Сўзи ўлмаганнинг ўзи ҳам ўлмас

0
1078
марта кўрилган.

Бу йил Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Асқад Мухтор таваллудининг 100 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Ушбу табаррук сана муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Шарқ” нашриётида атоқли адибнинг “Танланган асарлар” китоби чоп этилмоқда. Ушбу салмоқли нашрдан севимли адибимизнинг энг сара асарлари ўрин олган. 

Таниқли ёзувчи Хайриддин Султон томонидан мазкур китобга ёзилган Сўзбоши қуйида жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда. 

                                                                     __________________________

Қарийб қирқ йилдирки, ҳар бири ўзига хос ижодий мактаб яратган кўп устозлардан касбу кор ва маҳорат сирларини ўргандим ва ҳануз ўрганиб келаман. Аммо улар орасида мутафаккир адиб Асқад Мухтор ўнлаб ижодкорлар қатори мен учун ҳам биринчи муаллим – устоди аввал бўлган, деб ҳамиша фахр-ифтихор билан такрорлайман.

Гарчи у кишининг вафотидан буён салкам чорак аср ўтган бўлса-да, асарлари бугун ҳам биз билан бирга яшамоқда. Сўзи ўлмаганнинг ўзи ҳам ўлмас. Демак, бугун Асқад Мухторнинг иккинчи умри давом этмоқда. 

                                                                           1 

Асқад аканинг болалик, ёшлик даври қандай кечганини биз фақат унинг айрим асарлари ва адиб ҳақида ёзилган китоблар орқали биламиз, холос. Лекин шу нарса аниқки:

Ойдинда туғилиб, жўякда чайилган,

Ғўза билан ўсган боламан.

Дарс ўрнига қор кечиб, лой кечиб,

Пахта терганимни эсга оламан, – 

деган сатрлар унинг болалиги ҳам миллионлаб ўзбек болаларининг қисмати каби кечганидан далолат беради.

Мен у кишини ўтган асрнинг 70-йиллари бошида яқиндан таниб-билганман. 

Бундан қирқ икки йил муқаддам, дорилфунунни энди битирган кезларим тақдир менга Асқад аканинг қўл остида ишлаш бахтини насиб этди. Дастлаб, “Гулистон” журналида “умидли муаллиф” сифатида қатнашган бўлсам, кейинчалик икки йил мобайнида у кишининг бевосита раҳбарлигида хизмат қилдим. Бу йилларни ҳаётимнинг энг файзли ва унутилмас даври, деб айтсам, хато қилмаган бўламан.

Асқад аканинг 1970 йили “Гулистон” журналига бош редактор этиб тайинланиши алоҳида бир тарих. 

“1966 йили Ўзбекистонда “Гулистон” журнали қайта очилди, – деб хотирлайди таниқли шоир ва олим Абдулла Шер. – Бу – ўзбек халқининг маънавий ҳаётидаги жуда катта воқеа эди (шўролар даврида, ҳозиргидек, хоҳлаган одам ёки ташкилот, маблағи кўтарса, журнал очолмасди, ҳар бир нашр, у ҳатто шапалоқдеккина газета бўлса ҳам, Масковнинг рухсати билан ташкил қилинарди). 

Мен – журналистика факультетининг талабаси, ўқув амалиётини шу журналда ўтказдим. 

“Гулистон” барчанинг севимли журналига айланган эди; унда луғатдаги русчалаштириш ва оврўполаштиришга қарши ўзбекчалаштириш, шарқлаштириш учун кураш борарди: “революция” – “инқилоб”, “редакция” – “таҳририят”, “автор” – “муаллиф”, “поэзия” – “назм” ёки “шеърият”, “проза” – “наср”, “философия” – “фалсафа” тарзида муомалага киритиларди; “Темур тузуклари” форсчадан таржима қилиниб, сонма-сон босиларди (таржимон эса Шарқий Туркистоннинг норасмий президенти бўлган, гоминданчи-босқинчилардан ўлканинг деярли 90 фоиз ҳудудини озод этган, СССР КГБси томонидан алдов йўли билан Тошкентга бир кечада олиб қочиб келинган “халқ маршали”, илоҳиётчи олим, файласуф ва адиб Алихонтўра Соғуний эди); инглиз тарихчи олимаси Ҳильда Ҳукҳемнинг Амир Темур ҳақидаги китобидан парча, академик Иброҳим Мўминовнинг “Темур ва темурийлар” мақоласи шу журнал орқали халққа етиб борди; Расул Ҳамзатовнинг миллий қадриятлар ва озодликни улуғловчи “Доғистоним” асари Эркин Воҳидов таржимасида босила бошлади. “Гулис­тон” миллий журналга айланиб бораётган эди…”

Сиёсий ҳушёрликни унутиб, “адабий партизанлик” йўлига ўтиб кетган собиқ фронтчи, журналист-адиб Иброҳим Раҳим ўрнига болалар уйида тарбия топган, шу боис совет ҳокимиятига чин дилдан садоқатли, сиёсий позицияси мустаҳкам, эҳтиёткор деб ҳисобланган Асқад Мухтор журналга раҳбар этиб тайинланади. 

