Эрта никоҳ ва қариндошлар никоҳининг салбий оқибатлари

0
3161
марта кўрилган.

Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий ривожланган авлодни шакллантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан эрта ва қариношлар ўртасидаги никоҳлар оқибатида ўлимлар қайд этилмоқда, ногирон болалар туғилмоқда.

Бу муаммони фақат тиббиёт соҳасини ривожлантириш билангина  ҳал  қилиб бўлмайди. Аҳоли орасида соғлом авлод тарбиясига оид тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозим. Аммо, у етарли эмасдек. Одамларнинг тиббий саводхонлигини янада  юксалтириш керак деб ўйлайман. Ёшлар орасида, шунингдек, яқин қариндошлар ўртасида оила қуриш ҳолатлари ҳам камаймаяпти. Бу эса, ногирон болалар туғилишини келтириб чиқармоқда. 

Бир синфдошим укасининг қизига уни келин қилмоқчи эканини айтганида: “Аммажон,  биз ўғлингиз билан яқин қариндошмиз-ку, келажак авлодни ўйламайсизми?  Мактабимизда “Қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Шундан англадимки, яқин қариндошлар турмуши хайрли бўлмайди”, – деб жавоб берибди. Афсуски, орамизда ушбу қизчадек мустақил фикр юритадиган ёшлар кам. Катталар эса бегонадан кўра ўзимизники маъқул деб қариндош-уруғлар ўзаро қуда бўлишади.

Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси  вилоятдаги  “Ривож”, “Меҳригиё” “Истиқболли авлод”, “Тараққиёт”  нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда. Ногирон фарзандлари мавжуд оилаларга  кириб борилади. Биз китоб совға қиламиз.  Зиёли инсон, шифокор сифатида қариндош-уруғлар орасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида  суҳбатлар ўтказилади.

Урганч туманидаги оилалардан бирига кирганимизда уч нафар боласининг ногиронлигига гувоҳи бўлдик. Опа-укаларнинг фарзандлари турмуш қурган бўлиб, бу қариндош-уруғчилик оқибатида касалванд болалар дунёга келган.

Инсон не-не орзу-умидлар билан оила қуради.  Эзгу ниятлар билан бир ёстиққа бош қўяди. Ногирон фарзандни дунёга келтирган аёлнинг ва бунинг шоҳиди бўлган эрнинг ҳаётини, афсусларини тасаввур қилиш қийин эмас. Бирин-кетин уч ҳомиласи туғилмай нобуд бўлди. Тўртинчи фарзанди эса ногирон бўлиб туғилди.

Тоғасининг ўғлига турмушга чиққан бир аёлни танийман. Болаларининг ақлда, салоҳиятда камчилиги йўқ. Бироқ, иккала қизининг ҳам кўзи яхши кўрмайди. Иккаласи ҳам болалигидан кўйойнак тақишади. Яқинда эса қирқ ёшли девдек ўғли  онкологик касаллик билан вафот этди. Қариндошлар никоҳланган оилаларда ирсий касалликлар  ҳам кучайиб кетар экан.

Яна бир оилага кирдик. Бирин-кетин уч ҳомиласи туғилмай нобуд бўлган. Аёлнинг кўзларидаги ёшни тўхтатиб бўлмайди. Бу надомат ва афсуслардан не фойда.  Тўртинчи фарзанди эса ногирон бўлиб туғилди.  Ака-сингиллар қуда бўлишган. Топган-тутганим бегонага эмас, ўзимизга бўлсин, деган ниятда болаларининг тақдирини осонгина ҳал қилиб қўяқолишган.

-Менинг турмуш ўртоғим эса уйимиздаги муҳит сабаблими, сабрсизлиги ва барча кўргиликларни енгишга бардоши етмаганиданми, кўнгли бошқа ёр истаб, “ўтлаб кетган”, дея давом этади,  яна бир аёл ўз тақдиридан нолиб.  Болаларимиз турмаганидан, нобуд бўлаверганидан бошини қаёққа қўйишни билмаётган эримни тушунишга ҳаракат қиламан. Бироқ менда нима айб…

Келин дардини билиб турибди, бироқ кеч англади. Ака дардини ҳеч кимга айта олмайди.  Синглисининг раъйини қайтара олмаганидан қиз берганидан хуноб, фарзандининг бахтсизлигидан онанинг дили вайрон, куйиб адо бўлди. Қайнота ва қайнонасининг ҳам дарди ичида. Яна ҳам қариндошлик риштасини узмаслик учун ҳаракат қилишади. Келинчак бировларнинг никоҳ тўйларида эмин-эркин иштирок эта олмайди. Ўйнаб-кулиб юра олмайди. Боласи тушадиган аёлни чимилдириқ илинган хонага кириши мумкин эмас. Бундай гап очиқ айтилмасада шунга ишора бўлади. Ирим қилиб айримлар, боласи турмаган келинга бегона ва ёт кўз билан қарашади.

         Эҳ одамлар, одамлар!  Келинг, бир чуқур ўйлаб, бу дунёда кўнгли ярим, дили вайрон кишилар бўлмаслиги, фарзандларимиз соғлом ва албатта ақлли бўлиб дунёга келиши учун курашайлик! Никоҳ масаласида ёшларимиз тақдирини кўр-кўрона, осонгина ҳал қилиб қўйишдан ўзимизни тияйлик. Қариндошлар ўртасидаги никоқ икки оила ва икки инсон тақдирини вайрон қилишини унутмайлик. Шариатда ҳам, тиббиётда ҳам бундай никоҳлар мустаҳкам  бўлмаслиги қайта-қайта уқтирилади. Ҳурматли ота-оналар, ўзингизни ўйлаб фарзандларнинг гулдек умрини хазон қилманг. 

Дилбар Бекчанова,
Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.