Хайриддин СУЛТОН: БУ ХОТИННИНГ ЭРИ ЙЎҚМИДИ?

0
28
марта кўрилган.

Биринчи курсда бизга антик адабиёт фанидан Вилоят Файзиева деган доцент опа дарс берган эди. Софокл ижодини ўрганишга етиб келганимизда у киши:

‒ Шанба куни Ҳамза театрида “Шоҳ Эдип” спектакли ўйналади. Бош ролда ‒ Шукур Бурҳон. Кечқурун соат беш яримда ҳаммангизни театр кассаси олдида кутаман. Биргалашиб кўрамиз, кейин дарсда муҳокама қиламиз, ‒ деб эълон қилди. 

Ғириллаб шанба ҳам етиб келди. Биз, нодон, ўйинқароқ талабалар, табиийки, театр ҳақидаги гапни айтилган заҳоти унутган эдик. Тўғри‑да, ўзингиз ўйланг ахир, ҳафтада бир келадиган муборак кун ‒ шанбани пиво ё футбол, ё чойхонадаги ош ўрнига қанақадир театрга қурбон қиладиган анойи бор эканми?

Виждони пича қийналган битта‑яримтамиз эса дарҳол ўзимизни оқлайдиган важ‑карсон топдик: келармиди, айтди-қўйди-да. Нима, бу хотиннинг бошида эри, қайнонаси, бола-чақаси, уйида рўзғор ташвиши йўқми, ишдан кейин биз билан театрда етаклашиб юрса…

Душанба куни маълум бўлдики, йигирма бешта талабадан биронтаси “Шоҳ Эдип”га бормабди. Шоҳ бўлса ўзига.

Антик адабиёт дарси бошланди. Опа Ҳомер ҳақидаги мавзуни жуда мароқли қилиб тушунтириб берди. Хайрият, театрга келмаган экан, деб биз ҳам енгил тортдик.

‒ Шанба куни сизларни театрда бир соат кутдим, ‒ деди. ‒ Афсус, келмадинглар. Келаси шанба соат беш яримда касса олдида кутаман. Хайр.

Қаттиққўл, талабчан бу опанинг бизни койиб-нетиб ўтирмаганини кўриб, ҳайрон қолдик.

Яна шанба келди. Ҳар ким ҳар ёққа тарқаб кетди. Спектакль тағин эсдан чиқди. 

Душанба куни маълум бўлдики, йигирма бешта талабадан учта қиз, улар ҳам туғилган кундан чиқиб, театрга борибди. Доцент Вилоят Файзиева билан “Шоҳ Эдип”ни томоша қилишибди. Уларнинг спектакль ҳақидаги таассуротлари “Даҳшат!” деган битта сўздан иборат эди. 

Тағин антик адабиёт дарси бошланди. Опа Эсхил ижоди ҳақида зўр маъруза қилди. Дарс тугагандан кейин бизга қараб секингина:

‒ Шанба куни кутдим, йигирма икки киши яна келмади, ‒ деди. ‒ Афсус. Сизларга битта саволим бор: Тошкентга нега келгансизлар ўзи? ТошДУда ўқияпман, деб аввало ота-онангизни, кейин ўзингизни алдаб юргандан кўра, ҳалиям кеч эмас ‒ қишлоқларингизга қайтиб кетганингиз маъқул. Далангизда қўй боқиб, боғингизда олма қоқиб юрсангиз ҳам кунингиз ўтади. Лекин театрни, галереяни, консерваторияни, музейни кўрмасдан-билмасдан туриб, одам қандай журналист бўлиши мумкин? Қандай зиёли бўлиши мумкин? Эртага бошқа миллат вакиллари билан қандай тенг бўлиб гаплашиши мумкин?

Ҳаммамиз бошимизни эгиб олган эдик.

‒ Шанба куни соат беш яримда сизларни театр кассаси олдида кутаман, ‒ деди опа, кейин сирли оҳангда қўшиб қўйди: ‒ Эй нодон болаларим, Шукур Бурҳон ҳам ғанимат, кўриб қолинглар. Хайр.

Домланинг гаплари жон-жонимиздан ўтиб кетган экан, шанба куни ҳаммамиз ясан-тусан қилиб Ҳамза театрига бордик. Опа касса олдида бизни кутиб турган экан, биргалашиб залга кирдик.

Спектакль бошланди ва беш дақиқа ўтмасдан биз… жинни бўлиб қолдик ‒ саҳнада буюк Шукур Бурҳонни, бетакрор Қудрат Хўжаевни, беқиёс Амин Турдиевни кўриб… Асқад Мухторнинг илоҳий таржимасини эшитиб…

Спектаклга бошқа одамлар бўлиб кирган эдик ‒ бутунлай бошқа одамлар бўлиб чиқдик.

Антик адабиёт муаллимаси Вилоят Файзиеванинг шарофати ва марҳамати билан, афсунгар санъатнинг қудрати билан қалбларимизда мана шундай буюк эврилиш юз берди.

Шу кундан эътиборан барчамиз театр шайдоси ‒ ашаддий “театрал”ларга айланиб қолдик.

Ҳамза театрининг ҳам энг гуллаб-яшнаган даврлари экан. Шахсан мен театр саҳнасида қўйилган “Ҳаёт шоми” спектаклида Олим Хўжаевни, “Ғарибларда” Наби Раҳимов билан Сора Эшонтўраевани, “Ўғирланган умр”да Яйра Абдуллаевани, “Олтин девор”да Ғани Аъзамовни ўз кўзим билан кўриш бахтига мушарраф бўлдим.

Вилоят опа эса бир семестр дарс бериб, биз билан хайрлашиб кетди. Умр йўлларида қайтиб кўришиш насиб этмади.

…Баъзан туриб-туриб ўйлаб қоламан: чиндан ҳам бу хотиннинг бошида тергайдиган эри, қайнонаси, этагига ёпишадиган бола-чақаси, рўзғор ташвиши йўқмиди? Бор эди, албатта. Ўзи курсдош қизларимиздан Матлубага айтган экан: учта боласи, тажанг бир эри, заҳаргина қайнонаси билан бирга яшар экан.

Лекин, назаримда, бу аёлнинг қалбида ўзбек зиёлиси, ўзбек миллати учун қайғуриш туйғуси бор эди. Ва бу туйғу қолган ҳамма нарсадан устун эди.

Хайриддин СУЛТОНнинг “Навоий-30” (Жанри йўқ китоб) асаридан

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.