Миллий зиёлилар, афкор омма Иброҳим Раҳимнинг қўлидан тушган байроқ Асқад Мухторнинг қўлида қандай ҳилпирар экан, ҳилпирармикан ўзи, деган хавотир билан жимгина кузатиб турарди. 

Янги бош муҳаррир икки ўт орасида қолган эди. Гарчи партия ва халқ — бир тану бир жон, деб барча минбарлардан жар солинса-да, ҳар иккисига бирдек ёқиш амримаҳол вазифа эди. 

Хўш, Асқад ака раҳбар сифатида иш бошлагач, журналда қандай ўзгариш юз берди?

Бу ҳақда ўша воқеаларнинг нафақат гувоҳи, балки фаол иштирокчиси бўлган Абдулла Шер шундай деб ёзади: 

“Ташқаридан қараганда, гўё журналда ўзгариш бўлгандек кўринарди: “Темур тузуклари”, “Доғистоним” тўхтатиб қўйилган, “бош муҳаррир” ўрнига — “бош редактор”, “муаллиф” ўрнига — “автор”, “таҳрир ҳайъати” ўрнига — “редколлегия” ёзиларди, олдингига қараганда замонавий материалларга кенгроқ ўрин бериларди. Аммо синчковлик билан назар ташлаган киши журнал материаллари тобора теранлашиб бораётганини, бевосита эмас, Эзоп тилида билвосита миллий ўзликни танишга даъват этувчи, ўқувчини ўйлантирадиган мақола ва асарлар берилаётганини, миллатимиз тарихи яна ҳам дадилроқ ёритилаётганини кўриши мумкин эди.” 

Шу тариқа, зоҳиран компартия Марказий Қўмитасининг нашри бўлмиш “Гулистон” журнали бош муҳаррир ва ижодий жамоанинг ақл-заковати, қатъияти туфайли моҳият эътибори билан эркин ва теран фикр минбарига, сўз бўстонининг чинакам гулистонига айланиб, кенг ўқувчилар оммасининг ишонч-ихлосини қозона боради. 

Маънавий бедорлик, руҳий безовталик, халқ дардини юракдан туйиш, фаол фуқаролик позицияси, нуқтаи назарнинг кенглиги ва холислиги каби хислатлар “Гулис­тон”ни эл орасида машҳур ва манзур қилган эди.

Асқад ака журнал бош муҳаррирлигига тайинланаётганида Марказқўм раҳбарияти журнал ададини кўпайтириб бермоқчи бўлади. Шунда у киши кутилмаган гапни айтади: “Йўқ, униси ўзимизга қолсин. Одамлар излаб ўқийдиган бўлсин. Сиз айтсангиз, мажбуриятга айланиб қолади”.

Дарҳақиқат, қисқа вақт ичида журнал адади уч юзу эллик мингдан ошиб кетади. 

                                                                              2

Бу даврда журнал саҳифаларида ўзбек жамиятида катта шов-шув қўзғаган қандай ўткир мақолалар чоп этилганини кўпчилик яхши эслайди. 

Ўша йиллари “Гулистон” таҳририятида ишлаган яна бир таниқли адибимиз Тоҳир Маликнинг хотиралари ҳам бу фикрни тасдиқлайди:

“Асқад Мухтор муҳаррирлиги остида чиққан “Гулис­тон” журналини варақласак, кун тартибига қўйилган кўп муаммоларни учратамиз: кўҳна ёдгорликларни асраш, табиатга меҳрибонлик, “СЖК” (зотдор қўйларни сунъий урчитиш — таҳр.) деб аталмиш қоракўлчилик офатига қарши исён, “машинада минг тонна пахта терди”, деган ёлғонни фош этиш, амалпарастлик хасталигини кўрсатиш, пахта ҳосилдорлигини кўтариш мақсадида тупроқни, одамларни заҳарлашга қарши туриш… 

Булар осон ечиладиган, кун тартибига қўйилгани учун раҳбариятдан раҳмат ёғиладиган муаммолар эмасди. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бирининг ўткир тиш­лари бор эди. Ҳар бири маълум маънода партия олиб бораётган сиёсатга қарши эди. 

Кўпчилик Асқад акани “ғоят эҳтиёткор” деб таърифлайди. Бу унча тўғри эмас, эҳтиёткор одамда худбинлик, қўрқоқлик бўлади. Эҳтиёткор одам жиддий масалаларни четлаб ўтади, алёр айтиб юраверади. Журналдаги ҳар бир жиддий мақола дўст-душманларни бир сескантириб оларди. Жумҳурият раҳбарлигига, Москвага журналнинг “хато”ларини байроқ қилиб кўтарувчи мактублар оқими тўхтамасди.”

