Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Азизи Миср тахт узра ой кўрди. Унинг нуридан ҳайратланиб, оҳ дея отдан йиқилиб, юзи билан тушди. Улкан отдан тақир ерга кўркли юзи билан тушсада, ақли қочиб, унга сажда қила бошлади.
Юсуф деди: “Менга сажда қилиш раво бўлмас. Ҳай, ҳай мен бунга мустаҳиқ эмасман”.
“Осор”да (“Ёднома” китоби) ёзилишича, Агар Оллоҳ инсон руҳини шакллантириб кўрсатганда эди, уни кўрган одам сажда қилган бўларди. Изи Азза ва Жалла ҳикмати билан руҳни кўзлардан яширди. Ҳақиқатга суврат ниқобини қўйди, мендан бошқага сажда қилмасин, халойиқ фитнага учрамасин деган ниятда.
Насоролар яъни христианлар Исони Оллоҳнинг ўғли дедилар. Аммо Юсуфга ҳижоб кийдирмадилар. Сийратни ҳижоб ичида яширмадилар. Шунинг учун унинг юзида қуёш, ой ва ўн икки юлдузни кўриб, Азиз Райён сажда қилди.
Байт:
Бу кўнглим муродға текинмоқ тилар,
Телим халқлар аро ўкунмоқ тилар.
Кун, ой сажда қилғай ариғ юзга ман,
Бу кун отдин иниб юкинмак тилар.
Азизи Миср Юсуфни сотиб олишни истади. Малик Заър айтди: “Ҳали бозорга кирмадик, бозор нархини кўрмадик, қулни сотишни ўйламадик. Эртага не истасангиз шундай қилайлик”, – деб Азизи Мисрни тинчлантирди. Эратасига Молик Заър Юсуфга маликлар сарпосини кийдирди. Гавҳару қимматбаҳо тошлар билан безанган камарни белига боғлади. Асл мақсадини яшириб, қиличини маҳкам боғлаб, малоҳат билан гавдасини тик кўтариб, жонларни ҳайратда қолдиргани, элларни талагани, кўнгилларни ўғирлагани тоза тўнлар кийдириб, тоза отлар миндириб Мисрга дабдаба билан кириб келдилар. Юсуфни тахтга ўтказди.
Жарчи айтди: – Мана бу оқил, доно қулни ким олади ?
Юсуф айтди: – Мана бу ғариб қулни ким олади ?
Жарчи айтди: – Мана бу нодир қулни ким олади ?
Юсуф айтди: – Мана бу ҳайдалган қулни ким олади ?
Жарчи айтди: – Мана бу латофатли қулни ким олади?
Юсуф айтди: – Мана бу заиф қулни ким олади ?
Жарчи ғуломнинг нархини ошириш учун мақтар, Юсуфнинг ёши инжудек тўкиларди. У ҳолда Жаброилга Оллоҳ таолодан ёрлиқ бўлди. У айтди: «Эй Юсуф, қайғурма, Оллоҳим ҳаққи — ҳурмати сени менга қул бўлсин деб орзулаганларнинг ўзини сенга қул қилмагунча бу шаҳардан чиқармас». Яратган эгам унга Мисрда ана шундай мартаба берди.
Ривоятда айтилишича: Ваҳоб ибн Мунаббаҳ Разияллоҳу анҳу дейди: «Юсуфнинг баҳоси тўрт юз ратл олтин, тўрт юз ратл кумуш, тўрт юз ратл инжу, гавҳарга баҳоланди”.
Зулайҳо Азизи Мисрга хабар жўнатди: “У ўғлонни сен сотиб олгин, у бизга қул бўлсин».
Яна бир ривоятда Зулайҳо туяга ўтириб, томошадан қайтаётганда Юсуфга йўлиқди, кўнгли кетди. Азизи Мисрга айтди. «Бу ўғлонни сотиб олгин». Азиз айтди: «Бизнинг молимиз йўқ. Унинг нархи баланд.» Зулайҳо айтди: «Бор молимизни берайлик, беркитилганларни ҳам берайлик. Унда ҳам етмаса бўйнимдаги, қулоғимдагиларни чиқариб бераман.»
