Ижтимоий буюртма лойиҳаси амалда: Жиззах вилояти номоддий маданий мероси

0
124
марта кўрилган.

Жиззах вилояти Ўзбекистон Республикасининг марказий қисмида жойлашган улкан сиёсий, иқтисодий, маънавий мавқега  эга бўлган, фан, маданият, туризм равнақ топган вилоятлардан биридир.

Жиззах  узоқ йиллик тарихи, ўзига хос маданияти ҳаёти фаолияти билан ажралиб туради. Жиззах вилоятининг фахрига, ғурурига айланган инсонлар ҳар бир соҳада кўплаб топилади.

 Бу табаррук замин Назир Сафаров, Шукур Саъдулла, Тўра Сулаймон, Оқилжон Ҳусанов, Келди Қодиров, Саттор Қорабоев, Шарофат Ботирова каби  адибларни тарбиялаган(Оллоҳ уларни раҳмат қилсин).

Ўзбекистон илм-фани Сарвар Азимов, Ўктам Орипов, Раҳматилла Қўнғиров, Орифжон Икромов, Бозорбой Ўринбоев, Иноятулла Сувонқулов сингари фидойи олимлар билан (Оллоҳ уларни раҳмат қилсин)  фахрланади.

Жиззах вилояти миллий санъатимиз ва маданиятимиз ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган ва қўшмоқда. Ўзбекистон халқ ҳофизи Орифхон Ҳотамов, Ўзбекистон халқ артисти Эсон Лутфуллаев сингари марҳум санъаткорларимизни, Ўзбекистон санъат арбоби Баҳрулло Лутфуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Бахтиёр Холхўжаев, Олия Эштўхтарова, Жўра Исроилов, Абдураим Лапасов, Абдусоли Норматов сингари ижодкорларнинг номларини тилга олишимиз табиийдир.

Барчага аёнки, миллий ғурур ва дахлдорлик ҳиссининг асосий заминларидан бири бу – тарихий хотирадир. Ифтихор билан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Андижон ва бошқа кўплаб қадимий шаҳарлари бой тарих  ва кўҳна маданиятга эга эканлигини жаҳоннинг барча йирик тарихчи олимлари бирдек эътироф этадилар.

Уларнинг орасида Жиззах алоҳида мавқеда туради. Марказий Осиёдан ўтган деярли барча карвон йўлларининг туташган нуқтасида жойлашган Жиззах тарихда жуда кўп суронли воқеаларнинг гувоҳи бўлган.

Жиззах вилояти ўзига хос моддий ва номоддий маданий меросига эга.

 Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмасига асосан “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази томонидан “Ўзбекистон номоддий маданий мерос элементларини муҳофаза қилиш” мавзусидаги давлат ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасида ўтказилган экспедицияда Жиззах вилояти номоддий маданий мероси  ўрганилди. Жойлардаги уч йўналиш: ижро санъати, пазандачилик, ҳунармандчиликга оид билим ва кўникмаларни, номоддий маданий меросни сақловчилар, етказувчилар билан бевосита учрашиб, уларнинг фаолиятлари билан яқиндан танишилди.          

Жиззах вилоятида  ижро санъати йўналишида фаолият олиб бораётган “Барлос”, “Маржон”, “Меҳригиё”, “Зомин сайқали”, “Ойпари”  фольклор этнографик ансамбллари ҳамда “Ойпари” фолъклор этнографик ансамбли қошида ташкил этилган “Эналар” фольклор ҳаваскорлик  жамоасининг ижодий фаолиятлари билан танишилди. Улар ижросидаги  “Алла” қўшиғи, “Тушов кесди”, “Кўрпа солди”, “Чилла узди”,  “Қаллиқ ўйини”  маросимлари тасвирга олинди.

Ҳар бир фольклор жамоаси ўзига хослиги билан ажралиб турди.

“Жамоамиз 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади, -дейди  Жиззах вилояти вилояти Бахмал тумани маданият бўлимига қарашли “Барлос” фольклор этнографик ансамбли раҳбари Барчиной Тулибоева. Бир муддат тўхтаб қолган жамоани 1998 йилда яна қайта тиклаб халқимизга хизмат қилиб келмоқдамиз.  Устозларимиз- Рахматилло ака Саримсоқов, Саидбахром ака, Мавлон ака Ғаффоровларнинг ёрдамлари, уларнинг маслаҳатлари билан жамоамиз томонидан янги қўшиқлар, куйлар, лапарлар, ўланлар ижро этилмоқда. Ансамблимиз репертуаридан “Тушов кесди”,    “Сурпа солди” , “Қўрқмада” маросимлари ҳам ўрин олган бўлиб, миллий анъана ва урф-одатларимизни йўқолмаслигига, уларни тарғиб қилишда ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз”.