Гапнинг давомини яна ҳассос шоиримиз Абдулла Шердан эшитайлик:

“Дарҳақиқат, “Гулистон” журнали Асқад ака раҳбарлигида том маънодаги миллий журналга айланган эди. 

Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов деб юрган халқ Октябрь тўнтаришигача Жўрабек Қаландарқори ўғли деган генерал бўлгани, у бир неча ғарб ва шарқ тилларида эркин сўзлаша олгани, унинг кутубхонасидан Бартольд, Семёнов сингари шарқшунос олимлар фойдаланганини, у Фурқат, Фансуруллобек, Сатторхон Абдуғафуров, Саидрасул Саидазизов, Инъомхўжа Умриёхўжаев сингари ватанпарварлар билан биргаликда Миллий озодлик лигасини тузишга уринганини ва чор хуфиялари томонидан Қўйлиқдаги боғида сирли равишда ўлдирилганини билиб олди. Фурқат, авваллари ёзиб келинганидек, Россиянинг Ўрта Осиё устидан ҳукмронлигини қўллаб келган шоир эмас, балки миллий озодлик ҳаракати раҳбарларидан бири, Жўрабек ўлдирилмасидан бироз олдин алдов билан, паспортсиз хорижга чиқарилиб, кейин Ватан ҳудудига киритилмаган зиёли эканидан, генерал Кауфман енга олмаган қўмондон аёл Қурбонжон додхоҳдек мард онахонларимиз ўтганидан, Намоз Пирим ўғли, мустамлакачилар алам билан ёзганларидек, ўғри эмас, миллат озодлиги учун курашган халқ қаҳрамони бўлганидан одамлар “Гулис­тон” орқали биринчи марта хабар топган эдилар. Андижон қўзғолони раҳбари Муҳаммад Али эшоннинг дор остида: “Мен Ватан озодлиги учун қурбон бўляпман! Яшасин озодлик! Босқинчиларга ўлим!” деган сўзлари ўзини таниган ҳар бир журналхон қалбида акс-садо берган эди. 

Бу миллий қаҳрамонларимиз ҳақида ёзган Мурод Хидир, Шариф Юсупов, Ҳамдам Содиқов, Наим Норқулов, Ҳайдарбек Бобобеков сингари истеъдодли зиёлилар илк марта халққа ҳақиқатни очиб бердилар. 

Ана шундай материалларни Асқад Мухтор нафақат ўтказарди, балки уларнинг муаллифларига “Гулистон”нинг махсус мукофотларини топширарди”.

                                                                                             3

Одатда муҳаррирлар ҳақида гап кетганда, уларнинг фаолиятига қандай жасоратли мақолаларни эълон қилганига қараб баҳо берамиз. Лекин шундай материаллар бўладики, уларни чоп этмаслик ҳам бир қаҳрамонликдир. 

Бош муҳаррир сифатида Асқад ака кўксини қалқон қилиб қайтарган материалларни, афсуски, кўпчилик билмайди. 

Масалан, бир гал Эркин Воҳидовга қарши каттагина мақола ёзиб келтирилади. Нима эмиш — ғазаллари эскилик руҳида, феодализмни идеаллаштирар эмиш. Албатта, бу мақола журнал юзини кўрмайди. Муаллиф жанжал кўтаради. Масалага Марказқўмнинг катта мавқега эга масъул ходимлари ҳам аралашади. Унга жиддий сиёсий тус бериб, ишни “дошқозонда қайнатмоқчи” бўладилар. Асқад ака қатъий туриб, барчасини босди-босди қилади. Эҳтимолки, бу воқеалардан ўша вақтда Эркин Воҳидовнинг хабари ҳам бўлмаган…

Яна бир гал атоқли олим Иброҳим Мўминовга ҳужум уюштирилади. У кишининг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихида тутган ўрни” рисоласига қарши москвалик бир “мутахассис” ёзиб келган мақола “Гулис­тон” журналидан қайтарилади ва охир-оқибат собиқ Марказ босими билан бошқа жойда эълон қилинади. 

Адабиётшунос олим Эргаш Рустамовга қарши, диний-мистик шоир Аҳмад Яссавийни кўтар-кўтар қил­япти, деган туҳмат мақоланинг “Гулистон”да чоп этилиши учун ҳам қаттиқ тазйиқ ўтказилади. Аҳвол шу даражага етадики, Асқад ака ахийри: “Аввал мени бош муҳаррирликдан бўшатинглар-да, сўнг бу кишига тош отинглар!” — дейишгача боради. 

Асқад Мухтор раҳбарлигида таҳририятдаги фаолият — бу саккиз соатлик одатий иш эмас, тинимсиз, кеча-кундуз давом этадиган маърифий кураш майдони эди.

