Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа ҳисобланади. Чунки, бунда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган режалар, мақсад ва вазифалар эълон қилинади.
Бу йилги Мурожаатномада ҳам 2020 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланди. Албатта, Мурожаатномада таъкидланганидек, “ана шу ўта муҳим вазифаларни амалга оширишда асосий талаб давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу жараёнда натижадорлик ва сифатни оширишдан иборат” бўлади. Бугун Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш босқичидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
2021 йилда ННТлар зиммасидаги вазифалар
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланган 2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича, яъни таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича фуқароларнинг малака даражасини тасдиқлаш тизимини жорий этиш, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш – аҳоли саломатлигини таъминлаш йўналишлари бўйича ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлар давлат органларининг асосий ижтимоий ҳамкори ва қўшимча имкониятлар манбаи сифатида хизмат қилади.
Шунингдек, бой тарихимиз дурдонаси бўлган маданий меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказиш, маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш, “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизмларни жорий этиш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш, бу иллатга қарши курашиш, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилишда ННТлар қўшимча имконият ва ишлатилмаган резервлар ҳисобланади.
Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва вазифалари
Маълумки, бугунги демократик ривожланиш йўлидаги барча мамлакатлар ва фуқаролик жамияти тараққиётида “учинчи сектор”нинг иштироки ва салмоғи, унинг ривожланганлик даражаси ҳамда қўллаб-қувватланиши ижтимоий-иқтисодий, сиёсий барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу йўналишда мамлакатда фаолият юритаётган ННТларнинг (вакилларининг) ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш орқали жойлардаги давлат дастурлари ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни бажаришда уларнинг тўлиқ (кенг) иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эгадир.
Президентимиз томонидан Мурожаатномада эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ННТлар ва ОАВларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши таъкидланди. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил қилишда жамоатчилик назорати ва иштироки кенг йўлга қўйилиши, жумладан, жамоатчилик эшитувлари ва жамоатчилик мониторинги тизими жорий қилиниши, бу жараёнларга фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва фуқаролар ҳам жалб этилиши таъкидланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолияти жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилади. Чунки, бугунги кунда мамлакатни янада ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш учун инновацион ғояларни таклиф этадиган фаол, ташаббускор ННТларнинг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамияти институтлари билан давлат органлари ва бизнес бошқаруви органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар самарадорлигини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Мурожаатномада ННТ ва бошқа жамоат ташкилотларини рағбатлантириш механизми таклиф этилди. Бунда ННТлар турли соҳалар бўйича жамоатчилик назорати тадбирларида иштирок этадилар. Бу ижтимоий буюртма асосида таълим, тиббиёт, маданият, экология, қурилиш, транспорт, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби бугунги кунда жамиятда энг кўп муаммолар учраётган соҳаларда жамоатчилик назоратини олиб боришда кўмакдош бўладилар ва бу мақсадлар учун 2021 йилда давлат бюджетидан 60 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Энди фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан ишлатилаётган маблағлар, давлат томонидан амалга оширилаётган ишларни бевосита кузатиб бораётганликлари ҳамда муаммоларни олиб чиқаётганликлари учун уларни рағбатлантириш механизмлари жорий этилади. Мурожаатномада билдирилган ушбу таклифлар ННТларга катта бир ишонч, масъулият ва вазифа юкласа, молиявий жиҳатдан эса уларга рағбат ва мотивация беради.
Президентимиз томонидан яна бир муҳим ғоя илгари сурилди, бу ҳам бўлса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ННТларнинг доимий вакили бўлиши. Эндиликда Қонунчилик палатасида ННТлар манфаатларини илгари сурувчи, ҳимоя қилувчи доимий вакил бўлиши ва у ялпи мажлисларда, Қонунчилик палатасида бўлаётган мажлисларда фаол иштирок этиши, ННТлар томонидан ўрганилган, олиб чиқилган муаммолар, таҳлиллар, таклифларни депутатларга доимий равишда тақдим этиб бориши механизми яратилади.
ННТлар фуқаролик жамиятининг драйверига айланади
Ушбу таклифнинг асосида чуқур маъно бор албатта. Чунки, ННТлар демократик ислоҳотларнинг локомотиви ва акселератори, эркин фуқаролик жамиятининг драйвери ҳисобланади. Мамлакатимиздаги йирик жамоат ташкилотларидан бири бўлган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси республикамиздаги ННТларни интеллектуал, моддий-техникавий ресурсларини давлат ва жамият қурилишининг устувор масалаларини амалга ошириш, эркин ва очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш мақсадида бирлаштиради.
ННТларнинг даражаси ва самарадорлигини ошириш, нодавлат сектори давлат қурилишида кучли мавқега эга бўлишини таъминлаш керак, чунки нодавлат сектор ҳукуматнинг тўлақонли шериги ва мамлакат аҳолиси ва давлат ўртасидаги алоқани амалга оширувчи ижтимоий кўприк ҳисобланади. ННТлар миллий дастурларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди ва мамлакатнинг ҳар томонлама ривожланишига катта ҳисса қўшади. Бу фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири, чунки уларнинг аксарияти одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этишга қаратилган.
Мамлакатни барқарор ривожлантириш мақсадида давлат, бизнес ва ННТларнинг биргаликдаги ҳаракатлари учун шароит яратиш, уч тарафлама ҳамкорликни йўлга қўйиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурлиги билдирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари йўналишидаги белгиланган вазифалар жамоатчиликка ҳам ишонч, ҳам муҳим вазифа ва масъулият юклайди. Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда демократик ислоҳотлар жараёнида муносиб иштирок этишларига ишонамиз.
Насимжон Алимов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси