Сўх туманида шеърият кечаси

0
527
марта кўрилган.

Отажоним Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг таваллуд куни муносабати билан   Сўх туманига таклиф қилишди. Жуда гўзал шеърият кечаси бўлиб ўтди.

          Фарғона водийсининг сўлим гўшаларидан бўлмиш Сўх тумани ўзининг ўзгача табиати билан кишини ром этади. Мафтункор бу маскан нафақат ўсимлик ва ҳайвонот оламининг бетокрорлиги билан эмас, балки турли бебаҳо конлари билан ҳам ажралиб туради. Яна бу туманда қадимдан зироатчилик, чорвачилик, боғдорчилик, овчилик ва ҳунармандчилик аҳолининг асосий машғулотларидан ҳисибланади. Шунинг учун ҳам бу ердан “Буюк ипак йўли” ўтган ва маҳсулот айрибошлаш қулай бўлган. Шунингдек, бу тумандаги тоғларда қадимий тарихий табиий ғорлар кўп бўлганлиги сабабли ҳам одамзоднинг ибтидоий жамоа тузими даврида яъни, тош даврида қандай яшаганлиги билан олимлар мудом қизиқиб, илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

    Бундай жаннатмакон ва тарихий ҳудудда табийки ижодкорлар ҳам кўплаб етишиб чиқади.  Шеърият кечасида вилоятнинг кўплаб ижодкорлари ўз шеърлари билан мухлисларни мамнун  қилишди. Ана шундай бўлғуси шоиралардан бири сўхлик Маҳтобахон Саидаҳматовадир.

Қуйида унинг ижод намунасидан  сизга ҳам илиндик.

Шоира Орипова,

“Шарқ аёли” маркази директори ўринбосари

 

                           Юрак урса ҳамки Ватан деб урсин

  Дунёга келдингми мақсадинг бўлсин,

 Қалбинг шижоати шодликка тўлсин.

 Яхшию ёмонни фарқлай бил эй дўст,

 Юрак урса ҳамки Ватан деб урсин.

 

Кўзларинг кўрса гар ёруғ оламни,

Ҳар битта нигоҳинг яхшига тушсин

Бир он четга сургин дарду аламни,

Кўзларинг кўрса ҳам Ватанни кўрсин.

 

 Орзу-умид ила бир қаср қургин,

 Унинг пойдевори ишончдан бўлсин.

 Сен қурган шу қаср она Ватанга,

 Заррача бўлсада кўрк қўшиб турсин.

 

 Ватанга муҳаббат, садоқат ила,

Босган ҳар қадаминг хайрли бўлсин

 Ниманики тиласанг Ватан деб тила,

 Ҳар орзу, ниятинг ижобат бўлсин.

 

 Ўғил-қизларингга тўғри йўл кўрсат.

 Токи улар сени йўлингда юрсин.

 Олға интил энди ўтмасин фурсат,

 Фарзандинг юраги Ватан деб урсин.   

Маҳтобахон Саидаҳматова

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.