Эҳтимол, бугун бу гаплар муболаға бўлиб туюлар, аммо ўша замонда “Гулистон”да чиқиш — ёшу қари юзлаб адиблар учун фахру ғурур, истеъдод шаҳодатномасини қўлга киритиш билан баробар эди. Бу даргоҳда унвону нуфуз деган матоҳлар ўтмас, ҳар кимнинг молига — ёзган матнига қарабгина тош-тарози қўйилар эди. 

                                                                                   4

Асқад акани таниган-билган барча одамлар унинг табиати, кўнгли, диди ниҳоятда нозик бўлганини эътироф этадилар. 

Аммо бу нозиклик, устоз мунаққид Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, қиличнинг ўткир тиғидек, керак пайтда ёмонлик ва жаҳолат томирини шартта чопиб ташлайдиган қудратга эга нозиклик эди.

Сўзимнинг исботи учун қуйидаги лавҳага кўз ташлашингизни сўрайман:

“Истеъдодли шоир, носир, журналист Анвар Эшонов (Худо раҳмат қилсин) ўша кезлардаги “отахон газета” — “Совет Ўзбекистони”да ишларди. Нима бўлди-ю кўзбўямачи, порахўр амалдор тўғрисида фельетон ёзиб, аждарҳонинг думини билмай босиб олади. Фельетон бўлган одам нақ Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби В.Ломоносовга тегиш­ли экан. Табиийки, фельетон асоссиз деб топилиб, газета узр сўради, Анвар Эшонов эса муҳокама қилиниб, ишдан қувилди. У “қора рўйхат”га тушган эди, бирор-бир матбуот органи унинг мақоласи тугул, на шеърини, на ҳикоясини босарди — бояқиш ҳар жиҳатдан қийналарди. 

Кўп истеъдодли ёшларга яхшилик қилган, ўта талабчанлиги билан ном чиқарган Ваҳоб Рўзиматов Асқад аканинг олдига кириб, Анвар Эшоновнинг аҳволини тушунтиради. Асқад ака: “Бўлмаса, ўзининг яхши кўрган мавзуида бир ҳикоя олиб келсин, берворамиз”, дейди. Анвар ака Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбек аскарлари ҳақида ҳикоя олиб келди. Ҳикоя журналда чиққач, Марказқўмнинг иккинчи котиби бош муҳаррир номига: “Нега Марказий кўмитанинг журнали туҳматчи, ҳалол совет кишисини атайин қоралаш билан шуғулланган, жамиятимизга ёт журналистнинг маза-матрасиз материалини босди?” — деган мазмунда хат юборган, Асқад ака эса унга жавоб ёзишни атайин эп кўрмаганини билдириш учун жавобни ўзи тайёрлаб, мактуб тагига: “Журнал бош муҳаррир ўринбосари: В.Б.Рўзиматов” деб ёзиб қўйган эди. 

Бу — В.Ломоносовга нега осмондан келасан, ўпканг­ни бос, деган гапни англатарди. Чунки у даврда Марказқўм котиби у ёқда турсин, ҳатто оддий инструкторга ҳам хатлар бош муҳаррир имзоси билан жўнатиларди. Бундай “одобсизлик”ка Ломоносов умрида биринчи марта дуч келган бўлса керак. 

Хатда эса икки оғиз, совуққина қилиб, Анвар Эшонов истеъдодли ёш ёзувчи, унинг журналда эълон қилинган ҳикояси совет ватанпарварлиги ва халқлар дўстлигини тараннум этади, журнал саҳифаларида бундан буён ҳам шундай материалларни бериб боришни таҳририят мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди, қабилидаги расмий сўзлар ёзилган эди.

Шу-шу, Анвар Эшоновнинг номи аста-секин яна матбуотда кўрина бошлади, хатга “реакция” бўлмади. Икки орада Ваҳоб ака тарихга кирди — бошқа бирор муҳаррир ўринбосари Марказқўмнинг иккинчи котибига тенгма-тенг туриб хат ёзмаган.” (Абдулла Шер хотираларидан).

Вақт-соати етиб ўзбек матбуоти тарихи билан шуғулланадиган бирор тадқиқотчи халқимиз маънавий ҳаётида бутун бир даврни ташкил этадиган “Гулистон” журнали тарихини ҳам ёзишига ишонаман. Эҳтимолки, ўшанда Александр Твардовский бошқарган “Новый мир” журнали ўз вақтида рус жамиятига қанчалик ижтимоий таъсир кўрсатган бўлса, фидойи муҳаррир Асқад Мухторнинг “Гулистон”и ҳам ўзбек жамиятининг ижтимоий ҳаётига шунчалар кучли таъсир кўрсатгани янада тўлароқ очиб берилар…

1980 йили ҳаётимда ҳали-ҳануз юрагимни зирқиратадиган бир воқеа юз берди: азбаройи ёшлик ғурури сабаб, ўзим севиб-ардоқлайдиган, менга кўп яхшилик ва мурувват кўрсатган, тарбият қилган қадрдон “Гулистон” жамоасидан кетишимга тўғри келди. Асқад аканинг мени бу енгилтак қароримдан қайтариш учун қилган барча ҳаракатлари зое кетди. 

