Зулфияхоним Исроилова: БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

0
8616
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипованинг шогирдлик дил изҳори: Бугун баҳорнинг биринчи куни ва шунингдек, ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним Исроилованинг таваллуд топган айёми! 

Зулфияхонимнинг баҳор ва садоқат нафаси уфурган шеърлари, ўзбек халқининг севимли шоири Ҳамид Олимжонга бағишлаган оташли сатрлари қадимий обидалар каби  асрлар оша дилларни ёриштираверади. Зулфияхонимдан сабоқ олганимиз, ҳамнафас бўлганимиз биз шогирдларни ҳамиша руҳлантириб туради. Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеъри болалигимизда дилимизга қўшиқдек оқиб кирган, ҳамон хотирамиздан кўтарилмайди, ёдлаётганимизда кайфиятимиз кўтарилиб,  Ватанимизга ажиб ва нафис туйғуни ҳис этамиз… Шу эмасми халқ севган шоирларнинг барҳаётлиги!

Устозларнинг охирати обод бўлсин!

Баҳор куйчиси, садоқат ва вафо тимсоли Зулфияхоним 1915 йили Тошкентда, ҳунарманд оиласида туғилган. У хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931-1934) адабий тўгаракларга қатнашиб, шеърлар машқ қилади. Зулфия 17 ёшида нашр этилган «Ҳаёт варақлари» (1932) номли биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.1938-1948 йилларда нашриётларда муҳаррир, бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат») журналида бўлим бошлиғи, 1953-1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади.

Зулфияхоним «Ўйлар», «Шалола» каби шеърий тўпламлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ҳиндистон мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофотга, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун эса халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлган. Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил августида вафот этган.

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

СЕНСИЗ

Мана, бир умрни яшадим сенсиз,
Қайтмас шодликларнинг қайтишин кутиб,
Тобутинг бошида чўкканимда тиз,
Фарзандлар кўтарди қўлимдан тутиб.

Шундан бери тикман. Ҳар нега қалқон,
Бахтга, баҳорга ҳам, қишга, қайғуга.
Биров азасида йиғлайман қон-қон,
Тўйида яйрайман ўхшаб оҳуга.

Лекин қолганимда қалбим-ла танҳо,
Туйғулар зорига солганда қулоқ.
ўзни заиф, чанқоқ сезганда гоҳо,
Аламдан бераман жавобсиз сўроқ:

Тирик экан нега ташлаб кетмадинг?
Мендан нафисроқнинг ҳуснига ошиқ,
Мендан ёниқроғи тортмади сани,
Эди нигоҳингга бор жаннат очиқ,

Сени мажнун этиб бир ер гўзали,
Нега мени ташлаб кетавермадинг?
Тирик айрилишнинг доғи оғирмиш,
Хўрлик кемирармиш умрни чайнаб!

Бу мудҳиш эговга берардим туриш,
Кетсанг ҳам менга жон туйғунгдан айнаб.
Билардим, қайдадир оласан нафас,
Мураккаб бу дунё сен-чун ҳам тирик.

Сенга ёт-ношудлик, тунд руҳлик, қафас,
Бугунги қадаминг кечадан йирик.
Нега, нега мени ташлаб кетмадинг?
Биламан, рашк мени этарди ҳалок,

Афзал кўрганингни қарғаб ўтардим,
Изингдан юрмасдим соядай ғамнок,
Ҳаётда мен учун қолардинг тирик,
Қаламинг муждасин кутардим муштоқ.

Маъюс тақдирингга яшаб мен шерик,
Мушкул бўлаётир шодлик яратмоқ.
Нега тирик экан ташлаб кетмадинг,
Ташлаб кетмадинг-да, бошлаб кетмадинг?!

МЕН ЎТГАН УМРГА

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.
Суйиш керак бўлса — телбача суйдим.

Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима — билдим.
Шу-да бир яшаш!..

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.