Азиз айтди: “Эй, Зулайҳо, мен маликдан вакил бўлиб Юсуфни малик учун сотиб олғали келдим. Сенинг учун нетак сўзлайин”.
Зулайҳо айтди: «Мен борайин, маликни кўрайин, урфга кўра Юсуфни сотиб олайин.»
Ёрлиқ бўлди: Зулайҳо бўғирсоқдек вужудини ўтга отди, қул оламан деб ўзини қулликка сотди. Йўли Юсуфга тушди. Кўзи кўрликка тушди. Оламан деб тўрга илинди. Кўзим билан кўраман деб кўнглини олдирди. Баландга, узоққа югураман деб, тузоққа чалкашди. Тутқун бўлди, ақли қочиб, отдан тушди, чечак янглиғ юзи сўлди, пана ерга ўтиб, жорияларига дардли-дардли гапира бошлади.
Шеър
Ё субҳ ал-важҳи ё зуъ ан-наҳор-муштаҳар,
Анта руҳи важҳуқ ал-маймуну шамс ав ал қамар.
Элингиз чин тўлинойтек қинаюр қирғу қароқ,
Юзингиз кундан ёруғроқ кўркингиз кун ё қамар.
Талат ал-ахзон ва даҳран фал ҳабибу қад жафо,
Абдуҳу лам яат бил-куфран явман бал шакар.
Лаълин очса йинжулардин тўклунур турлук латиф,
Ул эриннинг тотиғинда қайга етсун бол шакар.
Рухук эр-райхон нашран қад яъужу би-р-ражо,
Лафзук ал- мамзужу шахдан саро ал-аҳл ва-л-амр.
Кўркунгизни кусаюрмен эрта гоҳ бир кун бўлур,
Эмгаким явлоқ телим бор эмгаган охир эмас.
Кунту фи-д-даъва муҳиққан ло бал ант ал-хоким,
Ё ҳабиби ҳоказо абд ал-ҳазини қад ақтар.
Кўркунгга мунлиғ бўлубон кўркини мен кусаюр,
Ўртанур бағрим ёқилди ёшгинам йўлтек оқар.
Зока забйун мустатилун фа-л-асваду синвуху,
Қад ағора ал-қалбу минни сумма айноҳу асарр.
Қуш булунгларни терарда текма бир эр зулфдин,
Кин борар кидик йипор риҳус-сабо бўлуб эсар.
Лайлуно сорат наҳоран важҳаҳи ан янкашиф,
Ва-н-нахору мустаниру сора-лайлан ан басар.
Ки юраклик бек эр эрдим ман элтиб булнади,
Кўп черикни бости хонлар ишқ черикни ким босар.
Кулламо толабту минҳи би-интиҳолин қублатан,
Лам юҳиб илло сабаб соқа қалби ва-н-касар.
Рабғузий Носир кқрурса юз увурмас ишқдин,
Бек неча бушуб сўкарса қул қачон кўнглин кесар.
Зулайҳо бошқа иложи бўлмагач, Юсуфни олмоқ учун Азизи Мисрга сўзи ўтмагач, маликка-Миср шоҳига бориб илтимос қилди, ижобат бўлди. Юсуфни олди.
Айтмишлар: Қачон Юсуфнинг келиб чиқиши, аждодларининг отини эшитгач, Малик Заър уни сотиш фикридан қайтади. Юсуфни олиб Канъонга элитмоқ бўлди, бироқ унамадилар.
Тақдирда ёзилганини Малик Заър бузолмади. У Юсуфга келиб деди: Эй пайғамбарлар авлодининг лоласи, саодат рамзи, одамийлар гўзали. Кошки у кун тўғрисини айтсанг сотиб олмас эдим. Олсамда Қанъонга элтиб топширардим. Энди эрк мендан кетди. Нархинг баланд, сотиб олишга ўзимда ҳам бунча мол-мулк йўқ. Ҳийла қилай десам имконим йўқ, ким билан кенгашайин.
Юсуф жавоб қилди: Бошқа иш қиларга имконинг бўлмаса, бори баҳомга бер ва озод одамларни сотувчи бўлма. Малик Заър Юсуфнинг сўзини қабул қилди, баҳо айтиб, яна барчани куйдира берди.
(Давоми бор)