Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгашининг «Хотин-қизлар мурожаати: таҳлил ва муаммолар» мавзуидаги йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова, Уюшма қошидаги Журналист аёллар кенгаши раиси Феруза Одилова, Хотин-қизлар қўмитасининг Фуқаролар мурожаати билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исломова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, йиллар давомида йиғилган муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлаб, Журналист аёллар, хотин-қизлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, журналист аёллар кенгаши фаолиятини янада жонлантириш зарурлиги ҳақида сўз юритди.
Йиғилишда Хотин-қизлар томонидан қўмитага бўлаётган мурожаатлар, уларнинг кўриб чиқилиши, муржаатларда кўтарилган масалалар тегишли тартибда ҳал этилаётгани, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси тегишли ташкилотлар билан бирга хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолганларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, эрта никоҳ ва ажрашиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган аёлларнинг ижтимоий реабилитацияси бўйича ёрдам бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Хотин-қизлар қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, 2018 йилда ташкил этилган ишонч телефонига шу кунга қадар 12 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Бундан ташқари, жойларда 150 дан ортиқ Ижтимоий мослашув марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Қўмита ва ҳудудлардаги марказларга бўлаётган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб аёлларга зарур ёрдам кўрсатиляпти. Шунингдек, йиғилишда аксарият ҳолларда хотин-қизларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари ортидан катта муаммоларга дучор бўлаётганликни айтиб ўтилди. Бу борада хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий саводхонлик маданиятини янада юксалтиришга эътиборни кучайтириш, бунда оммавий ахборот воситалари фаоллигини янада ошириш кераклиги қайд этилди.
Бугунги кунда, республикада 60 га яқин оила, хотин-қизлар ҳаётига оид журнал ва газеталар фаолият юритяпти. “Оила ва жамият”, “Оила даврасида”, “Саодат”, “Бекажон”, “Суғдиёна”, “Леди”, “Тадбиркор аёл”, “Ўзбекойим” “gujum. uz”каби босма ва интернет нашрлар бу борада асосий минбар бўлиб келмоқда. Нашрларда аёллар мурожаати ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминлаш билан боғлиқ кўплаб материаллар чоп этиляпти. Бинобарин аёллар журналистикасини янада такомиллаштириш ва мавзуни чуқур таҳлил этиш журналистдан чуқур билим ҳамда тажрибани талаб этади. Анжуманда хотин-қизлар мурожаатларни ёритишга жиддий эътибор қаратилиши бўйича мутахассислар ўз тавсияларни билдирдилар.
Йиғилишда мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари ва Ўзбекистон Миллий университети талабалари иштирок этдилар.
Тадбир сўнгида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берилди.