ЮКСАЛИШ-ДАВР ТАЛАБИ!

0
202
марта кўрилган.

“Учинчи сектор”  номини  олган фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистонда аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва  ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва унинг институтларини ислоҳ этиш ҳамда демократлаштириш, ривожлантириш жараёни такомиллашаётганидан далолат беради.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сонли Қарори, 4 март куни эса, “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар  Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий босқичида янги саҳифани очиб берди.

Юқоридаги Президент Фармони ва Қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) томонидан танлов асосида танлаб олинган 50 нафар энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқаруви” йўналиши бўйича ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсида таҳсил олдилар. Бу албатта, давлатимиз раҳбарининг нодавлат нотижорат ташкилотларига кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлигидир!

Ўқувларда тингловчиларга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги муҳим стратегик мақсад ва вазифалари тўғрисида тизимли ёндашувга асосланган тўлиқ умумкасбий билимларини шакллантириш, фаолиятига оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан таништириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришишда бошқарув компетенцияларини ривожлантириш бўйича зарурий билимлар берилди.

Ўқув курси охирида ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А.Ш.Бекмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.А.Акбарова, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси К.Н.Ишанходжаевлар битирувчиларни табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятларига омадлар тиладилар.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг сертификатлари ННТ раҳбарларига тантанали равишда топширилди.

Наргиза Ҳамрақулова, “Умрбоқий мерос” тарғибот маркази
матбуот котиби 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.