Жамият ислоҳотлари – мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади!

0
63
марта кўрилган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг роли, аҳамияти ҳамда ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллик кўрсатмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Фуқаролик жамияти институтлари” учун алоҳида боб (13-боб) ажратилиб, фуқаролик жамиятининг асоси конституциявий меъёр билан белгиланди.

Давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ва конструктив мулоқот механизмлари йўлга қўйилиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжларини тизимли таҳлил қилиш ҳамда давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун майдон яратилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича тизим яратилди.

Жорий йилнинг 26 август куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 124-сон Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармоннинг аҳамиятли жиҳати шунда-ки, у билан фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “стратегия” тасдиқланди десак ҳар тарафлама тўғри бўлади. Яъни, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг олтита энг муҳим йўналишлари ҳамда уларнинг қай тартибда амалга оширилиши белгилаб берилмоқда.

Давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш белгиланмоқда.

Буни нимада кўришимиз мумкин?

Энг аввало давламиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг “жамият ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоясини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Мазкур ғоядан келиб чиққан ҳолда миллий давлатчилигимиз бошқарувида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун жамият том маънода ислоҳотлар ташаббускорига айланди. “Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номуқул бўлади” деган эзгу ташаббус давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ўз ифодасини топмоқда.

Юртимизда қабул қилинаётган Қонун, Фармон қарор ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамоатчилик билан бамаслаҳат қабул қилиниши, керак бўлса “жамоатчилик экспертизаси”дан ўтказиш тизими жорий қилинди. Бу ўз навбатида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг биринчи навбатда халқ манфаатларига асосланган ҳолда қабул қилинишига замин яратади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз-ки, Фармон билан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқи, шунингдек ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини жорий қилиш, уларни амалиётга тўғри қўллаш юзасидан таклифлар киритиш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ваколати берилмоқда.

Мазкур амалиётнинг жорий этилиши юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоатчилик назоратининг мақбул шаклларидан бири — жамоатчилик экспертизасининг соҳавий йўналишлар бўйича амалга оширилиши ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш борасида ҳам қатор қулайликлар белгиланмоқда.

Яъни, энди фуқаролик жамияти институтлари тегишли соҳа ва тармоқларда мавжуд муаммоларнинг таъсирчан ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклифлар киритиш ҳуқуқи эга бўлади. Ўз навбатида уларнинг ташаббусли лойиҳалари белгиланган тартибга мувофиқ тегишли давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ижобий баҳоланган тақдирда, унинг ташаббускорига давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ижтимоий буюртма берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш учинчи асосий йўналиш сифатида белгиланиб, унга кўра вазирликлар, идоралар, Қорақаопоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан соҳавий ва ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан ҳар йили камида бир маротаба очиқ мулоқотлар ўтказилиши, вазирлик ва идораларга ҳар йили фуқаролик жамияти институтларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этиш мажбурияти юкланмоқда.

Қайд этиб ўтиш керак-ки, мамлакатимизда “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига мос ҳолда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон 2030 стратегияси”да ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, 2030 йилгача эришиладиган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичларида “Ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш”, “Давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш” устувор вазифалар сифатида Стратегиянинг 83-мақсадида ўз ифодасини топган.

Фармон билан белигиланаётган учинчи асосий йўналиш Стратегиянинг мазкур мақсад ва вазифалари ижросининг ўз муддатларида ва сифатли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Яна бир муҳим масала, фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш тўртинчи йўналиш сифатида белгиланмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқда-ки, дунёда жамоатчилик назоратидан кўра самарали бўлган назорат тизими йўқ! Жамоатчилик назорати бор жойда тараққиёт бўлади! Жамоатчилик назоратидан жамият ҳам давлат ҳам

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “Жамоатчилик назорати субъектлари” белгиланган бўлиб, унга кўра “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир” деб белгиланган.

Яъни, ҳар бир инсон биринчи навбатда ўзини ўзи назорат қиладиган бўлса, ундан кейин ён атрофида бўлаётган воқеа ходисаларга бефарқ бўлмаса албатта ҳеч қандай бошқа назоратга эҳтиёж сезилмайди.

Маълум-ки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3837-сон қарори билан давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг аксариятида Кенгаш раиси давлат органи вакиллари эди.

Эндиликда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари раислари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқланиши, улар фаолиятининг самарадорлиги ҳар йили баҳоланиши ва натижалари эълон қилиниши, шунингдек жамоатчилик кенгашларининг фаол аъзолари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириб борилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Фармон билан фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг хориждаги уюшмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиб бориш, унинг доирасида Олий Мажлис, Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиш, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, шу жумладан, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш, ҳар икки йилда тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофотини таъсис этиш, журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этиш ҳам фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, жамият ислоҳотлари мамлакат тараққиёти ва халқимиз турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.

Дилмурод ИЗЗАТОВ,  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси бошлиғи

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.