Таҳририятнинг ҳурматли бир ходими менинг шаънимга айтган бир оғиз ноҳақ сўз учун бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирдим.

Кейинчалик ҳамкасбим Эркин Аъзам ҳам худди шундай ҳолатга тушди ва ҳамон бундан изтироб чекиб юради.

Энди тасаввур қилинг: Асқад аканинг ўрнида бошқа ҳар қандай одам бундай шогирдларни умрбод оқ қилиб юборган бўларди. Аммо устоди аввал шу қадар олижаноб, бағрикенг инсон эканки, биздан хафа бўлганини, кўнг­ли оғриганини сира-сира сездирмади. У кишининг бизни самимий қўллаб-қувватлашини, хайрихоҳ ва дуогўйлигини ҳамиша сезиб яшадик. 

1982 йили Эркин Воҳидов “Ёшлик” журналига бош муҳаррир этиб тайинланганида, ижодий жамоани қандай шакллантириш тўғрисида маслаҳат сўраб Асқад акага мурожаат қилади. У киши эса бир неча ижодкорлар қаторида ана шу икки шогирдини ҳам тавсия этади. Шу тариқа биз “Ёшлик” журналининг асосчилари сифатида янги жамоада иш бошладик.

Баъзан менга адабий силсилалар тарихида анг­лаб бўлмас бир қонуният бордек туюлади. Ўз даврида Иброҳим Раҳим, Асқад Мухтор каби устозлар кўтарган байроқ бугун “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, янги “Гулис­тон” таҳририятлари пештоқида ҳилпирамоқда.

                                                                             5

Асқад Мухтор — ниҳоятда билимдон, хаёл ва ҳофиза уфқи бағоят кенг, излаш-изланиш ва тафаккур бутун борлиғининг мазмуни бўлган улуғ санъаткор эди. 

Абдулла Қаҳҳор, агар Европа қаричи билан ўлчаганда ҳам, Абдулла Қодирий ижоди энг юксак талабга жавоб беради, дея таъкидлаганидек, Асқад Мухтор ижоди ҳам XXI асрнинг адабий мезонларига кўп жиҳатдан муносиб бўлиб келмоқда. 

Маълумки, у кишининг машҳур “Чинор” романида даҳо адиб Лев Толстойнинг Ясная Полянада тошкентлик маърифатпарвар Абдулаҳад қори билан учрашуви тасвирланган бир боб бор. 

Бир куни устоздан ушбу ҳикоя қандай яратилгани ҳақида сўрадик. 

“Бу воқеа реал тарихий асосга эга, — деди Асқад ака. — Толстойнинг кундалигида 1910 йил 24 сентябрига доир қайдлар орасида мулла Абдул Воҳид қори ҳақида бир жумла бор. Мен мулла Абдул Воҳид қорининг таржимаи ҳолини ўрганганман. Асарда Абдулаҳад қори деб берилган. У тошкентлик, қариндош­лари ҳали ҳам бор. Думага аъзо бўлган, подшога ёзган эҳтиётсиз мактуби учун Тула губерниясига сургун қилинган. У ҳақда доғистонлик шерикларидан бирининг китоби ҳам бор”.

Кундаликка битилган бир жумладан шундай мукаммал бадиий картина яратиш учун, табиийки, ижодкорнинг истеъдоди илоҳий зиё билан йўғрилган бўлиши шарт. 

Асқад аканинг ўзи ёзганидек: “Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахс­лар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак”. 

Абдулаҳад қори билан Лев Толстой суҳбатини тас­вирлар экан, адиб улуғ мутафаккирнинг ички дунёсини, унинг изтиробли туғёнларини ниҳоятда ишонарли ва таъсирчан жонлантириб беради:

“— Мана ўша сиз айтган Столипинни олайлик. Отасини яхши билардим, ўзини ҳам болалигида тиззамга ўтқазиб эркалатганман. Ҳозир у ҳам одамларни осяпти, чопяпти. Чунки хизмати шунақа. Бу хизматга шунинг учун кирганки, ўзининг баҳоси сариқ чақа, хизматда эса йилига саксон минг оляпти. Олий табақа деб аталган бу жамиятнинг ҳаммаси шунақа, мулла. Подшоҳ ҳам мустасно эмас. Агар у ахлоқи комил киши бўлса, мен ундан илтимос қилардим: одамлараро меҳру муҳаббат ҳукмронлигини жорий этинг, деб…”

“Чинор” романини варақласангиз, унинг саҳифаларида бири-биридан гўзал ва теран маъноли ривоят, ҳикоят ва қиссаларга дуч келасиз. Абу Наср Форобий ва Лев Толстой каби беназир зотлар билан хаёлан ҳамсуҳбат бўласиз. Севильядаги Дон Жуаннинг тош меҳмони сирларидан ҳайратга тушасиз. Германияда ўзбек доктори Умида Қориеванинг бошидан кечган ғаройиб воқеалар сизни беихтиёр тўлқинлантиради.

