Янги Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1 270дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳуқуматнинг қарорлари қабул қилинди.
Жорий йилнинг март ойида имзоланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон ва “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори шулар жумласидандир.
Ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссияси ва Жамоат фонди вакиллари томонидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ва жамоат фонди, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллар учун тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар, “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонда белгиланган устувор йўналишлар, “Йўл харитаси”, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини жорий қилинганлиги ва унга кўра ҳар йили йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилиши юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Шу билан бирга, очиқлик индексини ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалиётга жорий қилиш бўйича адлия органларига вазифалар юклатилгани таъкидлаб ўтилди.
Йиғилиш давомида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиясининг 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”, шунингдек, комиссиянинг Ишчи гуруҳлар таркиби, давлат гранти ва 2022 йил учун давлат ижтимоий буюртмаси йўналишларини ишлаб чиқиш тўғрисида хамда ажратилган маблағларни давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси шаклида тақсимлаш ва маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағларни давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси шаклида ажратиш бўйича Низомларини ишлаб чиқиш бўйича маълумотлар бериб ўтилди.
Тадбир сўнгида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари томонидан ўзлари қизиқтирган саволларга жавоблар олинди.
Ҳ. ҚЎЧҚОРОВА