Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
294
марта кўрилган.

Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Бу одам боласи эмас, улуғ бир фариштадир, дея ҳар бири ҳамду сано айта бошладилар.

Энг илки тиши(аёл) айтди:

Тўлин ойни кўрсанг туғар кўмиюр,

Ариғ ҳурни кўрди улаш ўнаюр.

Иккинчи тиши айтди:

Ҳамул ойни кўрган яғиз ер уза,

Аёқин юрирда кўнгил булғаёр.

Учинчи тиши айтди:

Адиз кўкда ойни яратди изи,

Бу кун кўрса ойға келиб тунаюр.

Тўртинчи тиши айтди:

Тишиларни олалар Миср элинда,

Тутиб қийнаюрда кўзи қайнаюр.

Бешинчи тиши айтди:

Бу ўғлонни сотмиш қариндошлари,

Бу кучни муҳосиб қачон синаюр.

Олтинчи тиши айтди:

Яловоч уруғи учун бу ориғ,

Анинг мунча тенглик изи синаюр.

Зулайҳо уларнинг қўлларини кесишларини кўрди ва кулди. Юсуфга кетишга рухсат берди. Зулайҳо деди: “Қўлларингизга қаранг”. Улар қўлларига боқдилар, барча бармоқлари кесилган, билак ва либослари қонга булғанган эди.

–  Сизлар бир дақиқа кўриб, ҳушингизни йўқотдингиз. Мен ҳар дақиқа ёнидаман, қандай ошиқ бўлмаслигим мумкин. Маломат қилганлар маломат остида қолдилар.

– Ўз ғуломига ошиқ бўлди деб маломат қолдингиз. Унга ошиқман, Юсуфни чорладим. Эшикларни беркитдим. Тўни этагини йиртдим, у кўнмади. У ҳам кўрклик, ҳам тўғри сўзлик, ҳам зоҳирдир. Уни деб юзим шувут бўлди. Айтганимни қилмаса зиндонга ташлатаман.

Олти аёл ҳам унга кўмаклашар бўлди. Юсуф Оллоҳга ёлворди: – Улар энди етти аёл бўлди. Уларнинг гапига кўнгандан кўра зиндон афзалроқдир.

Зулайҳо мен кўрмасам бошқалар ҳам кўрмасин деб Юсуфни зиндонга ташлатди. Юсуфни зиндонга келтирганида тўнини ечар бўлдилар. Зулайҳо унамади. “Бу йигит  зиндонга тушадиган эмас, биз уни халойиқдан яширурмиз”.

Зиндонни тозалатдилар, безатдилар, бисотлар тўшадилар, тахт қўйдирдилар. Юсуф зиндонга киргач, у ер ёришди. Зиндон халқи севинди. Юсуф доимо бир бурчакда намоз ўқир ва ўқиб бўлгач йиғлар эди. Зиндондаги кишилар ҳам қўшилиб йиғлашарди. Кундуз рўза тутар ва намоз ўқирди. Саҳарда ўлган онасининг ёди хотирасига дуо қиларди ва отаси учун йиғларди. Ким туш кўрса таъбирини билдирарди.

Савол: туш таъбирини зиндонда қандай билди?

Жавоб: Оллоҳ таоло Жаброил фариштани юборди. Юсуф намоз ўқиётганида, узумга ўхшаш мева олиб келиб, уни Юсуфнинг елкасига қўйди. У эриб барча томирларига ёйилди. Юсуф тушлар кароматини каромат орқали билди. Миср эли турли туман таомлар олиб, Юсуфни кўргани келишар эди. У емишларни зиндон аҳлига тарқатарди. Зиндон аҳли деди: “Эй, Юсуф, биз сени суярмиз.”

 Юсуф айтди: “Отам мени суйди, қудуққа тушдим. Озод эдим, қул бўлдим. Зулайҳо суйди, зиндонга тушдим. Сизлар суйсангиз энди бошимда нималар бор экан?”

 Эрталаб намоздан сўнг зиндон аҳлига илм ўргатар эди. Зиндонга икки йигитни келтирдилар, бири Миср шоҳининг ошпази–Малса, бири соқийси–Самво эди.

