ХЎЖАМНИНГ МАМАЛАГИ (ҳикоя)

0
70
марта кўрилган.

Хўжамнинг мамалаги бор. Баъзи-баъзида йўлдан адаштириб туради. Айниқса, менинг қариндошларимникига борадиган бўлсак.

Катта оғамнинг фарзандлари кўп. Борди-келдиси, тўй-томоша, марака, садақаси шунга яраша. Оғомга ўхшаб фарзандлари ҳам очиқ қўл. Борини кўпчилик билан баҳам кўрса ҳаз этадилар. Мен ёлғизгина синглисиман. Жиянларим амма деб бошларига кўтарадилар. Шу оғамнинг уйига йўл олсак Хўжамга мамалак эргашади.

Оғомларнинг хонадонларига элтадиган тўппа-тўғри кўча бор. Афсуски, биз баъзан бир кўча олдинги йўлдан айланамиз. Ва боши берк кўчалардан қайтиб, қайсидир диғириқларга кириб, бир аммаллаб уйни топиб борамиз.
Ё оғомларнинг кўчасига айланмай машиналар бир томонлама ҳаракат қиладиган йўлда давом этамиз. Кейин узоқлардан йўл босиб изга қайтамиз.

Норози бўлиб уфлашим, қайта-қайта соатга қарашимдан каловланади. Куйиниб ўзини оқлайди:

-Била кўра қилади деб ўйлайсан! Чунки кўнглинг қора! Оғонгларнинг йўлида мамалак бор. Мени адаштиради.

-Мамалак топ ўзингиз! Қариндошларимникига борадиган бўлсак миннат қиласиз. Вақтни сурасиз. Кечиктириб, асабларимни ўйнатиб, кейин йўлга чиқасиз. Кўр одам ҳам топадиган оддий йўлку! — деб чарвойичилик қиламан.

-Индамиииин ўтир! Идорамни ҳайдовчиларига ишонганман. Йўл билан ишим бўлмаган. Пенсияга чиқиб шофёрингга айландим-қу, шукури йўқ кампир!

Менга қилғилиқни қилгани билан барча қариндошларимни яхши кўради. Уларга қўшилиб яйрайди. Эркаклар даврасидан ҳаммадан кўп унинг хуш кайфиятли овози янграб туради.

Бекпошша Хўжаева

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.