10 декабрь куни Ўзбекистон Давлати гимни қабул қилинган кун

0
808
марта кўрилган.

Мустақил Ўзбекистон аҳли учун 10 декабрь куни Давлат гимни қабул қилинган кун сифатида тарихга муҳрланган. Конституция шодиёналарига гимн қувончлари қўшилиб кетиши тасодиф эмас. Юртга баланд шуҳрату шукуҳ тилаб уюштирилган гўзал, эъзозли анъанадир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг ХI сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Худди шу сессияда 10 декабрь куни Мустақил республиканинг Давлат гимни ҳақидаги Қонун ҳам тасдиқланди.  Мана шунга йигирма беш йил бўляпти. Айни кунларда мамлакатимизда ушбу шодиёналар кенг нишонланмоқда.

Мутал Бурхонов мусиқаси, Абдулла Орипов шеъридан иборат гимн. халқимизнинг фахрига, ғурурига айланди. Зеро, “Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни, юксалтиришга хизмат қилади.  Уларнинг ҳар бири-катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”, дейди мамлакатимиз биринчи президенти И. Каримов. Бу айни ҳақиқат! Мамлакатимиз бош Қомуси ва гимни қабул қилинган ушбу сессияда депутат сифатида қатнашган болаларимнинг отаси, Республикада хизмат кўрсатган журналист Намоз Саъдуллаевнинг уйга қувонч билан кириб келганлигини ҳамон эслайман. У ҳаяжон билан шундай деган эди: ”Мустақиллик том маънода мустаҳкамланди. Кеча Конституциямиз қабул қилинган бўлса, бугун мадҳиямиз тарих саҳифаларига муҳрланди. Энди у мамлакатимизнинг рамзи сифатида жаҳон сиёсат майдонларида жаранглайди. Ватан мустақиллиги, тинчлиги, фаровонлиги, тараққиёти абадий бўлсин.  Энди ягона Ватан, ягона тақдирмиз” деган эди. Ва у завқ-шавқ билан Чўлпоннинг йиллар давомида таъқиқланган оловли шеърини жаранглатиб ўқиган эди.

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир

Халқ қўзғолса куч йўқдирким тўхтатсин,

Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Миллий ғурур, миллат ифтихори у кишини руҳлантирган эди. Миллий ғурур шундай кучли руҳий ҳолатки, у туфайли тарихий яхлитлик, тил, маданият, маънавият, иқтисодий ҳаёт ва келажак бирлиги миллат вакилларининг қалбида чуқур ўрин олиб,  миллий бирдамлик туйғусини уйғотади. Миллий бирдамлик эса етук ва мукаммал маънавий фазилат сифатида қадрланади.

Мустақил Ўзбекистон гимнининг мақсад-муддаоси мурғак жондаги шахсни уйғотиш, юксак ижтимоий мурод-мақсадлар мезонларига мувофиқ равишда камол топтиришдан иборатдир.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.