Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳаси жамоатчилик  муҳокамасида

0
307
марта кўрилган.

Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиз ҳаётидаги иштироки табора юксалмоқда.

2017-2021ларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар қаторида, бевосита фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, шу жумладан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарадорлигини таъминлашга эътибор берилган.

Республикамизда фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бораётганини қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий хужжатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2019 йил 4 октябрдадаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фикримиз далилидир.

Мазкур қарорда бевосита илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва шаклланган миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликни кодлаштириш ва тизимлаштириш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини тайёрлаш бўйича вазифалар белгилаб ўтилган эди.

Айни кунларда мазкур кодекс лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни умумлаштириш, бу борадаги ишларни таҳлил қилиш ҳамда соҳада мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш ва ихчамлаштириш мақсадида  Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон ННТ Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида барча вилоятларда тадбир ўтказилмоқда. Барча вилоятлар ўз ҳудудларидан келиб чиқиб таклифлар тақдим этишмокда.

Тадбирда республикамизда самарали меҳнат қилиб келаётган таниқли нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши аъзолари хам иштирок этишмоқда.   Келгусида ушбу таклиф ва мулоҳазалар республика миқёсидаги тадбирда кўриб чиқилади, умумлаштирилади.

Ҳаётхон ҚЎЧҚОРОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.