Хотин-қизлар, оналар билимдон бўлса миллат юксалади

0
69
марта кўрилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий:  “Тараққий этган миллатларни оналари ўқитур экан,  биз аввал оналаримизни ўқитуб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандур”.

Аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек, илм ва китоб — инсон умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлгувчи содиқ дўст. Инсоннинг руҳий-маънавий камолотини таъминлашда китобчалик кучли қудратга эга хеч қандай тенг келадиган восита йўқдир. Шу боисдан, азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган. Тарбиянинг барча мезон ва унсурлари, аввало, оилада шакллантирилганидек, китобхонлик маданиятини тарбиялашда ҳам оиланинг ўрни ниҳоятда каттадир. Доно халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақадар мазмунли нақлига таянсак, бу моҳият янада мухим, янада долзарб босқичга кўтарилганини англаймиз.

Дарҳақиқат, шахснинг юксак маънавиятли, кенг дунёқарашли инсон сифатида камолга етишида, бир сўз билан айтганда ҳар томонлама такомилга етишида оилавий муҳит, оилавий қадриятлар асосий восита ролини ўтайди. Зеро, жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг  пурмаъно ҳикматлари ҳар бир ўқиган инсоннинг хаёлига халқимизнинг: “Отаси ўқиганнинг бири ўқийди, онаси ўқиганнинг бари ўқийди”, деган қанотли сўзлари келиши табиий.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, фарзанд тарбиясида оналарнинг битмас туганмас хиссаси борлиги, бош ролни асосан оналар ўйнаши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Чунки, китобга бўлган мехр-мухаббат биринчи оиладан, ота-онадан бошланади. Болани маънавиятли, китобхон қилиб тарбиялаш ҳам биринчи галда оналарнинг зиммасидаги вазифалар сирасига киради. Улуғ шоирларимиз, алломаларимиз, шунингдек  ҳар биримиз болаликларимизни эсга олганимизда ўз-ўзидан бежиз эмас бувиларимиз, оналаримиз айтиб берган эртаклар, ривоятлар, ўқиб берган китобларни кўнгилларимиз офтоб мисол ёришиб, тўлқинланиб, хаяжонланиб тилга оламиз. Шу ўринда барча китобхонлар қалбидан жой олган атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг қуйидаги қуйма сатрларини ёдингизга солмоқчиман:

Болалик кунларимда,

Уйқусиз тунларимда,

Кўп эртак эшитгандим,

Сўйлаб берарди бувим.

Оналаримиз, бувиларимиз, момоларимиз бугунги давр тили билан айтсак, беғубор болалигимизнинг чинакам маънавият тарғиботчиси, ҳар бир оиланинг намунали китобхони бўлган экан. Бир-биридан қизиқ эртаклар, шеъру ҳикоялар, халқ ҳикматларини, оиладаги муқаддас тушунчаларни, урф-одатларни, каттага ҳурмат, кичикка иззат, “Мехнат, мехнатнинг таги рохат” каби қадриятларни қулоғимизга қуйишган.

Хўш, бугун-чи?

Маълумки, ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг турли жабхаларда сифат даражасини белгиловчи кўрсаткичлардан бири ҳисобланган интеллектуал авлод сафининг кенгайишида ёшларнинг китобга бўлган меҳри етакчи омил ҳисобланади. Лекин, бугунги юксак ривожланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асрида бутун дунё бўйлаб нафақат ёшлар, балки кўпчилик катта ёшли инсонлар, айниқса оналаримиз, хотин-қизларимизни китоб ўқишга, мутолаага бўлган иштиёқини янада кучайтиришимиз айни куннинг долзарб вазифасига айланди.

Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, мутолаа маданиятини такомиллаштириш борасида ҳар доимги даврдан бир неча баробар кўп миқдорда самарали ишлар амалга оширилмоқда, ташвиқот-тарғиботлар олиб борилмоқда. Шундай бўлса ҳам, оилавий муҳитда китобхонлик маданияти такомили қониқарли даражада деб бўлмайди. Китобсевар оилалар билан бир қаторда, уларнинг акси бўлган оилавий муҳитни ҳам учратишимиз ачинарли. Шу боис ҳам, кейинги вақтларда Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламлари, хусусан, ёшларни китоб мутолаасига қизиқтириш, шу орқали уларни мустақил фикрлашга ўргатиш, дунёқарашини шакллантириш, жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларидан баҳраманд этиш муаммосини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

 Ўз навбатида, Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, инфратузилма ва ўқув тизими, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида “2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури” қабул қилиниб, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланганини ҳам айтиб ўтиш лозим. 