«Ойпари» фольклор этнографик ансамбли  ҳам ўз фаолиятини 1993 йилда Зарбдор туманида бошлаган.  Ансамбль 2016 йилда «Ойпари» фольклор-этнографик халқ ансамбли унвонини олган. Ҳозирда ансамблда 30 нафардан ортиқ иштирокчилар жалб этилган. Улар Республикада ўтказилиб келинаётган турли фестиваль ва танловларда фаол иштирок этиб келяптилар. Тошкент шаҳрининг Абдулла Қодирий боғидаги “Наврўз сайли” (2018 йил),   Навоий вилоятида бўлиб ўтган «Нурли наволар» халқаро фольклор фестивали (2018 йил), Сурхондарё вилоятида ўтказилан «Бахши 2019» Халқаро бахшичилик санъати фестивали (2019 йил), «Баҳор тароналари» Жиззах вилоят кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби (2020-2021 йиллар). Шулар жумласидандир.

“Менинг касбим асли ўқитувчилик, 2016 йилдан буён маданият марказида ишлаб келмоқдаман-дейди Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани Шароф Рашидов маданият маркази қошидаги “Меҳригиё” фольклор этнографик ансамбли раҳбари Тожихол Сангирова. Мақсадим ҳозирги   ёшларга йўқолиб кетган момоларимизнинг аллалари,  ёр-ёрлар, унутилиб кетган жайдари сўзлар, маросимларни излаб топиб  уларга  ўргатиш. Жамоамиз ёш келинлар, ёш қизлар, ёшлари улуғ момолар, аёллар ва бошқа қатнашчилардан иборат. “Вакил ота”, “Қиз яширув”,  “Кўрпа солиш”  каби унутилиб кетган маросимларини  қайта тикладик”.

– Жиззах вилоятида  халқ амалий  санъати билан шуғулланадиган инсонлар ҳам талайгина эканлигининг гувоҳи бўлдик. Экспедиция жараёнида ҳунармандчиликнинг миллий кашта, бисерли ҳунармандчилик маҳсулотлари, темирчилик, эгар-жабдуқ ясаш, ўрмак, урчуқда ип йигириш, қуроқчилик, жун титиш каби турлар билан шуғулланаётган ҳунармандлар билан учрашиб, уларнинг фаолиятлари билан яқиндан танишдик, – дейди лойиҳа координатори Гуларо Абдуллаева.

Бахмал тумани Новқа қишлоғида яшовчи темирчи уста-ҳунарманд Маматкаримов Жумабек, эгар-жабдуқ ясовчи уста-ҳунарманд Бобомурод Очилов,  Ғаллаороллик ҳунарманд қиз, бисерлар тикиш устаси Барно Нарзуллаева, ҳунарманд Гавҳар Астанақулова,  Зарбдор туманидан ўрмак бўйича ҳунармандлар Қўчқорова Малика, Сатимова Гулсун, урчуқда ип  йигирувчи ҳунарманд Умматова Баҳринисо, зоминлик ўрмакчи ҳунарманд Ҳайитбоева Хурсандой,  жун титиш бўйича  Рахимова Гулмира ҳамда қуроқчилик устаси ҳунарманд  Ҳайитбоева Моҳира каби ҳунармандларнинг иш жараёнлари видео, фото ва аудио тасвирларга олинди.

Барчага аён, Жиззах вилояти ўзига хос тотли миллий таомлари билан ҳам машҳур. Жиззах сомсаси, Жиззах патири, Жиззах “жизи”, Жиззах ғилминдиси ва бошқа таомлари ўз хўрандаларини топиб улгурган.

 – Жиззах вилояти пазандалари Қулбекова Райхон ( “Ғилминди” таоми),  Нормуродова Барно (“Қозон патир”), Муротмусаева Шарофат, Турдиалиева Муҳаббат (“Гўжа” ва “Қуртоба”),  Азамат Тугалов (“Бир қозонда беш хил таом”)  таомларини тайёрлаш жараёнларини қизиқиш билан тасвирга олдик–дейди лойиҳа эксперти Ўктам Ҳакимов.

 Экспедиция жараёнида Жиззах вилояти ҳам Ўзбекистон номоддий маданий меросини сақлаб қолишда, уни келажак авлодга қолдиришда ўз ўрни ва мавқеига эга эканлигига амин бўлдик.

Наргиза Хамракулова

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.