Мамлакатни модернизация қилишнинг ҳозирги босқичида фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутади. Шу боис, юртимизда уларни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Адолатли ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш масаласи олдимизга қўйилган устувор мақсадлардан биридир. Дарҳақиқат, кейинги йилларда қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди. Ушбу ҳужжатларнинг изчил қабул қилиниши натижасида тегишли инфратузилма — шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи, фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашувчи кўплаб нодавлат нотижорат, жамоат ташкилотлари, бирлашмалар, фондлар, касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти ривожланди ва йилдан йилга такомиллашмоқда.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланганди. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий босқичида янги саҳифа очди.
Халқаро ҳамкорлик
Бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан халқаро ва хорижий тузилмалар, маҳаллий ННТлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида самарали натижаларга эришилди. Шу мақсадда юртимизда аккредитациядан ўтган халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар реестри шакллантирилди ҳамда улар билан қатор учрашув ва тадбирлар ташкил этилмоқда. АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (АҚШ), “Winrock International”нинг (АҚШ) Ўзбекистондаги филиали, Россия Федерациясининг “Русский мир” ва “Умная цивилизация” нодавлат нотижорат ташкилотлари шулар жумласидан.
Шунингдек, ассоциацияга турдош хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш мақсадида хорижий ассоциациялар аниқланиб, уларнинг рўйхати, маълумотлар базаси, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар реестри шакллантирилди.
Бундан ташқари, хорижий ва халқаро ННТлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида юқорида номлари келтирилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Натижада ушбу ташкилотлар билан 2022 йилда тадбирлар ташкил этиш, ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолашга келишилди. Жумладан, Германия халқ университетлари ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги ННТлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича элчихоналарга мурожаат хатлари юборилди.
Кадрлар салоҳияти оширилмоқда
Ассоциациямиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда ННТ раҳбарларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ушбу ташкилотларнинг 125 нафар раҳбар ходими малака ошириш ўқув курсларида ўқитилди.
Шу билан бирга ёшлар, аёллар, тадбиркорлик, экология, ногиронлик, таълим, туризм, спорт, ахборот коммуникация, миллий маданий йўналишларда фаолият юритаётган 50 нафар ННТ раҳбари фуқаролик жамияти ва унинг институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид халқаро тажриба, соҳа фаолиятига оид қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, раҳбар ходимларининг кўникмаларини оширишга қаратилган машғулот турлари бўйича малака оширди.
ННТлар фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти
Ўтган йилнинг 30 сентябридан 30 октябрига қадар ННТларнинг лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ассоциация қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан умумий қиймати 8,5 миллиард сўмлик биринчи грант танлови эълон қилинди.
Грант танловлари 4 та – “Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш”, “Ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш”, “Аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш” ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш” йўналишларида ўтказилди. Биринчи грант танловида 375 та ННТ иштирок этиб, якунда 120 таси ғолиб бўлди ва 70 миллион сўмлик грантга эга бўлди.
Ассоциация томонидан ННТларнинг халқаро ва маҳаллий грантларда иштирокига оид таҳлилий маълумот тайёрланди. Унга кўра, 2021 йилда ўтказилган грант танловларида 1 минг 764 та ННТ иштирок этган, улардан 747 таси ғолиб бўлган. Шунингдек, 71 та ННТ халқаро грантларни қўлга киритган.
Ассоциация ННТларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Президентимизнинг тегишли қарорлари лойиҳаларига тегишли таклифлар бериб келмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш муҳокамаларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
ННТларга ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва услубий маслаҳатлар бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолияти билан боғлиқ саволларга зудлик билан жавоб бериш мақсадида Ассоциация томонидан “Ҳуқуқий мурожаатлар гуруҳи” телеграм канали ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур каналга қонунчилик бўйича ҳуқуқий ва услубий маълумотлар жойлаштириб келинмоқда. Мазкур тармоқ орқали келиб тушган мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳат бериляпти.
Умумлаштириб айтганда, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарадорлигига эришиш нафақат давлат органлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ҳам фаоллик, ташаббускорликни талаб қилади.
Бахтиёр МАШАРИПОВ, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари