Халқ дардида яшаган шоир  Шавкат Раҳмоннинг рафиқаси билан суҳбат

0
488
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда маданият, санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳиссасини қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига асосан  Шавкат Раҳмон ҳам «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени билан тақдирланди.

Шу муносабат билан Дилобар  Аслиддин  қизи XX аср ўзбек адабиётининг бетакрор шоири Шавкат Раҳмоннинг рафиқаси Манзура Раҳмонова суҳбатлашди. 

– Шоирнинг қисқа, бироқ мазмунли умрини мен у кишиннг шеърларида кўраман. Афсуски, ижодкорлар орасида турмуш ўртоғингиз ҳақида маълум муддат ижод оламидан узилиб қолган. ОАВ ларда чиқишлари  тўхтатилган. Оз муддат турғунлик даврини бошидан кечириб, ишсиз юрган, деган фикрлар юради. Оғир ҳолатларда шоирнинг кайфияти қандай ўтарди?

– Моддий томондан ҳеч оғринган, камчиликлардан нолиган даврларимиз бўлмаган. Топганимиз дастурхонимизга ҳамиша етган. Шукрона билан яшаганмиз.  Телевидениеда она ватан, халқим, деб шеър ўқиётган баъзи шоирларни кўрса, бошқа каналга олдиртирарди. Айрим шоирларни сўзи бошқа, ўзи бошқа иккиюзламачи дерди. Чунки, умр йўлдошим чин инсон эди. Доим бировларга ёрдам бергиси келарди. Адолатсизликларга бўйин эгишни хоҳламасди. Ишлаган ҳар бир ташкилотда ўзидан яхши ном қолдирган. Ходимлар манфаати учун самарали ишлар қилган. Ҳамиша юлғич, порахўр раҳбарлар билан курашган.

Ижодкор ва шоир сифатида ўзбек тили давлат тили бўлиши учун курашган. Мактабларда ўқувчиларнинг  Ўзбекистон тарихи дарслигига кўпроқ соат ажратилишини талаб қилиб,  кўплаб чиқишлар қилган.

Ўзбек-қирғиз миллати ўртасида низо чиққан пайтда, бир дин, бир қавм вакиллари нега урушди, деб азоб чекди. Буларнинг тепасида катта ўйин бўлаётганини сезиб эса унданда азобланарди. Ҳатто маслакдошлари билан бир бирга бу борада собиқ  СССР раҳбарларига ва Ўзбекистон етакчиларига мактублар ҳам йўллашган.

У анча вақт Ғафур Ғулом номидаги нашриётда шеърият бўлими бошлиғи лавозимида ишлади. Ўша даврда лирика мезонларига мос келмайдиган шеърларни чоп этилишига, мазмунсиз шеърларни оммага эълон қилинишига рухсат бермас эди… Шеърга қаттиқ талаб қўярди, замон шоирлари ҳам шунга мос шеърлар ёзишга уринишарди… Замондошлари Шавкат Рахмонга шеъриятнинг «фильтри» деган ном ҳам қўйишганди.

– Шоирнинг рафиқаси сифатида оғир вазиятларида ёнида бўлгансиз. Сизга ҳам осон бўлмагандир…

– Тўғри, Шавкат Раҳмоннинг оғир кунларида ҳам, қувончли кунларида ҳам ёнида бўлдим. Қийналганда бирга азоб чекдим. Бошидан не кўргулик ўтса, ўз бошимдан ўтказдим…Шоир жуда зеҳнли, фаросатли инсон эди. Аёлларни эъзозларди. Аёл киши эъзозланган юртда барака, файз бўлади, дерди. Бирор марта аёлларни ҳақорат қилганини, уларнинг орқасидан ёмон гап айтганини билмайман. Қизларини жуда яхши кўрарди. Бутун умр фарзандларини дуо қилиб, келажагини фаровон бўлиши сўраб ўтди. Фарзандларимнинг отаси инжиқ эмас эди, аммо ўзининг айтганини қиладиган қатъиятли инсон эди, чунки айтгани ҳамиша тўғри бўлиб чиқарди. У узоқни кўра биладиган инсон эди. 

Турмушимдан нолимайман. Буюк инсон билан бирга нафас олганимни бугунги кунда янада яхшироқ тушинаман. Шоиртабиат бўлсада, ҳаётга реал қарар эди. Мен унга яхши дардкаш, маслакдош бўла олдимvи, деб ўйланиб қоламан. Бугун Шавкат Раҳмон орзу қилганидик, фарзандларимиз  барчаси олий маълумотли. Ҳар биттасининг феълида отасининг принципларига содиқлик, ҳалоллик, тўғрисўзлик мавжуд. Шунинг учун бўлса керак  ҳозирги кунда уларниг ҳаммаси жамиятда ўз  ўрнига, ҳурмат ва обрў-эътиборга эга.  Доим ҳамкасблари ва раҳбарларидан миннатдорчилик эшитиш мен учун жуда қувонарли.  Набираларимиз ҳам билим олишда бири-биридан ўзиб,  камол топишмоқда.

– Умуман олганда кейинги йилларда шоир ҳаёт йўлини абадийлаштириш бўйича қилинаётган ишлар сизни қониқтирадими?

– Албатта, шоирнинг рафиқаси сифатида унга қилинаётган ҳар бир эътибордан бошим кўкка етади. Ўзи унвонлардан қочган, кўплаб мукофотларни рад этган. Унга мансаб ёки лавозим керак бўлмаган. Унга яхши ижодий муҳит, шароит керак бўлган.

Шавкат Раҳмон шеърларини тушунадиган, яхши таҳлил қиладиган адабиётшунослар бармоқ билан санарли. Аммо Шавкат Раҳмон ижодини ўрганишга астойдил бел боғлаган олимлар ҳам йўқ эмас. Адабиётшуносларга унинг шеърияти очилмаган бир қўриқ бўлса, таржимачиликдаги ижодий фаолияти алоҳида йўналиш, дея ҳисоблайман. Мен Шавкат Раҳмонни нафақат шоир сифатида, балки жамоат фаоли, ўзбек тилининг жонкуяри, халқпарвар инсон сифатида ҳам эсланишларини истардим.

Дилобар Аслиддин қизи суҳбатлашди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.