СИРОЖИДДИН САЙЙИД: КИМ ТИЛНИ БИЛУР — ЭЛНИ БИЛУР (Аваз Ўтар ғазалига мухаммас)

0
49
марта кўрилган.

Гар ушбу Ватан бизга азал ота макондур,
Султонларидин шаъни анинг рўйи жаҳондур.
Ким тилни билур — элни билур, шонига шондур,
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур1.

То ёғмасалар бошингиза таънаю тошлар,
Тошдин ҳам қатиқ бўлгусидир илм ила бошлар,
Эй сиз, қоракўзу қорасочу қорақошлар,
Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билаки андин аёндур.

Бўлмас кишига кўрку ҳусн сўзни гулидек,
Ҳар тилни билув — дилни билув, дилни — элидек,
Тилни йўли ҳам шоҳ жаҳонгирни йўлидек,
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.

Ҳақ сизга берибмиш сувингиз ҳам далангизни,
Ўз боғингизу, қир-адирингиз, лолангизни,
Тенг айлаб жаҳон аҳлига куч-ҳафсалангизни,
Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

Умр ўтгусидур сув каби ё сувдаги хасдек,
Дилбандларингизнинг бари дарёйи ҳавасдек,
Илм олмасалар умр бўлур тийра қафасдек,
Зор ўлмасун онлар дағи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидан они бағри тўла қондур.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.