Юрт бошига иш тушганда ёвга қарши курашиш ўрнига тош орасига биқиниб олган қўрқоқ бир жонзотнинг охир-оқибатда ялқов ва ҳиссиз тошбақага айланиб қолгани ҳақидаги ривоят кишини чуқур ўйларга толдиради. Ўзининг фалсафий маъноси билан бу ривоят Франц Кафканинг “Эврилиш” ҳикоясига ҳамоҳангдек туюлади.

“Бухоронинг жинкўчалари” қиссаси ҳам ёзувчи тахайюл оламининг нақадар кенглигидан, адибнинг ҳар қандай тарихий маълумотга бадиий сайқал бериб, уни қайта тирилтира олишдек ноёб салоҳиятидан далолат беради.

Қиссада ХХ аср бошидаги Туркистон ўлкасининг маҳзун манзаралари, мустамлакачи тузумнинг маккор сиёсий фитналари, жадидчилик ҳаракатининг шукуҳли ва фожиали онлари, Файзулла Хўжаев сингари юзлаб ёш бухороликларнинг озодлик ва адолат истаб тангу тор, жинкўчаларда сарсон-саргардон кезишлари, уларнинг руҳий туғёнлари, қалб исёнлари улуғ бир ҳасрат, беқиёс маҳорат билан тасвирлаб берилади.

“Инсоф — дин соф”, дейди қиссанинг маърифатли қаҳрамонларидан бири. Аммо худбинлик ва разолат, ҳокимият учун кураш турли сиёсий кучларнинг ҳаёт матлабига айланган бу ола-тасир йилларда эзгулик, меҳр-оқибат, инсофнинг заволга юз тутиши натижасида дин “соф” эмас, тобора “соб” бўлиб бораётганини кўриб, юрагимиз қайғу-андуҳга тўлади. Таъбир жоиз бўлса, халқимиз, миллатимиз жоҳиллик, ҳирсу ҳавас, майда манфаатлар туфайли боши берк жинкўчаларга кириб қолгандек туюлади.

Асқад Мухторнинг 1958 йили — 38 ёшда ёзган “Қорақалпоқ қиссаси” деган асари бор. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам бу қисса тўғрисида ҳақ гапни айт­ган: асардаги совет тузумини мадҳ этувчи, “мазмуни замонасозлик” қилиб битилган беш-олти саҳифани истисно этган ҳолда, уни бугун ҳам бемалол нашр этиш ва катта қизиқиш, завқ-шавқ билан ўқиш мумкин.

Ушбу қисса муаллифи Фарғонада туғилиб ўсган, кейинчалик европача муҳитда тарбия топган бўлса-да, ўзи учун нисбатан узоқ бўлган қорақалпоқ эли ҳаётини, унинг урф-одат ва қадриятларини нақадар чуқур билиши кишини лол қолдиради.

Келинг, асардаги мана бу кичкина парчани биргалашиб ўқийлик:

“Бошқарма олдида ўтов керагалари, кигизлар, ҳар хил кўчлар уюлиб ётибди, одам гавжум. Чўл томондан кўч кўтариб келаётганларни дам ҳазил билан, дам узоқ суриштириб кутиб олишмоқда. 

— Сен қайдағи, мен қайдағи, қўшилибди Шимбайдағи! Қўшинг не, томир? 

— Байбише. 

— Тиренгши?

— Тирем жекенсал.

— Урувинг не?

— Кенгтанау уруви, не қилди?

— Улкен урувши?

— Улкен урувим мўйтен, оқшўлпон ўраниндан, тамғаси тапишқи.

— Мўйтен шуллуқданма, жаунғирданма?

— Шуллуқдан-ғўй.

— Арисинг ўзимизнинг қўнғирот экан-ов?

— Ҳовва.

— Э, селеметмисан, қуда!”

Китобдан бу иқтибосни келтиргач, ўйлаб қолдим: уни ўзбекчага таржима қилиш керакми ёки аслича қолдирган маъқулми? 

Бироз мулоҳаза юритиб, бугунги ёшлар ҳам тушуниши учун бу ғаройиб суҳбатнинг ўзбекча муқобилини берган тузук, деган фикрга келдим. 

“ — Сен қайдаги, мен қайдаги, қўшилибди Чимбойдаги! Қўшинг нима, қариндош? 

— Бойбича. 

— Аймоғинг-чи? 

— Аймоғим жекенсал. 

— Уруғинг нима?

