ННТлар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида қанчалик фаол?

0
337
марта кўрилган.

Юртимизда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш ва бир сўз билан айтганда, одамларга яхшилик қилишга алоҳида қадрият сифатида эътибор қаратилган.

Айни кунларда Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда таклиф этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббуси кенг қулоч ёймоқда. Халқимизда “Эзгуликнинг қаноти бор”, деган ҳикматли нақл бор.

Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, қийин дамларида оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мана деярли бир ярим ойки барча юртдошларимиз, жумладан, бутун жаҳон аҳли синовдан ўтмоқда.

Кўзга кўринмас вирус Она заминимизнинг тинч осуда ҳаётига, инсон саломатлиги билан бирга оилалар даромадига, давлатлар иқтисодиётига ҳам зарар етказмоқда. Замонавий тиббиётнинг илғор ютуқларига қарамасдан, мамлакат ва миллат танламаётган офат оқибатида бугунгача ер юзида юз минглаб инсон ҳаётдан кўз юмди ва бу жараён афсуски давом этмоқда. Уларнинг орасида юртимиз одамлари, шунингдек, хорижда ишлаб яшаётган ватандошларимиз ҳам бор.

Ўзбекистонда ушбу офат давридан талофатсиз, вазиятни қўлдан бермасдан ўтиш борасида ўз вақтида тезкор чоралар кўрилгани, аввал бошданоқ тизимли ишлар йўлга қўйилгани, етарлича маблағ ажратилгани натижасида аҳолининг барча қатламини бирдек қўллаб-қувватлаш ҳамда коронавирусни жиловлаб туриш имкони яратилди. Айни кунларда ушбу дардни юқтираётганларга кўра дарддан фориғ бўлаётганлар сони ортиб бораётгани бунинг далилидир.

Мамлакатимиз Президенти томонидан аҳоли ўртасида касалликнинг кенг тарқалиб кетишини шунингдек, юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий оқибатларни олдини олишга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда, видеоселектор йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ҳам давом этмоқда.  Умумхалқ ҳаракати  бугунги кунда ҳар бир ташкилот ҳамда ҳар бир  инсон олдида катта масъулият борлигини кўрсатади.  Буни чуқур ҳис этган ҳолда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси жамоалари ўз сиёсий иродасини намоён этишга, қатъий позициясини билдиришга, ташаббус, фидойилик кўрсатишга бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Зеро, ҳозирги синовли кунларда бир-биримизга елкадош бўлиш, бу бало-ю, офатга қарши ўз жонини таҳликага қўйиб бўлса-да, курашаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизни қўллаб-қувватлаш, юзага келган вазиятни кенг жамоатчиликка тўғри етказиш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Шунингдек, биз ҳукуматимиз томонидан яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, вилоят бўлинмаларимиз билан онлайн мулоқот қиляпмиз. Ҳудудларда карантин шароитида ННТларнинг мақсадли гуруҳлари ташкил этилган. У қандай гуруҳлар дерсиз. Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолиятида ЎзННТМА аъзолари ва барча ҳудудий координаторлари волонтёрлар сифатида иштирок этмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилган бўлиб, у ерда ЎзННТМАнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси ҳамкорликда ишламоқда. Ушбу фаолият ҳудудларда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Наманган, Бухоро, Жиззах, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд вилоятларида ННТ вакилларидан иборат онлайн гуруҳлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда. ННТларнинг мақсадли гуруҳлари – якка ёлғиз кишилар, қариялар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилаларнинг ҳолидан он-лайн хабар олиб, уларнинг эҳтиёжларини хайрия ёрдамларини мувофиқлаштириш марказларига онлайн етказиш ишлари билан шуғулланмоқдалар.

Масалан, Жиззах бўлинмасининг ташаббуси билан 300 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дори-дармонлар ва тиббий жиҳозлар хайрия тарзида етказилди. ЎзННТМА Бухоро вилояти бўлинмаси Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамда саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож жами 500дан ортиқ кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Биз барча белгиланган вазифаларни ҳам онлайн тарзда амалга ошириб келмоқдамиз. “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда “gujum.uz” электрон газетаси билан ҳамкорликда карантин даврида қатор онлайн акциялар амалга оширилиб, кенг ёритиб борилмоқда. Масалан, ҳамкорликда карантин даврини уйда қолиб, вақтини мутолага бағишлашга даъват этувчи “Эзгу ўйли болалар» танлови эълон қилинди.

«Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази, “Шарқ зиёкори” китоблар уйи ва ЎзННТМА ҳамкорлигида китобхон ёшлар танловининг биринчи босқичи якунларига бағишланган онлайн тадбир ўтказилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган материалларни доимий кузатиб бориб, уларга ўз муносабатини билдириб, яъни ННТларга тегишли бўлган ҳар бир материалга (постга) изоҳ берилмоқда, лайк ва репостлар қилинмоқда. ННТлар фаолиятига оид ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга ҳафта давомида 300дан ортиқ изоҳ (комментарий), лайк ва репостлар қилинган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлилий ўрганилмоқда ҳамда ЎзННТМА фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва уни такомиллаштириш масалаларига бағишланган илмий-услубий қўллама тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, Гулистон шаҳар Қизил ярим ой жамияти бўлинмаси ходимлари билан Гулистон шаҳридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда вилоят Тери таносил касалликлари шифохонаси диспансерида ниқоб, антисептик маҳсулотлари ва шахсий гигиенага оид буклетлардан 100 нафар беморларга тарқатилди.

ЎзННТМАнинг “Сирдарёга ННТлар ёрдами” акцияси эълон қилинди. У кўплаб ННТлар ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, акция доирасида асосан 3 турдаги ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган. Барча ННТлар унда фаол қатнашмоқда.

Бундай мисолларни кўплаб санаш мумкин. Энг асосийси, кўнгилда ишонч ва  хотиржамлик, сабр-қаноат бўлиши зарур. Аслида сабр  кўнгилда хотиржамлик туйғусини уйғотади.

Сабрлилик фаолиятида қаноат ҳам келажакка ишонч ҳам бўлади. Зеро, машҳур аллома, буюк ҳаким Ибн Сино “Сабр — шифонинг бошланишидир”, деб таъкидлаган сўзларида ҳикмат кўп. Аслида бу дунё ғурбат излаганга ғурбатдир, ҳикмат излаганга ҳикматдир. Азиз ватандошлар, ҳаммамизни доимо сабр қилиб, ҳикмат излаб яшашга даъват қиламан.

Насимжон Алимов, ЎзННТМА Кенгаши раиси

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.