Умида Абдуазимова: Икки волида

0
250
марта кўрилган.

Таҳририятдан: Олам бепаён, гўзал бетакрор! Чарақлаган қуёш, ярақлаган ой, чаманзор ҳам бор, тиконзор ҳам! Турфа феълли, турли хусусиятли  кишиларни ҳам ўз бағрига олган.  Бағри кенг она Замин шуда! Шоира Умида Абдуазимованинг қатраларида ана шундай файласуфона хулоса мавжуд.

            ДОНО – исми жисмига монандми?

Доно деган дугонамиз дономисан, доно-да!

«Гап»имизга илк қўшилган пайтда «жуда чиройлисиз!», «либосларнгиз ярашибди», «гапни чиройли гапирасиз», «дидингиз зўр экан!»… деб барчани мақтайвериб,  ҳаммамизга ёқиб қолди. Мақтаганни ким ҳам ёқтирмайди дейсиз?!

Сўнг ҳаётини бир-бир баён қила  бошлади:

–  Эрим «пулимни бебилистка ишлатдинг», деб  шундай урарди! Ичиб келса тамом, болам билан тунни кўчада ўтказардик.

“Бечора, ичкилик азобини тортибди-да” дея,  сўзини бўлмай, ачиниб тинглардик:

– Охири ажрашдим. Ўғлим билан ижараларда яшаб, бозорчиларга қайнаган сув, яхна чой сотдим, бировларнинг боласига «репетитор»лик қилдим…

Биз унинг мунгли нигоҳи, пешонасидаги тиришларига раҳмимиз келиб, турли баҳоналар билан: «сизга текин»,  «бу ўғлингизга», – деб совғалар келтирардик.

Сўнг у бир кун яна «ёрилди»:

–  Кеча эримни кўриб қолдим. Донош, чиройли бўлиб кетибсан-ку!, – деди ва эшигим олдигача машинасида келтириб, биргалашиб олган бир хонали «дом»имизга бир кирай ҳам демади!..

–  «Алкаш» эрингиз уй олишга қарашганмиди?

– Бу иккинчиси. Қизимнинг отаси…

–  Иккитами фарзандингиз?

–  Ҳа. Қизимни эрта, ўн беш ёшида узатганман. Очиғи, маҳалламизга келиб турадиган қозоқ йигити Чимкентга олиб қочиб кетган. Уч ойда дараги чиқди, олти йил бўлди, фарзандсиз…  Шунга эзиламан-да! Қариб кетганимни қаранг!..

Унинг кўзларига ёш йиғилади.

–  Ҳеч қаримассиз!

–  Ичимсиз-да, ичимсиз!, деб осонгина кулади у ёнидаги Дилбарнинг тиззасига шапатилаб уриб қўйиб.

–  Ўйланяпман… 

–  Нега, ўртоқжон?

–  Келин ўғлимдан тўрт ёш катта. Ўзи ўғлимга совчи бўлди.

–  Нима?! Шунақаси ҳам чиқибдими?

– Энди билдингизми? Соддасиз-да, опа!

– Тез эрга тегиб, бирга чет элга олиб кетиши керак экан, у ерда яхши иш топибди…

Мен бу гапни ҳушламаганимни билди чоғи, ҳаммани айтган тўйига мени айтмади. Кейинги ўтиришимизда «тўйни енг учида ўтказдим, келин-куёв учиб кетишди», деди.

– Бахтли бўлишсин, охири бахайр бўлсин!

Мана, бир йилдан ошибдики, Дононинг «бахайр» ҳам шикоят, ҳам «шижоат»ини тинглаб, юрибмиз: Келин суюқ оёқ экан, ажрашишармиш, қизидан хат-ҳабар йўқмиш…

– Чимкент қочиб кетмаган-ку, бориб билиб келмайсизми?..

–  Йўқ!

Важоҳатидан жим бўламиз. Ўзи эса ўғли юборган пулга «қовоғи»ни олдирди, лабини шиширди, юз терисини шилиб, ажинларини торттирди… Лекин пучуқ бурун, узун даҳани, лапонглаб юриши, ёқимсиз кулиши – ўша – ўша! Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганларидек, нуқул «доллар»ли либос кияди. Тақинчоқлари ҳам ҳилма-ҳил. Ахир ҳар ой бўладиган гапда бир – икки «йўлчи» аёллар фақат унинг учун Америка, Россия, Туркия томонлардан атаганини келтиради-да!

Мен эса  «уйингизни кенгайтиринг,  беш-ўн сўм жамғармангизни ўғлингизнинг яхши кунига атаб қўйинг», – деб, уни ўзимга тескари қилиб қўйдим. Бугун ҳам ёнимда ўтирса-да, мендан тескари қараб, фақат ёнидагилар билан гаплашди. Эшитиб турибман, тирноғини икки юз, қошини юз элликка «тарошлатиб» келибди. Пайғамбар ёшидан ўтганимга ўғлим юборган кўйлакни кўрсатай дедим, деб тиззадан юқори олов ранг либосини кўз-кўз қилиб ўтирди.

Ҳа, у ҳам она...

К У М У Ш

Кумуш чинакам кумуш экан, ишлагани ва ишлов берилгани сари ялтиллаб борди!

Талабалик даврининг иккинчи йилида турмушга чиқди. Эри ва ўзининг стипендиясини йиғиб, қайин опасининг ўғил тўйига той олиб борди. Чунки почча чучук тилли болани уларнинг олдида гапиртирди:

– Ўғлим, тоғанг суннат тўйингда нима олиб келади?

–  О-оот!

–  Қанақа от?

– Қизил от!

Қизил тойчоқ келгач Кумуш  онаси қилган оҳорли қизил баҳмал дастурхонни унинг устига ёпди, мунчоқ ва тиллақошлар билан безатиб, ҳай-ҳайлашиб грузовойга ортишиб юборди.

Сўнг эри тўйда поччанинг эски «Запорожец»ини олишга ваъдалашиб келди. Итаришиб уйга киритилган машина учун икки йил пул тўланди. Бунинг учун эр картошка экди, Жиззахдан олма, Олтиариқдан узум келтириб сақлаб, қишда Фрунзега олиб бориб сотди. Ҳуллас, ўша машина бир-икки юрган бўлди-ю,  яна тир-тир қилиб тўхтади. Ниҳоят, ҳовлини ҳира қилиб йигирма йил ётган машинани улғайиб қолган ўғли йигирмата релсга алишиб юборди. Яхши қилган экан, уй кўтаришига яради.

Сўнг пешонасига янги машина битди. Очиғи кредитга олинган енгил машина ўқитувчи эрининг ва ўзининг ойлиги кушандасига айланди. Кечқурунлари кракашлик қилиб, топиб келинган пулга эри бозорлик қилиб берарди. Тўй-ҳашамларга борганида бу машина ҳам Кумушнинг хизматини қилмади. Чунки ўғли ўқишда, эри тунда кира қилиб чарчаган… Ўша – ўша, кредитни ёп, пулини тўла билан уч йил ҳам ўтди. Бу ёқда ўғлига уй солишни бошлаб қўйишган…

Гап- гаштакларга борганида ҳам дугоналари шаҳарнинг у бурчига бўлса ҳам боласи ёки эрини олиб кетишга чақирарди. Кумуш эса иложи борича улар билан яқинроққа етиб олиб, қолганига жамоат транпортида уйига кетарди. Шу «Гап» деганлари ҳам яхши экан, бировдан беш минг сўрасанг,  вақт келиб, дарров қистайди.  «Гап»чилар эса юз, юздан ташлаб осонгина йиғиб беради. Ҳар ойда асталик билан тўланган гапнинг пули асқотиб, уй ҳам қад ростлай бошлади. Уйда эса ҳамон эски гап: Харажатни камайтиринг, дадаси! Товуқ гўшти ола қолайлик, қўй гўштининг нархи баланд экан…Тухум ҳам гўшт ўрнини босяпти, ҳарна товуқлар ейди, йўл четига жўҳори экиб қўйинг. Мевалар ҳозирча  қиммат, янгилик деб пулни кетгазманг, том ёпишга беш миллион керак!… 

Уста гаплашган, бузилган уйларга кириб ишлатилган эшик ром, ғишт, тунука… нима бўлса ёппасига савдолашиб, ҳайдовчи ёнига ўтириб, уйига келтирган ҳам Кумуш… Ахир эри ишда, ўғли ўқишда, ўзининг эса ҳарҳолда, раҳбар номи бор, мажлисдаман, деб чиқиб кетиши мумкин…

Ҳа, Кумуш ҳам она...

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.