Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
237
марта кўрилган.

Юсуф етти йил зиндон ичида қолди. Савол: Ундан, яъни Юсуфнинг илтимосини соқийнинг унитишидан мақсад нима эди? Жавоб: агар ўша пайтда зиндондан чиқса соқий ҳам, Миср маликаси ҳам мен озод қилдим, деб миннат қилардилар. Оллоҳ таоло буни истамас эди.

Жаброил келди, дуо ўргатди: Эй, барча улуғларнинг улуғи, эй, ул зотки, унинг на шериги бордир, на ўхшаши бор ва ул зотки, у ҳамма нарсага қодир. Эй, қуёш ва ёруғ ойнинг яратувчиси, ёш гўдакка  ризқ бергувчи, улуғ ёшли мўйсафидга раҳм қилувчи ва ўликларни тирилтиргувчи бу иш унга жуда ҳам осондир. Эй, ҳар бир қийин ишни енгиллаштирувчи мени ишимни енгиллаштириб, бу мушкулдан чиқиш йўлини кўрсатгил.

Юсуф ушбу дуони ўқигач, фаришта хабар етказди: Райён малик туш кўради, уни ҳеч ким таъбирлай олмайди.

Қуръони каримда шундай дейилади. Ва сен Оллоҳ таолонинг фазли билан зиндондан чиқасан, бировларнинг миннати билан эмас.

Миср мамлакатининг шоҳи Райён туш кўрди. Уни таъбирини айтиб бериш учун уламоларни чақирди: “Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга қуриган етти бошоқни ҳам кўрдим. Қуруқ бошоқлар ёш бошоқларни чулғаб қуритмоқчи бўляпти. Шу пайт шамол туриб, у етти қуруқ бошоқ ва ориқ сигирни йўқ қилди. Уни кўриб қўрқиб уйғондим”.

Муаббирлардан тушини таъбирлашни сўради. Улар таъбирлай олмадилар. Уч кун муҳлат сўрадилар. Уч кун ўтгач, улар тушни таъбирлай олмаганлигини тан олишди

Шу кеча Юсуф туш кўрди.  Тушида кимдир кўкдан иниб, Миср  молларини қўйнига  соларди. Юсуф эса унга деди: “Барчасини уларга беринг”.

 Юсуф уйғониб кетди. Зиндонбандларга айтди: “Сизларга хушхабар етди, барчангиз зиндондан қутулурсиз, Миср халқи сизнинг хизматингизда бўлади. Улар оч, сиз тўқ бўласиз”.

Зулайҳо ҳам ул кеча туш кўрди. Юсуф тахт узра ўтирар, Зулайҳо Юсуфнинг оёғи тагида ястаниб ётарди, Юсуф уни итарарди, Зулайҳо эса ингранарди.

Малик Райён ҳам туш кўрди. Таъбирчиларни чорлаб, фикрини сўради. Улар кўнглидагидек қилиб ечиб бериша олмади. У таъбирчилардан хафа бўлди. ”Нонимни, ошимни еб, бу тушинг алоқ-чалоқ тушлар экан, дейсиз” деб улардан дарғазаб бўлиб, баъзиларини ўлимга маҳкум этди, баъзиларини юртдан чиқариб юборди.

Ўшанда соқийнинг ёдига Юсуф тушди: “Унинг таъбирини сизларга мен айтиб берарман, фақат мени зиндонга юборинглар”. У Юсуфга деди: “Эй, ростгўй зот, бизга малик Райённинг туши таъбирини билдиргил” деб бўлган воқеани гапириб берди.

Юсуфнинг жавоби шундай бўлди: “Сизлар пайдар пай етти йил дон экинглар. Кейин ўриб олган  ҳосилингизни ўз бошоғида қолдиринглар, фақат эҳтиёжингизни янчиб олинг. Мамлакатда серҳосил етти йилдан кейин етти йил қаҳатчилик бўлади. У йиллар барча заҳирадаги дон еб тугатилади. Фақат уруғлик учун асраб қўйилган донларгина қолади. Ундан кейинги йил ёғингарчилик кўп бўлиб, мевалардан шароблар тайёрлаб олурлар”.

Соқий шоҳнинг ёнига келиб, Юсуфнинг таъбирини айтди. Шоҳга маъқул келди. Юсуфни зиндондан келтиришни буюрди. Юсуфнинг олдига шоҳнинг элчиси келганида у дарҳол рози бўлмади. “Хўжангнинг олдига қайтиб бориб, ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўраб кел. Уларнинг етакчиси Зулайҳо эди” –  деб жавоб берди.

Юсуфнинг ушбу тадбирдан, мақсади ул эдиким,  воқеани билмагунча чиқсам, зиндонга нега тушганимни сўрайди.  Мен аёллар ҳаракатини, сўзини этаверсам кўнгли қолиши мумкин. Аввал поклигимни билсин, сўнгра чиқарман.

Расул алайҳиссалом дедилар: “Агар Юсуф ўрнида мен бўлсам, зиндонни тарк этардим. Аммо қариндошим тўғри иш қилган Райён малик кўнгли тамом эрисин деб чиқмаган”.

Соқий келиб Райён маликка Юсуфни сўзларини етказди. У барча аёлларни йиғдирди. Малик барча гапдан хабардор экан деб ўйлаб, улар айтдилар: “Эй, Малик, Юсуф покдамон зот эди, биз унга туҳмат қилдик. Унга ўзимиз гап отдик, у бизга боқмади, майл ҳам билдирмади. Биз унда ҳеч айб кўрмадик”.

Давоми бор.

 Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.