 Ушбу дастурга асосан Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхонлик ҳафталиги” юқори савияда ўтказилиши янада китобсеварлар сонининг ортишига, мутолаа маданиятининг ошишига олиб келмоқда.

Шу ўринда, китобхонликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга давлатимиз томонидан юксак эътиборни яъни “Ёш китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” республика кўрик-танловларининг ҳар йилги ғолибларига бош соврин сифатида енгил автомобиль совға қилиб келинаётганлигини фахр ва ифтихор билан эътироф этиб ўтиш лозим.

Мамлакатимизда, айниқса, сўнгги йилларда ушбу йўналишда салмоқли ислоҳотлар амалга оширилиб, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Натижада бугунги кунда аёллар жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида тобора етакчи ўринларни эгаллаб, таълим, маданият ва илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, яқинда давлатимиз раҳбари тасдиқлаган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади айнан “Хотин-қизларни  қўллаб-қувватлаш, уларнинг  жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш”, деб номланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур мақсад доирасида, жумладан:

  • жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
  • гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш;
  • хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.

72-мақсад эса Аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда «Китобсевар миллат» умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш ва  аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш. белгилпнган.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган мақсадларнинг ижроси сифатида бўлиб ўтаётган, анъанага айланиб улгурган, ўта долзарб ва ўз навбатида нуфузли маънавий тадбирга эътиборингизни тортмоқчиман.

2022 йил 17 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин она тилим» шиори остида «Мутолаа оламидаги китобхон миллат» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этилган тадбирда Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбари Зулайҳо Маҳкамова, «Оқила аёллар» ҳаракати фаол аёллари, олима, ёзувчи, шоира, Тошкент шаҳар маҳаллалари фаол аёллари, 100 нафардан ортиқ кутубхона ходимлари иштирок этдилар.

Қўмита раиси Зулайҳо Маҳкамова, бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги роли ва ўрнини ошириш, оилалардаги оналар маънавияти, маданияти ва билимларини ошириш орқали келажак авлодларимизни комил инсон қилиб тарбиялашга эришиш, бунда китоб ва мутолаанинг ўрни ва аҳамияти муҳим эканлигини сингдириш, бу борадаги ишларни ташкил этишда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутолаа тарғиботини самарали ташкил этиш учун энг яхши адабиётлардан иборат кўчма кутубхоналар ташкил этиш, бундай кутубхоналарни республикамизнинг энг чекка туман ва қишлоқларигача етиб боришини таъминлаш учун тизимли ишлар олиб борилиши зарурлигини таъкидлади.

 Шоиралар Зулфия Мўминова, Мунаввара Усмонова, Сайёра Туйчиева, олима Жамила Шермуҳамедовалар ўзбек тилининг жуда бой тил эканлиги, ота-боболаримизнинг ўзбек тилида ёзиб қолдирган бетакрор асарлари, ижод намуналари ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, шеърларидан армуғон этдилар.

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени  сохиби, шоира Зулфия Мўминова барчани яқинлашиб келаётган тил байрами билан табриклаб, ўзбек тилининг мафтункор ва бой тарихга эга эканлигини, уни асраб-авайлашимизда бугунги миллат оналарининг роли, соф ўзбек тилида сўзлашишида китоб ва мутолаанинг ўрни муҳимлиги, кутубхонага доимий ташриф буюрувчи китобхон онанинг фарзанди ҳам албатта китобга ошно бўлиши, сабаби оилада фарзанд тарбияси ва дунёқараши бевосита онага боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди ҳамда буюк доғистонлик адиб Расул Гамзатов ҳаётидан ибратли ҳикоя сўзлаб берди: Буюк адиб Расул Ҳамзатов хизмат сафари билан Францияга кетаётган чоғида қишлоқдошлари у билан хайрлашиш учун йиғиладилар ва бир она ўзининг фарзанди Францияда 25 йилдан буён истиқомат қилаётганини ва унга саломини етказишни тайинлайди. Хизмат сафаридан қайтган адиб онага фарзанди билан суҳбатлашганини ва унга саломини етказганини айтади. Она: «Ўғлим сен билан ўз она тилида суҳбатлашдими?» деб сўрайди.   Адиб: “Йўқ, биз таржимон орқали гаплашдик, мен рус тилида, у эса француз тилида” деб жавоб берибди.

Онаизор ўйчан, анча муддат жим сукут сақлади. У қора рўмоли билан юзини ёпди, аёллар фарзандлари ўлса шунақа қиладилар. Яна бироз жим тургач, у кескин тарзда дебди: – Расул, сен адашибсан, ўша одам менинг ўғлим эмас, у аллақачон ўлиб кетган. Менинг ўғлим ўзим ўргатган она тилини, авар тилини унутиши мумкин эмас”.

Бундай ибратли воқеалардан хулоса шуки, фарзандлар тарбиясига кўпроқ масъул бўлган оналарнинг ўзлари, аввало, она тилини асраб-авайлаши ва ўз фарзандларига ўрнак бўлишлари кераклигини англаймиз.

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журналининг Бош муҳаррири ва эл севган шоира Мунаввара Усмонованинг кутубхоналар тўғрисида, уларни янги адабиётлар билан мунтазам бойитиб бориш, оилавий китобхонликни ривожлантириш, ёш оналарга, фарзандларимизга китоб ўқишга бўлган қизиқишини, китобхонлик маданиятини ошириш, маҳалла кутубхонасига ўз оиласидаги қадрли бўлган, жонидан хам ортиқ кўрган, дардкаш бўлган ўз китобларини совға қилиш жараёнларини хис-хаяжонои сўзлари,  “Она”сига бағишланган шеъри барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Она, мени қўйиб юборманг,

Уйиб олинг қовоғингизни.

Бойлаб олинг остонангизга,

Кўзга суртай оёғингизни.

“Кетма, болам”, деб айтинг, майли,

Кетиб борар умр югуриб.

Ортга тортиб юрак ўртайди,

Етти қадам ташламай туриб…

Онанинг улуғ зот эканлиги, фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр ва рози эканлиги, қалби дарёлигини ўзида мужассам этган ўтли мисралар китобхон қалбини ларзага солади. Шеър муаллифнинг ижросида, қиёмига етказиб янграгани эса маънавият тадбирида иштирок этган ёшларимизга албатта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

  Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З. Маҳкамова ташаббуси билан ҳар ойнинг 17-санаси «Китобхон оналар куни» деб эълон қилинди. Миллий кутубхонада ва барча республикадаги 200 та ахборот-кутубхона марказларида очиқ эшиклар куни ўтказилиб, китобхон оналар, хотин-қизлар йиғилиб, ўқиган китоби, ундан олган ижобий фикрларини ўртоқлашиш иши бўйича алохида ишлаб чиқилган Йўл-харитаси асосида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Мана сал кам бир йил бўляптики, биз кутубхона ходимлари ва “Китобхон оналар” учун анъанавий тусга кирган чин маънодаги “Маънавият байрами”га айланиб улгурди.

 Албатта бу ташаббус кутубхона ходимларини ҳам ўз устида ижодий ишлашга чорлайди. Чунки келаётган аёлларимиз, оналаримиз бир-биридан ақлли, зукко, китобхонлик борасида бемалол қобилияти, серқирра истеъдодларини намоён этиш жараёнида, истиқболдаги яна қандай вазифалар турганлигини, оналар китобхонлигини ривожлантиришдаги тўсиқлар, муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш имкониятини яратди ва ўз олдига мақсад қилиб қўйдимки, айни кунда Тошкент шаҳрининг барча туманларида сўровномалар ўтказиш жараёни орқали янада юксак марраларга эришамиз. Ишонаманки, олиб бораётган янги инновацияларга асосланган ижодий изланишларимиз ўзининг ижобий самарасини беради.

 Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистонда аҳолининг, аёлларимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш, китобхонлик маданияти даражасини юксалтириш, халқни китобга ошно этиш мақсадида тизимли равишда ташкилий-ҳуқуқий саъй-ҳаракатлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Юқоридаги мулоҳазалардан кўринадики, маънавий баркамол китобхон авлод тарбиясида оила муҳим ва мустаҳам пойдевор. Шу боис жамиятда китобхонликни ривожлантириш, мутолаа маданиятини такомиллаштириш борасидаги ҳар қандай фаолиятда оила билан, оналар билан ҳамоҳанг, ҳамфикр иш юритиш кўзланган мақсадларга эришишга муносиб замин яратади ва албатта бу йўлда барчамиз ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик, маслакдошлик билан ҳамжиҳатликдаги ишлар китобхон оналар сафини янада кенгайтириш борасидаги фаолиятимиз самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек: Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди.

Ҳафиза Каримова, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.