Латифа
Зулайҳо мажозий эди, у ўз айбини йигитга юклади. Аёлларсиз тириклик йўқ ва улар билан тинчлик ҳам йўқ. Юсуфни балога гирифтор этди ва яна ўлдириб қўймасин деб зиндонга ташлаш фикрини ўргатди.
– Сени хотинингга ёмонлик раво кўрган одамнинг жазоси фақатгина зиндонга солинишидир, – деб йўл кўрсатди.
Азиз Юсуфга деди: “Мен сени сотиб олдим. Бироқ қулдек ишлатмадим. Ўз ўғлимдек кўрдим. Эзгуликка жавобинг шуми?” Йигит жавоб қилди: “Менда гуноҳ йўқ. Зулайҳо менга қўл узатди. Қочиб чиқдим.” Азиз сўради: “ Поклигингга гувоҳ борми?”
Зулайҳонинг Талхон деган жорияси бор эди. Унинг тўрт ойлик боласи бешикда ётарди. Юсуф унга ишорат қилди.
– Эй, Юсуф гуноҳ қилдинг, яна ёлғон ҳам суйлайсан. Тўрт ойлик бола гапирадими? – деди Азиз.
Бешикдан ун келди: “Менга яқин кел, зеро сўзимдан хурсанд бўларсан”. Гўдакни тинглади: “Агар унинг кўйлаги орқа томонидан йиртилган бўлса, унда хотин ёлғон гапирган бўлади. Ва эркак ростгўйлардан бўлади”.
Савол: Нега гўдак Юсуф айбсиз, Зулайҳо айбдор деб тўғридан тўғри айтмади. Ишора билан айтганида қандай ҳикмат бор? Икки хил гувоҳлик бўлади: тўғри ва ёлғон. Бешикдаги гўдак Мавло Азза Жалла наздида суюкли мусулмон бандаси эди. Суюкли бандалар бировнинг айбини очмаслар. Шунинг учун ишорат билан гапирди. Ёлғон гапириш гуноҳ, тўғрисини очиқ айтса, бировнинг айбини очган бўларди. Шунинг учун ишорат ила илмоқли гапирди. Мушоҳадага изн қолдирди. Азиз Мисрнинг ўзи англади. Тангри таоло ўзининг маъсум пайғамбарини маъсум гўдак орқали оқлади.
Энди қачон-ки, (Зулайхонинг эри Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: ”Эй, аёллар, албатта бу иш сизларнинг макру-ҳийлаларингдандир. Дарҳақиқат сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир. Юсуф сен бу ишни унитгин, сен эса (Эй, Зулайҳо) қилган гуноҳингга истиғфор айт, тавба қил. Чунки, сен адашган кимсалардан бўлдинг,” – деди. (Қуръони карим, Юсуф сураси, 28-29 оят).
Айтишларича, аёлларнинг макри шайтоннинг васвасасидан кучлидир. Чунки, Қуръон оятлари ўқилса Шайтон чекинар, аёл чекинмас. Шайтон ёмонлик қилар пайтида ёлғиздир. Аёл макр ишлатаётган пайтда шайтонга суянади. Улар икков бўлади.
Одамлар бу ҳолатдан хабар топдилар. Миср эли улуғларининг хотинлари эшитди. Улар олти киши эдилар. Зулайҳо улар билан борди-келди қиларди. Кейинги пайтда ошиқ бўлиб, сирим очилмасин деб бормай қўйди. Улар Зулайҳо қулга ошиқ бўлибди, қул эса қарамас экан деб, маломат қилдилар. Бу гап-сўзлар Зулайҳога етиб келди. Миср улуғларининг аёлларидан қирқ нафарини уйига чорлади. Мазали таомлар пиширди. Олти хотин улар ичида эди. Олти пичоқ билан олти лаган гўшт келтирди. Уларнинг олдига қўйди. ”Азизларим узоқ йиллик дўстмиз. Бугун сизларга бир тилагим бор. Юзларингизни ёпинглар. Чодирларингизни кийинглар, пичоқни қўлингизга олинглар. Дўстим Юсуф келганида менинг кўнглим учун емаклардан кесиб, унинг оғзига солинглар. Ким катта кесиб тезроқ едирса, унга совға бергайман, – деди Зулайҳо.
Юсуф Зулайҳо сўзини синдирмайин деб, меҳмонхонага кирди.
Хотинлар Юсуфни кўрдилар, ғоятда ҳайратда қолдилар. Улар кундуз куни қуёшни кўргандай бўлдилар.
Расул алайҳиссалом Меърож тунида тўлин ойдек гўзал Юсуфни кўрганини, уни юзига боқса, ўз юзини кўзгуда кўргандек бўлганини, тишлари биллурдек ярқираганини айтадилар.
Аёлларнинг кўзлари Юсуфни кўрар, тиллари олқиш айтар, қўлидаги пичоқ билан қўлларини кесар эдилар ва уни сезмасдилар.
(Давоми бор).
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси