“Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони топширилди

0
345
марта кўрилган.

 Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси залида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди  маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг қарорига мувофиқ давлат гранти танловларининг ғолибларига сертификатлар топширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш  бўйича маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирни  Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, Маслаҳат кенгаши раҳбари Акмал Саидов қисқача кириш сўзи билан очиб, ННТлар  мамлакатимиз ижтимоий – маданий ҳаётида фаол иштирок этаётгани ва бу секторни кучайтиришга мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор бериб келаётгани ҳақида гапирди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва унга асосан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилгани  бунинг яққол далилидир, дея таъкидлади.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муносиб ҳиссаси қўшиб келаётган ушбу соҳанинг бир гуруҳ  вакилларига “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони ва гувоҳномаси топширилди. Улар сафида “Тадбиркор аёллар” уюшмаси раҳбари Гулнора Маҳмудова, “Умид” ташкилоти раҳбари Нилуфар Иброҳимова, “Экомактаб” раҳбари Наталья Шивалдова каби соҳанинг жонкуярлари бор.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди  маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг қарорига мувофиқ давлат грантларининг еттинчи ва саккизинчи танловлари ғолибларига сертификатлар ҳам  топширилди.

Иккала танловга кўра эллик бешта ташкилот грант олишга муваффақ бўлди. Жумладан, улар сафида ЎзМУ ҳузуридаги “Француз маркази” етакчиси Рахима Ширинова, “Меҳмондўстлик ва ахборот хизмати” маркази раҳбари Адолат Носирова каби фидойилар бор.­

Ҳаётхон Қўчқорова

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.