Мурожаатнома ННТлар нигоҳида

0
222
марта кўрилган.

Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказининг мажлислар залида бугун 31 январь куни “Мурожаатнома ННТлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўтарилган масалалар ҳамда у асосида  “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига фикр, мулоҳазалар билдирилди, таклифлар берилди. Шунингдек, ЎзННТМАнинг  2020 йил –  “Йўл харитаси” да белгиланган режалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатини  ЎзННТМА Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи  Н. Алимов қисқа кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида билдирилган, хусусан ННТлар йўналишидаги муҳим устувор йўналишлардан келиб чиқиб ассоциация олдида турган асосий вазифалар ҳақида таҳлилий маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев Мурожаатномада билдирилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари олдида турган асосий вазифалар, айни кунда ННТларга дахлдор 5та қонун устида ишланаётгани, жумладан ,”Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун”га иккита — журналист суриштируви, жамоатчилик палатаси ҳақидаги ўзгартишлар киритилаётгани, рақамли иқтисодиётни жорий этиш очиқликни шаффофликни таъминлаш экани ҳақида гапириб, ўзининг фикр- мулоҳазаларини билдирди.

ЎзННТМА Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова Мурожаатномада билдирилган ННТлар соҳасидаги муҳим устувор йўналишилардан келиб чиқиб, вилоятларда ўзи кўриб келган манзаралар тўғрисида гапириб, соҳани янада яхшилаш ҳақида фикр — мулоҳазалар билдирди.

Шунингдек давра суҳбатида  ННТлар бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари, давлат идоралари эса мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришлари, яъни вазирлик ва идоралар ҳам бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтиришлари ҳақида мунозаралар бўлди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш масаласи юзасидан таклифлар билдирилди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда бунинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мурожаатномада Президентимиз томонларидан билдирилган “Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш” таклифи қизғин муҳокама қилиниб, уни амалиётга жорий этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда Парламент, Ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масалалари хусусида таклифлар берилди.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаоллигини оширишнинг замонавий механизмлари, ННТлар ривожланишининг янги Ўзбекистон  босқичидаги устувор вазифалар, ННТ раҳбарлари ўқуви дастури лойиҳалари кенг муҳокама қилиниб, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир сўнгида “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига ҳамда ЎзННТМАнинг 2020 йилга мўлжалланган ишлар режаси – “Йўл харитаси” бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Йиғилишда ЎзННТМА, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази ходимлари, ННТлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Р. САПАЕВА

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.