15 май – Халқаро оила куни!

0
1846
марта кўрилган.

Оила асрлар давомида шаклланиб келаётган жамиятимизнинг мустаҳкам пойдевори ва уни ҳаракатга келтирувчи қудратли куч ҳисобланади. Оиланинг ижтимоий-маънавий баркамоллиги эса давлат ва жамият фаровонлигининг асосий негизини ташкил этади.

“Оила – кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, юрт тинч бўлади”. Тинч оилаларда буюклар етишиб чиқади.  Жаҳон маданияти хазинасига ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий каби юзлаб алломаи замонлар, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби ватанпарвар қаҳрамонлар, бир қўлида фарзанд, бир қўлида маънавият бешигини тебратган Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Зебуннисобегим, Увайсий, Нодирабегим каби оқила, фозила момоларимиз, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир, Элбек каби миллат озодлиги курашчиларини дунёга келтирган, тарбиялаган ҳам ўзбек оиласидир.

Дарҳақиқат, илдизи бақувват, пойдевори мустаҳкам, авлод-аждодлари шаънини пок сақловчи, миллий қадриятлар, урф одатларимизни ўрганиб авлодларга етказувчи садоқатли оила хамиша мустаҳкамдир.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган.  

Оилада маънавий соғлом баркамол шахсни шакллантиришда китобнинг ўрни ниҳоятда каттадир. Китоб берган маънавий озуқани бирон бир восита бераолмайди.

Маълумки, китобга меҳр қўйган инсондан ёмонлик чиқмайди, бўш вақтини самарали ўтказади, теран фикрлайди, бадиий асарлардаги ижобий образлар таъсирида тарбияланади, салбий образлардан тегишли хулоса чиқаради. Шу боис ҳар бир шахс ўзини ўзи маънавий соғлом қилиб тарбиялаб боради.

15 май – Халқаро оилалар куни! Ушбу байрам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябридаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам жаҳон миқёсида кенг нишонланади. Халқаро оилалар куни муносабати билан Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот- кутубхона маркази ўз фойдаланувчиларига онлайн хизмат ташкил этган ҳолда  «Оилам- фахрим» номли акция эълон қилди.

Лойиҳани амалга оширишдан мақсад — ёшларда оила тушунчасини шакллантириш, катталарга ҳурмат,  кичикларга ғамҳўрлик қилишни ўргатиш, оила муносабатларида муомила одобини шакллантиришдан иборатдир.

Лойиҳа шартлари асосан ёшларимизни ўзини устида ишлашга, ижодий изланишга чорлайди. «Оилам – фахрим» мавзуида исталган кўринишда ўзларининг ижодий ишларини ҳавола қилиш билан кучли билими, иқтидорини намоён этишлари мумкин.  Бунда шеър,  қўшиқ,  оила ҳақида чизилган сурат ёки аппликация ишлари билан лойиҳада иштирок этишлари мумкин. Лойиҳа иштирокчилари ёши  чекланмаган.  @bilimaksiya_bot орқали ўзларининг ижод намуналарини фото ёки видеоролик кўринишида ҳавола қилиниб, марказимиз ходимлари томонидан яратилган ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали кенг китобхонлар оммасига тақдим этиб борилмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ. Энг муҳими, фарзандларимизда ёшлик чоғидан бошлаб китобга меҳр қўйиш, мустақил фикр юритиш, мураккаб ҳаётий вазиятларда тўғри жавоб топиш кўникмасини шакллантиришимиз, бунинг учун тегишли ташкилий ишларни амалга оширишимиз даркор”.

Ҳафиза КАРИМОВА, Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.