— Кенгтанав уруғидан, не қилди? 

— Катта уруғинг-чи?

— Катта уруғим — мўйтен, ўрони – оқчўлпон, тамғаси — паншаха. 

— Мўйтен шуллуқдан тарқаганми ёки жавинғирдан? 

— Шуллуқдан-ку.

— Аслинг ўзимизнинг қўнғирот экан-да? 

— Шундай.

— Э, саломат бормисан, қуда!”

Ҳа, энди қорақалпоқнинг уруғию аймоғини билган бўлса, Тўлепберген Қайипбергенов ҳам шунчалик билгандир-да!

Ёзувчининг “Тафт” деган кичкина ҳикоясида қаҳрамон Кобулдаги Боғи Бобур қадамжосини ва у ердаги қари тут дарахтини зиёрат қилади. Унга бу тут Бобур Мирзо даврида ўтқазилган, деб айтадилар. Қариб, йўғон танаси тамоман чириб, ўқ илдизи тупроққа айланган, лекин бир-икки шохида яшил барглар ҳали ҳам шивирлашиб турган дарахт­га қараб қаҳрамон хаёлга берилади. Бу ниҳолни экканлар балки буюк бобомизни кўргандир, деб орзиқади. Тиз чўкиб, тутнинг пўстлоғи бор томонга кафтини узатиб, баданига ўт югургандай бўлади. Шу пайт унга соқчи қилиб ажратилган Маъриф деган аскар боланинг: “Бўлмайди”, деган овозини эшитиб, “Ушлаш мумкин эмас шекилли”, деб хижолат тортади. 

Кейин маълум бўлишича, Маъриф “бўлмайди” деганда бошқа нарсани назарда тутган экан. Унинг отаси бозорда, ўтин растасида тарозибонлик қилар, шу боис, соқчи йигит ҳам ўтиннинг сифатини яхши билар экан. “Энди у ёнса ҳам тафт бермайди. Чиринди”, дейди аскар бола. Бу қари тут ҳали ёнмасдан туриб бир инсонга қанча ёниқ туйғу — тафт бераётганини у шўрлик қайдан билсин. 

Бир дарахтга қараб кимдир аждодлари хотирасини, кимдир ўтинни кўради — ёзувчи эса ҳар икки ҳолатни ҳам кўра олади. 

                                                                                            6

Асқад ака шеъриятда ўзига хос янги йўналиш очган, новатор шоир эди. Буни ўзбек шеъриятидаги энг нигилист шоир ҳам эътироф этмасдан иложи йўқ. 

Шеър ўқиши ҳам ажойиб эди: худди ўтин ёргандек қарсиллатиб эмас, гўёки муҳим бир воқеани сизга ишониб сўзлаб бераётгандай, сокин бир оҳангда ўқирди. Ҳар қандай сунъийлик ёки ясамалик, артистизм у кишига мутлақо бегона эди. 

Асқад ака тинимсиз мутолаа қиларди. Ўқиган китобларини доимо дўсту ёрларга, ҳамкасб-шогирдларга, ўқувчи мухлисларига “илиниб”, тавсия этиб юрарди. Йиғинларда, гурунг ва суҳбатларда жаҳон тарихи, фалсафаси, санъат ва мусиқаси, классик ва замонавий адабиёт масалалари ичида балиқ сувда сузгандек эркин сузар эди.

Бугун адабий урфга кирган модернизм дейсизми, постмодернизм ёки бошқа “изм”ларми, ҳаммасидан чуқур хабардор, барчасидан пухта билимга эга инсон эди. Ўша даврда Иттифоқ миқёсида чоп этиладиган машҳур адабий нашрларда фаол қатнашар, ўз фикрларини дадил ҳимоя қилар эди. 

Асқад ака турли тўда ва гуруҳларга қўшилмас, маишатбозлик, ошхўрликлардан йироқ юрадиган, ғоят тартиб-интизомли, ички маданияти кучли инсон эди.

Заҳматкаш устозимиз ёшлик чоғидан етимлик билан ўсган, шу боис инсон қадрини ҳамма нарсадан юксак тутар эди. Хокисор ва мағрур эди. Бир-бирига зид бу икки хислат унинг табиатида ажиб бир тарзда уйғунлик топ­ган эди. Том маънода камтар, камсуқум эди. Хизмат машинасидан ҳам кўпда фойдаланмас, ишга пиёда келиб-кетарди. 

“Зиёли инсон қандай бўлиши керак?” деган саволга мен бир оғиз сўз билан: “Асқад Мухтордай бўлиши керак”, деб жавоб берган бўлардим. Раҳматли устозимизни яқиндан билган одамларнинг барчаси бу фик­римга қўшилса керак. 

Таъбир жоиз бўлса, у киши том маънодаги маърифатпарвар — ХХ асрнинг сўнгги жадиди эди. Маълумки, жадидларнинг асосий ғояси — маърифат орқали жамиятни ислоҳ қилишдан иборат бўлган. 

Ноёб истеъдоди, нодир ақл-заковати билан Асқад ака шўро тузумининг чириб бораётганини сезар эди, деб ўйлайман. Устоз риё ва ёлғонга, хушомад ва қуллик психологиясига қурилган бу сохта ҳаётни юрак-юракдан рад этар, сиртдан сокин кўринган вужудининг ҳар бир ҳужайрасида улкан бир маънавий-руҳий исён гувиллаб ётар эди. У кишининг бутун фаолиятида турғун ва манфур кўникмалардан қониқмаслик, жамиятни янгилаш, ислоҳ қилишга интилиш яққол сезилиб турар эди. Аммо ўша замондаги минг­лаб-миллионлаб виждонли, инсоф­ли, истеъдодли одамлар сингари, у зот ҳам ожиз, сукутга маҳкум эди. Лекин шунга қарамасдан, бир умр ҳароратли сўзи, гражданлик позицияси билан сохта ақидаларга қарши курашиб яшади.

Умрининг охирида Асқад Мухтор зоҳиран ўзи садоқат билан хизмат қилган, аммо унинг ғайриинсоний сиёсатидан қалби, юраги бениҳоя азият чеккан шахс сифатида совет тузуми ва унинг мафкураси ер билан яксон бўлганини кўрди. Империя вайроналари остида қанчадан-қанча юксак идеаллар, инсон тақдирлари қолиб кетганига ҳам гувоҳ бўлди.

Ҳаёт шомида саробга айланган орзу-умидларини назарда тутиб, аччиқ армон ва афсус билан “Ичимда нола бор”, деб ёзди…

                                                                                               7

Асқад ака умрининг сўнгги йилларида оғир хаста бўлди. Лекин азоб-уқубатларни мардона енгиб, охирги сонияга қадар ижодий изланишдан, тафаккурдан тўхтамади. Гарчи касаллик туфайли тилдан қолган бўлса-да, беҳаловат қалби гўзаллик ва ҳақиқат сари интилишда давом этди. Буни адиб умрининг ниҳоясида битилган мўъжаз фалсафий асар — “Тундаликлар” мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Ёдимда, икки-уч марта раҳматли устозимизни туғилган кунида 

— 23 декабрь куни уйларига йўқлаб борган эдик. 

Асқад ака Жангоҳ даҳасидаги коттежлардан бирида яшарди. Бу уйда адиб ҳашамат ва дабдабага кўмилиб умргузаронлик қилган бўлса керак, деб ўйлаганлар янг­лишади. Хонадон ниҳоятда одми ва ораста, жиҳозлари ҳам соҳиблари сингари камтарона эди. Асқад аканинг ижодхонаси ҳам ортиқча ашёлардан холи, кичкинагина бир бўлма эди. 

Бир гал Эркин Аъзам билан йўқлаб борганимизда, бизга: “Кечаси ишламанглар, соғлиққа зарар экан, кеча уйқу учун яратилган”, деб насиҳат қилди. Устознинг бизга айтган бошқа ўгитлари ҳам бор эди. Лекин биз бош­қаларига амал қилмасак ҳам, шу насиҳатига қаттиқ риоя қилдик, яъни таассуфки, кечаси ҳам, кундузи ҳам ёлчитиб ижод қилмадик. 

Яна бир сафар борсак, устоз, дарди кучайиб, қийналиб ётган экан. Лекин шунда ҳам чинакам зиёлига хос одоб ва маданият билан истиқболимизга пешвоз чиқишга қанчалик урингани асло эсимдан чиқмайди.

Вафодор умр йўлдоши Роза опа, фарзандлари жам бўлиб, у кишини шифохонага олиб кетиш ҳаракатида эдилар. 

Ўша йили домла “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди. Юксак мукофот билан табриклаган бўлдик. Шунда, ҳеч унутмайман — Асқад ака маъюс жилмайиб, икки-уч оғиз сўзни зўрға шивирлаб айтди, яъни: “Ҳа-а… Дўстлик бор, дўстлар йўқ…”.

Мен муҳтарам китобхонлар, қадрли адабиёт муҳибларини, ёш дўстларимизни фурсат топиб, аввало, Асқад Мухторнинг давр синовларидан безавол ўтиб келаётган гўзал ва бетакрор асарларини, устоз ҳақидаги ибратли ёдномаларни ўқишга даъват қилган бўлардим. 

Бу китобларни мутолаа қилган киши ўлмас сўз қудратидан, ёниқ тафаккур алангасидан баҳра олиши шубҳасиз. 

Ўйлайманки, дунёда бундан ортиқ маънавий ҳаловат бўлмас.

Хайриддин СУЛТОН

«HURRIYAT» газетасининг

 2020 йил 23 декабрь 49-сонидан олинди

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.