайман.
Бекпошша Хўжаева, Хоразм