18 май – “Халқаро музейлар куни”  мамлакатимизда кенг нишонланмоқда

0
1376
марта кўрилган.

Музейлар аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, аждодлар ва авлодлар ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Шу билан бирга музейлар мамлакатнинг маданий қиёфасини кашф этишда ҳамда халқимизнинг  ўзлигини намоён қилишда катта аҳамиятга эга.

Ўз навбатида музейлар аждодларимиздан бизгача етиб келган маданий меросимизни асраб авайлаш, келажак авлодларга етказиш ҳамда меҳр- оқибат туйғуларини кучайтириш, мардлик, ҳалоллик, умуминсоний ва миллий қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, аждодларимиздан бизгача етиб келган номоддий маданий меросга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади

18 май – “Халқаро музейлар куни”  мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Республикамизнинг барча музейларида очиқ эшиклар куни ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Давлат табиат музейида ўтказилган очиқ эшиклар кунида Олмазор тумани маданият маркази билан ҳамкорликда марказнинг бадиий жамоаси концертлари ташкил этилди.

Шунингдек, жаҳоннинг энг яхши бадиий тўпламларидан бири И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат  санъат музейи тўпламидаги ноёб асарлар пойтахтдаги  Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида  намойиш этилмоқда.

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида эса  Амет Шамуратов ва Айимхон Шамуратовалар уй музейининг 20 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди. Мазкур музейда ҳам ёзувчи, шоир, драматург ва таржимон Амет Шамуратов ва унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Айимхон Шамуратоваларга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

 Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида байрам муносабати билан музейнинг барча бўлимлари томошабинларни қабул қилди. Очиқ эшиклар кунида эрта тонгдан мусиқа садолари янгради ва музейга  ташриф буюрувчилар билан гавжум бўлди. Барча меҳмонлар сўнги йилларда маданият, хусусан, музейлар соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар билан танишдилар.

Байрамона кайфият мамлакатимиздаги  барча музейларда  давом этмоқда.

Мавлуда  АСҚАРХЎЖАЕВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.