Савол: У икковининг зиндонга тушганидан мақсад не эди? Жавоб: Абдуллоҳ ибн Аббос айтишича, Рум шоҳи Миср шоҳига элчи юбориб, бизга хирож тўла ва бизнинг номимиздан пул зарб қил, мамлакат бизга қолсин, дея топшириқ беради. Элчи Мисрга келди. Бир кампир эшик тагида ўтирарди. “Қўноқ оласизми?” –  деб сўради.

– Мендай қари кампирнинг уйи маъқул келса тушгин.

Қўноқ тушиб ош еди, бироқ от боғлайдиган жойни топа олмади. У кампир Миср подшосини қарғади. “Подшоҳни қарғаш хосиятсиз бўлади”, деди меҳмон. “Уйим ёнида отамдан мерос очиқ майдоним бор эди. Уни мендан тортиб олди. Бугун от боғлашга ҳам жойим йўқ”. Меҳмон билдиким, кампир Райёндан рози эмас. “Подшоҳга иккаламиз оғу берсак бўладими?”деб сўради.

Кампир маслаҳат берди: “Подшоҳнинг бир соқийси ва бир наввойи бор. Улар иккаласи мени онадек кўрарлар. Улар келганида мол-дунё бериб кўндир”.

Улар келганида мақсадини айтди. Соқий кўнмади, ошпаз рози бўлди. Меҳмондан мол олишга бораётганида, кампир ўйланиб қолди: “Подшоҳ ўлса, Румдан лак-лак қўшин келади, одамлар ўлар, менинг охиратим на бўлар”.

У Райён маликка воқеани айтди. Иккаласини зиндонга солди. Улар келганида Юсуф тушга таъбир айтарди. Қани биз ҳам туш кўрдик, деб айтамиз, нима деркан деб иккови келишиб олдилар. Юсуфга салом бердилар. Соқий айтди: “Тушимда узумнинг меваларини еб, уч донасини экдим. Гуркираб ўсиб, кўп мева берди. Уни сиқиб, шароб тайёрлатганимни кўрдим”. Наввой айтди: “Тушимда уч тандир кўрдим. Бири оқ, бири қора, бири қизил. Уларда нон пишрдим ва бошимда кўтариб турганмишман.  Қушлар уларни еб кетаётганмиш”.

Юсуф соқийдан сўради: “Узум оқми, қизилми, аччиқми, чучукми эди? Идиши қандай эди?”

– Мева идиши қандайлигининг нима фарқи бор. Буларни сен қаердан ўргандинг?

Юсуф айтди: “Кофирликни қўйдим”.

Улар сўрадилар: “Кофирликни қўйсанг, қайси йўлдан юрасан?”

– Отам Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб йўлидан юраман. Сиз бутларни ўз қўлингиз билан ясаб унга сиғинасиз. Сиз залолатдадирсиз. Аллоҳ ёлғиз, унга имон келтиринг. Энди. тушга келсак: Соқийга уч кундан кейин зиндондан чиқиб яна соқийлик қилишини айтди. Наввойга эса гапирмай жим қараб қолди. Наввой тушини таъбирини қистаб қайта сўради.

– Мен гапирмоқчи эмасдим, Сени ҳам уч кундан кейин зиндондан чиқарурлар, дорга осурлар, қурт-қушлар сени ерлар.

Улар айтдилар: “Бу тушларни ёлғон айтган эдик”. “Айтдингиз, сўрадингиз. Таъбир қилдим ҳукм юрди, қазо етилди, энди ўзгача бўлмас”. Уч кун ўтди, соқийни чиқариб, яна ўз ишига қўйдилар. Наввойни осиб ўлдирдилар. Юсуф соқий чиқиб кетаётганида шоҳга ўзи ҳақида айтиб қўйишни сўради. Ўша дақиқа Жаброил келди: Эй Юсуф  сени отангга ким етказади?

– Оллоҳ таоло.

– Сени қариндошларинг   қўлидан ким қутқарди?

– Оллоҳ таоло.

– Аёл киши макридан ким асради?

 – Оллоҳ таоло.

– Оллоҳ таолодан шунча эзгулик кўрдинг. Нега бандадан нажот тиларсан? Ушбу ишинг учун соқийдан сени унутишга изн бераман.

Давоми бор.

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси  

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.