Умида АБДУАЗИМОВА: Бевафо дунёдан ПОЛВОН УКАМ Собиржон ЎНАР ўтди-ё

0
308
марта кўрилган.

Кечагина «Ковид» сабаб, озиб кетганимни кўриб, Собиржон менга қатъийлик билан: – Мана, машина.  Ўтиринг, 17-шаҳар касалхонасида яхши таниш врачим бор. Юрагингизда сув йиғилган. Сизни яхшилаб текширтираман.  Аниқ биламан тузалиб, аввалгидек бўлиб кетасиз!.. деган эдингиз ғамхўрлик билан.

– Одамлар пул сарфлаб озишади, – дегандим кулиб-кулиб, меҳрибонлингиздан яйраб, – қолаверса, мени роса текширишди. Соппа~соғман. Худо хохласа энди семиришни бошлайман. Ахир, кам дард чекдимми?! «Ковид»дан шифокор синглим, қория қайинсинглим, сўнг онам… кетма- кет кетиб қолишди…

–  Эзилманг-да, – деди кўзларида ёш айланиб меҳрибоним Собиржон укам.

Ўша кунларда нақ ўн икки кило вазн ташлагандим — да, ўзим ҳам! Жигаримдек қайғурганди. Кўнглимни кўтарганди. У ҳатто бир катта даврада рақсга тушаётсам, девдек келиб, ўзимни ҳам кўтарганди! Унинг шунақа одати бор эди. Севиниб кетса, кайфияти кўтарилса ижодкор ака-опаларини шунчаки бармоғининг учида бирдан кўкка етказиб қўярди! Кўрганида қувнаб кетадиган, ҳеч ҳайиқмай йироқдан бағрини очиб келадиган, менинг полвон укажоним, энди хайр-хўшми- а?

Болаларингиз онаси бевақт ташлаб кетгандан бери ҳеч ким унинг ўрнини босмаётганини ҳам билардим. Соғинч дарди охири маҳв этдими-я?! Сизниям олиб кетдими-я?! Начора, ожиз бандамиз. Йиғлаб-сиқтаб кўнамиз. Қолаверса, бу дунё кимга вафо қилган ўзи? Фақат, бироз эрта кетишингиз алам қилади, укагинам. Ёзилмаган асарлар, ёзилган-у эълон қилинмаган қалб оғриқлари қолиб кетди…

У дунёда кенглик бор эмиш. Бу дунёнинг ғавғоларимас, у дунёда тенглик бор эмиш… Ахир Раҳмон ва Раҳим зотнинг олдига кетаяпсиз. Сафарингиз беҳатар бўлсин. Номаъи аъмолингиз ўнг тарафдан берилсин! Чунки, сиз кўнгли очиқ, самимий, камтарин ва Аллоҳ деган банда эдингиз, укажоним!…

От чопса гумбирлар тоғлар дараси,

Собир Ўнар  Жуманбулбул юртин боласи

Куйласа эл тингларди қувонч-у ноласин

На илож, бу фоний дунёдан   барча ўтар-о

Умида АБДУАЗИМОВА, шоира

Таҳририятдан: Собир Ўнар 1964 йил 25 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Қувкалла қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1986).

Илк ҳикояси — «Кунсулувнинг хатлари». Ёзувчининг «Орзуга тўла қишлок» (1989), «Овлоқ адирлар бағрида» (1990), «Чашма» (1991) ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. «Чамбилбелнинг ойдаласи» (2006) асари муаллифи. Қоракалпоқ адиби Х. Тожимуродовнинг «Ов хангомалари» (1990) ҳамда турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг «Карбало фожеаси» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.

2022 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этди. «Охирати обод бўлиб, ётган жойи нурга тўлсин!»- дея дуо қиламиз.  Яқинларига, дўстларига, ижод аҳлига  чуқур таъзиямизни билдирамиз. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.