ННТлар ваколатлари ва масъулияти янада ошади

0
66
марта кўрилган.

Айни ислоҳотлар даврида муҳим ўрин эгаллаётган дастурий ҳужжат, яъни Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қатор янги ғоялар ва ташаббуслар илгари сурилган ҳамда белгилаб берилган. Ушбу ғоя ва ташаббуслар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бардавомлиги ва изчиллигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мурожаатномада Президентимиз барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига қарата “демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир” деб таъкидладилар ҳамда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги устувор вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, ушбу ғояни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари зиммасига юкланган масъулиятни яна бир бор уқтириб “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади” деб таъкидладилар.

“Бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак.
 
Вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим. Шунинг учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш даркор” деб, қатъий вазифаларни белгилаб бердилар.
 
“Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак”лиги айтилди.
 
Мурожаатномада “Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш” таклиф қилинган эди. Мана орадан кўп вақт ўтмасдан Мурожаатномада белгиланган “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг жамоат ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон эълон қилинди.
 
Ушбу Фармонга кўра:
 
(1) давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш;
 
(2) фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш;
 
(3) аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, уларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталарига ва Ҳукуматга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиб бориш;
 
(4) илмий-эксперт гуруҳлари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ташаббус кўрсатиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;
 
(5) фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлар ини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тайёрлаш;
 
(6) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳамда мазкур масала бўйича жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш;
 
(7) давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, уларга услубий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатиш;
 
(8) қонун ижодкорлиги сифатини тубдан яхшилашга, жумладан, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта долзарб масалаларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, уларни жамоатчилик билан маслаҳатлашув ва эшитувлари асосида такомиллаштиришга кўмаклашиш;
 
(9) фуқaрoлaр, нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри вa oммaвий axбoрoт вoситaлaри вaкиллaри, блогерларни oммaвий axбoрoт вoситaлaридa сўз эркинлиги, фуқaрoлaрнинг axбoрoт олиш ва тaрқaтиш ҳуқуқини aмaлгa oшириш, ахборот эркинлиги кaфoлaтлaрини тaъминлaш бўйича муҳoкaмaларга жaлб этиш ҳамда мазкур масалаларга оид амалий таклифлар ишлаб чиқиш;
 
(10) жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалда жорий этиш;
 
(11) ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда, шунингдек, соҳаларда амалга оширилиши устидан жамоатчилик мониторингини ташкиллаштириш, уларни сифатли бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш, эришилган кўрсаткичлар, ижобий ўзгаришлар, мавжуд муаммолар тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматга мунтазам киритиб бориш;
 
(12) “халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш, жумладан, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, нодавлат нотижорат ташкилотларига халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш = каби 12та муҳим йўналиш Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
 
Фармонга кўра, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркиби қуйидаги тартибда шакллантирилади:
 
Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жамият ривожи, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон илм-фани, спорти, маданияти, иқтисодиёти ривожи, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари орасидан тайинланади;
 
Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси республика миқёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади;
 
Жамоатчилик палатасининг 14 нафар аъзоси ҳудудий жамоатчилик палаталари вакиллари бўлиб, улар лавозими бўйича ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ҳисобланади.
 
Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлади. Ҳудудий жамоатчилик палаталари таркиби жамоатчилик форумларида тавсия этилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталарининг тузилмалари белгиланган тартибда шакллантирилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларида Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади.
 
Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади.
 
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида, “Ҳукумат соати”да, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида иштирок этишга ҳақли ҳисобланади.
 
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Жамоатчилик палатасига кўриб чиқиш учун юборилади.
 
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга.
 
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари ҳар бир давлат органи, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик кенгашлари бундан мустасно) таркибларини шакллантиришда иштирок этади.
 
Давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.
 
Давлат органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари ишининг ташкил этилиши ва амалга оширилишида зарур шарт-шароитлар яратади ва ҳар томонлама кўмаклашади.
 
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлантириш, уларга ҳар томонлама услубий кўмак бериш ҳам янги палата фаолиятининг муҳим йўналишларидан бўлади.
 
Умуман олганда, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга кўра Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ваколатлари ва масъулияти ҳам янада оширилади. Биз, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, ушбу ваколатлардан самарали фойдаланган ҳолда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишда ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
 
Насимжон Алимов,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси Кенгаши раиси
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.