Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир

0
1142
марта кўрилган.

 Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига  мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.

Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Фуқаролар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланадилар. Қонун билан ман этилган айрим ашёлардан ташқари ҳар қандай мол-мулк хусусий мулк бўлиши мумкин.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади.  Мол-мулкдан хўжалик усулида ва ўзгача усулда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, ҳосил ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишли бўлади. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

 Мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. У ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.  

Интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг эгалари ва тижорат сирининг эгалари қонунлар билан белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатлардан фойдаланади. Хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Мулкдорга мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш муддати белгиланишига йўл қўйилмайди. Барча мулкдорларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда тенг шароитлар таъминланади. Давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади: хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш; хусусий мулк ҳуқуқи бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш; битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш; давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш; хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши; бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш; зарарнинг ўрнини қоплаш; неустойка ундириш; маънавий зиённи қоплаш; хусусий мулк ҳуқуқи муносабатларини тартибга солишда қонун ҳужжатлари барқарорлигини таъминлаш; давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳужжатининг суд томонидан қўлланилмаслиги; мол-мулкнинг айрим турларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келганлигини, ўзгарганлигини ва бекор қилинганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш.

Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилишига йўл қўйилади. Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши усуллари ҳуқуқ бузилишига мутаносиб бўлиши ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасидан чиқиб кетмаслиги керак. Мулкдорларга хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан тенг шароитлар таъминланади.  Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишга давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмайди.  Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак.

Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага қеладиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади. Қонунга хилоф равишда хусусий мулк ҳуқуқини чеклашга ва (ёки) ундан маҳрум қилишга бевосита ёки билвосита қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

Номақбуллиги олдиндан маълум бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан ундан мол-мулкни, молиявий маблағларни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш тақиқланади. Мулкдорнинг хўжалик фаолиятига пировард натижада унинг мол-мулки тортиб олинишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ёхуд мулкдорни ўз мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қиладиган қонунга хилоф равишдаги аралашув тақиқланади.

Хусусий мулкка тажовуз қилиш қонунга биноан таъқиб қилинади. Мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув мол-мулкка қаратилган тақдирда, унинг олиб қўйилишига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Хусусий мулк бўлган мол-мулк национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади. Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли. Мазкур ҳуқуқни амалга оширишда давлат органлари мулкдорга кўмаклашиши шарт.

Хусусий мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонун қабул қилинган тақдирда, ушбу қонунни қабул қилиш натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан мол-мулкнинг бозор қиймати давлат томонидан тўла ҳажмда қопланади. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал этилади.

Хусусий мулк муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжати мулкдорнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштирган ёки мулкдорга қўшимча мажбуриятлар юклаган тақдирда, орқага қайтиш кучига эга эмас. Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.

Қуйидаги кўчар ва кўчмас мол-мулк давлат тасарруфидан чиқарилган ҳамда хусусийлаштирилган корхоналарнинг мол-мулки деб эътироф этилади (қонунга мувофиқ давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно): давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштирилган корхоналарда давлат мол-мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида аниқланмаган кўчар ва кўчмас мол-мулк; корхона ҳудудида жойлашган, давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берилган кўчар ва кўчмас мол-мулк.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади.  Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш қонунга мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

 Охирги беш-олти йил давомида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари, Вазирлар  Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг   жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ”ПФ-4848 сонли Фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсади белгиланди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин, деб кўрсатилгани бунинг яққол далилидир. 

А.ХАЙРУЛЛАЕВ, “Мадад”  нодавлат нотижорат ташкилотининг

Шайхонтоҳур тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси   

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.