Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида таъкидлаганларидек: “Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, биз бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларни бошладик. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар ташкил этмоқда.
Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.
Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.
Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди”.
“Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.
Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз.
Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди”.
Кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган. У умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
Узоқ асрлар давомида башарият минг-минглаб қоидалар ва низомлардан жамият учун асосийларини ва ўта муҳимларини танлаб олди. Айнан ана шу танлаб олинган қоидалар Конституциямиз яратилишига пойдевор бўлди. Конституцияда баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, ҳеч бир одам уларсиз яшай олмайди, негаки инсоннинг ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаолияти кўпинча мамлакат асосий қонунига киритилган қоидалар ва моддаларга боғлиқдир.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз олдига адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва халқни фаровон ҳаёт сари олиб бориш каби буюк мақсадларни қўйди.
Бош қомусимиз муқаддимасида инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик тантанали равишда эълон қилиниб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият англанган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён этилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўзланиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Шу мақсадларни кўзлаб қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугунги кунда мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда…
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунларга таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечими Конституциядир.
Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Конституциямизга таянган ҳолда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, давлатимиз чегаралари дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар эса Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бўлиб, Бош қомусимизда тажассум топган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизмидир.
Ҳар икки ҳужжатнинг замирида демократик қадриятларнинг устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш олий қадрият саналиши, ҳокимиятнинг манбаи эса фақатгина халқ эканлиги каби қоидалар турибди. Конституцияда ана шу тамойиллар концептуал жиҳатдан белгиланган бўлса, Ҳаракатлар стратегиясида концептуал нормалар ижросини таъминлашнинг изчил механизми кўрсатилган. Ушбу механизмлар эса, фармонда айтилганидек, ҳар йилги давлат дастурлари асосида такомиллашиб бораверади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида Муҳтарам Президентимиз “Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ” деб таъкидлаб, ушбу йўналишда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси учун ҳам муҳим вазифани белгилаб берган эдилар. Яъни, “Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир” деб таъкидлаб, шу ўринда Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига ҳам ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиш ва ташаббус кўрсатиш таклифини билдирдилар. Шунингдек, “Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам доимо жамоатчилик назоратида бўлиши даркор” дедилар.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлар жамоатчилик назоратининг асосий субъектларидан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назарда, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун ҳар бир фуқаро билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг ҳам фаол бўлишини таъминлашни конституциявий бурчимиз ва мажбуриятимиз деб биламиз.
Қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда барча соҳа вакиллари ҳамқадам бўлишимиз керак. Ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш асосий бурчимиздир.
Насимжон Алимов, ЎзННТМА Кенгаши раиси, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари